بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ
ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ!
Муҳтарам азизлар! Юртимизда истиқлол байрами тантаналари давом этмоқда. Алҳамдулиллоҳ, байрамни оилаларимиз даврасида, ёр-дўстлар билан тинчлик ва хотиржамликда нишонлаяпмиз. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).
Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар сулҳ-муроса, тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Мусулмонлар учун энг афзал амал ҳақида келган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссаломдан сўрадилар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мусулмонларнинг афзали қайси киши?”. У зот алайҳиссалом: “Қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).
Муҳтарам жамоат! Мана юртимиз истиқлолига 30 йил бўлди. Албатта юртимизнинг истиқлоли ва тараққиётининг негизида тинчлик-тотувлик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик ётади. Ушбу ютуқларга эришиш ўзига яраша машаққат, қийинчилик, сабр ва матонат талаб этади. Умид қиламизки, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиб бораверади. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига бир қийинчилик ортидан албатта, енгиллик келишини баён қилиб, шундай деган:
فَإِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا. إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا
яъни: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз албатта, бир қийинчиликдан кейин икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда шундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
أبْشِرُوا أتاكُمُ اليُسْرُ، لَنْ يَغْلِبَ عُسْرٌ يُسْرَيْنِ
яъни: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (“Тафсири Табарий”).
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин.
Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин! Омин!
Илова: Муҳтарам имом-домла! Раҳбариятнинг топшириғига кўра, “Ёшларни ижтимоий иллатлардан сақлайлик!” жума тезиси кейинга қолдирилди ва унинг ўрнига “Тинчлик ва хотиржамлик – улуғ неъмат!” мавзуси тасдиқланди. Ушбу мавзуни янада бойитиб, атрофлича ўрганиб, жамоатга тасирчан услубда етказишингизни сўраймиз!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД