Дубай электр энергетика ва сув таъминоти бошқармаси (ДЕWА) АҚШдаги Экологик қурилиш кенгашидан 83 балл олган дунёдаги биринчи масжидни очди.
Islam.ru хабарига кўра, Ҳатта шаҳридаги масжид экологик хавфсизликнинг энг юқори стандартларига мувофиқ 600 дан ортиқ намозхонларни 1050 квадрат метр майдонга сиғдира олади.
"Барча лойиҳа ва ташаббусларимизда барқарорлик ва самарадорликнинг энг юқори стандартларига риоя қилишга интиламиз. Бу, вице-президент, бош вазир ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум томонидан бошланган 2040 йилгача бўлган даврда Дубай Бош ривожланиш режасига мувофиқ келади", - деди Саид Муҳаммад Ал Тайер, MD ва DEWA бош директори.
Масжид мажмуасида баландлиги 25 метр бўлган миноралар, автомобиллар ва мопедлар учун машиналар қўйиш жойи, зарядловчи станция, шунингдек, диний бинода "Қатъиятли одамлар" (People of Determination) учун барча шароитлар яратилган (Амирликлар "имконияти чекланган одамлар" сўзи ўрнига ногиронларни айнан шундай чақиришга қарор қилган).
Масжид электр энергияси ишлаб чиқариш учун қуёш панеллари, шунингдек, ишлатилган сувни тозалаш ва қайта ишлаш учун ускуналар билан жиҳозланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши уйида эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими? Агар жоиз бўлса, аёл қаерда туради?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар уйда эрлари ёки бошқа эркак маҳрамларига иқтидо қилган ҳолда жамоат бўлиб намоз ўқишлари жоиз бўлади. Бу борада аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қиладилар:
“Агар имом билан бир аёл намоз ўқимоқчи бўлса, унинг орқасида туради. Чунки аёлни эркак билан бир сафда ёнма-ён туриши эркакнинг намозини бузади. Агар имомдан ташқари бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак имомнинг ўнг томонига ва аёл эса, орқасида туради. Агар имомдан ташқари икки эркак ва битта аёл бўлса, икки эркак имомнинг орқасида ва битта аёл уларнинг орқасида туради. Агар эркаклар ва аёллар ҳамда ёш ўғил ва қиз болалар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, у ҳолда имомнинг орқасида дастлаб балоғатга етган эркаклар туради. Сўнг балоғатга етмаган ёш ўғил болалар, сўнг балоғатга етган аёллар, сўнг ёш қизлар турадилар” (“Бадоеус-саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази