Имом Кисоий ҳикоя қилади:
«Бир аёлни кўриб қолдим. У ўғилчасини илм ҳалқасига боришга ундарди. Болакай боришни истамай қочиб, югуриб юрарди. Шунда аёл: «Ўғилчам борақолгин, бўлмаса мана бу чўпонга ўхшаб қўй боқиб юраверасан», дея менга ишора қилди.
Шунда мен ўзимга-ўзим дедим: «Қара, сени билимсизлик ва жаҳолатга мисол сифатида, зарбулмасал кўрсатиляпсан!».
Кейин бўлса, Кисоий қўйларини бозорга олиб чиқиб сотдида, илм талабида сафарга чиқиб кетди. Ўша вақтда ёши қирқда эди.
Шоир қандай тўғри айтган:
Илмда ютуққа эришган у билан ҳамиша яшашда давом этади,
Инсонлар вафот этсаларда, илм аҳли ҳаёт бўлаверадилар.
Муҳаммад Ҳасан Деду дейди:
«Қачонки иймон қалбларга чуқур ўрнашар экан, бирон бир башарий қувватнинг унинг олдида тўсқинлик қила олиши имконсиздир. Ана, Фиръавннинг сеҳргарларининг қалблари қачонки иймон шароби ила қопланиб тўлгач, Фиръавнни дарахтга хочлаб осиш ёки қатл этиш ила кўрсатган таҳдидидан асло қўрқмадилар ва албатта дедилар: «Бас, нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат ҳаёти дунёда ҳукм чиқарасан, холос», (Тоҳа сураси, 72-оят).
Изоҳ: Фиръавн ўз қаричи билан ўлчар эди. У таҳдид, азоб-уқубат, қийнаш, чопиш-кесиш, ўлдириш билан одамларни измимда ушлаб тураман, деб хаёл қиларди. Аммо инсоннинг қалбига ҳақиқий иймон кирганида, унинг бу чоралари заррача ҳам таъсир қилмай қолишини англамасди. Унинг собиқ сеҳргарлари қалбига ана шундай иймон жо бўлган эди. Энди улар Фиръавннинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан қўрқмасдилар. «Улар: «Биз сени зинҳор ўзимизга келган очиқ-ойдин (мўъжиза)лардан ва бизни яратган зотдан устун қўймаймиз. Бас, нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат ҳаёти дунёда ҳукм чиқарасан, холос. Албатта, биз Роббимиз хатоларимизни ва сен бизни мажбур қилган сеҳрни мағфират қилиши учун иймон келтирдик. Аллоҳ яхши ва боқийдир», дедилар». (Тоҳа сураси, 72-73 оятлар) тафсиридан.
Манба: arabicuz
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир” (Нисо сураси, 106-оят).
Бу хитоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса-да, у зот орқали бутун умматга, уларнинг ҳар бир аъзоси ва ҳолатига йўналтирилгандир.
Тасаввур қилинг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шахсан сизга хитоб қилиб: «Аллоҳдан мағфират сўранг!» демоқда. Демак, истиғфорнинг шаъни улуғдир. Зеро, агар гуноҳлар бўлса, Аллоҳ уларни афв этади, агар гуноҳ бўлмаса, бу бандаликни изҳор қилиш ва даражаларнинг кўтарилишидир. Истиғфор ёмонликларга каффорат, ёки даражаларга юксалишдир.
Истиғфорнинг ҳам дунёда, ҳам охиратда ўз асарлари (натижалари) бор. Ривоят қилинишича, бир киши шайхнинг ҳузурига келиб, фарзанд кўрмаётганидан шикоят қилди. Шайх унга: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Бошқа биров келиб, ерларига ёмғир ёғмай, қурғоқчилик бўлаётганидан арз қилди. Унга ҳам: «Аллоҳга истиғфор айт», деди. Учинчи киши яна бошқа бир муаммо билан келганида, унга ҳам худди шу жавобни берди. Шунда одамлар: «Ҳамма дарднинг давоси истиғформи?» деб сўрашди. Шайх уларга Аллоҳ таолонинг ушбу оятларини тиловат қилиб берди:
«Бас, дедимки: «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта У ўта мағфиратлидир. У зот устингизга осмондан барака (ёмғирини) юборади. Ва сизга молу мулк, бола-чақа билан мадад беради ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни беради. Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг улуғворлигини (қўрқинчини) умид қилмайсиз?» (Нуҳ сураси, 10-13 оятлар).
Бу истиғфорнинг дунёвий, ҳис қилинадиган натижалари борлигига, шунингдек, қалб нури ва софлигига оид имоний таъсирлари ҳамда охиратдаги самараларига — Аллоҳнинг авфи, ёзиладиган ҳасанотлар ва ўчириладиган гуноҳларга далилдир: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади» (Ҳуд сураси, 114-оят). Шу билан банда Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратининг кенглигида бўлади.
Шу сабабдан ҳам истиғфор қалб нури ва дуолар ижобат бўлишининг омилларидан биридир. Истиғфор Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг доимий суннатларидан бўлган. Шунинг учун ҳам аҳлуллоҳлар (Аллоҳнинг дўстлари) бизни кундалик вазифамизни (вирдни) истиғфор билан бошлашга, ҳар куни эрталаб ва кечқурун юз мартадан истиғфор айтишга йўналтирадилар.
Ҳадиси шарифда келганидек: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар қандай ғамдан кушойиш, ҳар қандай торликдан чиқиш йўлини (махраж) беради ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради».
Демак, ким дунёни хоҳласа — истиғфор айтсин, ким охиратни хоҳласа — истиғфор айтсин!
Профессор, доктор Али Жума.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси