Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кишининг гўзаллиги унинг тилидан билинади” (Имом Ҳоким ривояти);
– “Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин!” (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти);
– “Ҳақиқий мусулмоннинг қўлидан ҳам, тилидан ҳам мусулмонлар озор кўришмайди” (Имом Муслим ривояти).
Сийрат китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кам гапиришлари, гапирганларида ҳам, бўлиб-бўлиб, аниқ сўзлашлари баён этилган. У зот алайҳиссаломнинг муборак юзларини кўрган бир саҳройи араб: “Гувоҳлик бераман, бу юз ёлғончиларники эмас”, деб Ислом динини қабул қилган. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқли инсон эдилар. Ул зот бизларни ҳам яхши хулқли бўлишга чақирганлар.
Ҳадисда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин”, дейилган (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Дунё ва охират учун фойдали сўзларни сўзлаб, фойдасиз гаплардан тийилиш фақат яхшилик келтиради. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериши гуноҳкор бўлишига кифоядир”, деганлар.
Одам бир гапни айтишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Агар айтмоқчи бўлган сўзи яхши бўлса, савоб келтирса, гапиргани тузук. Бордию айтмоқчи бўлгани ёмонликларни қўзғайдиган, яхшиликка шубҳа уйғотадиган бўлса, тилини тийсин. Одам ҳар бир гапи учун жавоб беради. Оғиздан чиққан ҳар бир сўз гапирувчининг фойдасига ёки зарарига хизмат қилади. Ўйламасдан айтилган сўз билан яқин дўст гоҳо душманга айланиб қолиши мумкин.
Манба: islom.uz
Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир” (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).
Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир” (Нур сураси, 19-оят).
Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда “Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)”, деган қоидани унутмаслик керак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур” (Ёсин сураси, 65-оят).
Имом Шофиъий айтадилар: “Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.
Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.
Аллоҳ таоло шунга буюради: “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.
Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: “Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.
Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: “Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.
Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД