Аллоҳ таоло инсонни табиатан маданий, жамоавий ҳаётга мойил ва бошқалар билан ўзаро мулоқот қилиб яшайдиган ҳолда яратди. Шу боис барчамиз бошқалар билан мулоқот қилишга, улар билан фикрлашишга ва жамоавий яшашга муҳтожмиз. Одам фарзанди учун кимлар билан яшаши катта аҳамият касб этганидек, қаерда яшаши ҳам муҳим ҳисобланади.
Одатда, барчамиз ўзимиз туғилиб-ўсган жойни яхши кўрамиз, қадрлаймиз. Маҳалламизнинг нафақат одамлари, ҳатто йўллари, уйлари, ариқлари – хуллас ҳамма нарсаси азиз. Яқинда бир танишим “дом”ини сотиб, ҳовлига кўчиб ўтди. Уй бекаси “дом”дан кўра яхшироқ масканга кўчиб ўтишига қарамасдан, қадрдон бошпанасидан айрилаётгани учун йиғлабди. Ҳатто унда-бунда “дом”и олдидан ўтиб қолса, турмуш ўртоғига бир кўриб ўтишни илтимос қилар экан.
Инсон ўзи яшайдиган жойини яхши кўради, севади. Ўз ерини, уй-жойини қадрлайди ва уни ҳимоя қилади. Чунки у жойларда унинг яхши кунлари, қувноқ ёшлиги, ота-боболарининг хотиралари ва ўз фарзандларининг жарангдор кулгилари яққол намоён бўлиб туради. Бу жой ВАТАН дейилади. Инсон ватанини севиши, унга муҳаббат қўйиши унинг табиатида бор.
Хўш, Ватанни севиш, уни ардоқлаш ва ҳимоя қилиш ҳақида муқаддас динимизда дейлган?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дея Макка шаҳридан чиқиб кетаётганларида марҳамат қилган эканлар (Имом Термизий ривояти).
Ватаннинг ҳавоси, суви, тупроғи – барча-барчаси шифо. Аждодларимиз узоқ йўл босиб келган меҳмонга дастлаб қатиқ бергани боиси шуки, аввало, қатиқ чарчоқни олади, қолаверса, мусофирнинг юртга мослашишида асқотар экан.
Набий алайҳиссалом бирор киши бетоблигидан шикоят қилиб келса, бармоқларини муборак сўлаклари билан ҳўллаб, сўнгра тупроққа суриб, касалга суртиб дам солганлар. Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қачон бир инсоннинг тоби қочса ёки ярами, жароҳатми пайдо бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: “Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина” (яъни, Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг тупуги ила. Раббимизнинг изни ила бемор шифо топсин), дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Инсон ўзи яхши кўрган нарсасини ҳидласа ҳам шифо бўлади. Шунинг учун яхши кўришганлар бир-бирлари билан кўришишлари даво турларидан ҳисобланади. Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом соғинчида кўзлари ожиз бўлиб қолди. Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларини бошларига ташлаганларида кўрмай қолган кўзлари шифо топди.
Иброҳим Халилуллоҳ ватанлари Маккаи мукаррамa учун дуо қилган: «Иброҳимнинг: “Раббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла...» (Бақара сураси, 126-оят).
Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари қалбларидан тошиб чиққан муҳаббат эди. Маккага тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидандир. У иккиси ёки бири топилмаса, бахт-саодат йўқолади.
Аждодларимиз қадимдан ўз Ватанига муҳаббати туфайли бошқалардан ажралиб турган. Широқнинг қаҳрамонлигини Ватан муҳаббатидан бошқа нима дея оламиз? Ўз жонини Ватан учун фидо қилишдан ҳам ортиқ иш борми?!
Буюк бобомиз, халқимиз фахри Амир Темурдек зот ҳаётининг мазмуни, бетакрор фаолияти ва ҳайратомуз ишларининг асосида Ватан озодлиги, Ватанга муҳаббат деган олий қадриятлар ўз аксини топган.
Аллоҳ таоло шу азиз Ватаннининг муҳаббатини барчамизнинг қалбимизга жой айласин! Шу жаннатмонанд диёримизнинг мустақиллигини абадий қилсин! Турли офат, бало-қазолардан асрасин!
Мустақиллик байрами муборак бўлсин!
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Динимизда баъзи амаллар борки, уларга ҳажнинг савоби берилади. Албатта, ҳеч бир амал ҳаж ибодатининг ўрнини боса олмайди. Лекин Аллоҳнинг раҳмати ва фазли кенг. Ўзининг розилигини топиш имконият ва йўлларини бандаларига осон қилиб қўйган.
1. Масжидга таҳорат олган ҳолда бориш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким фарз намозни ўқиш учун таҳорат олган (пок) ҳолда (масжидга) чиқса, унинг ажри эҳромдаги ҳожининг савобига тенгдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Зуҳо намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
3. Ота-онанинг юзига қараш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Она-отасининг юзига раҳмат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзилади”, дедилар. “Кунда минг марта боқса ҳам шундайми?” деб сўрадилар. “Кунда юз минг марта боқса ҳам”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Илмга интилиш.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки эрта билан масжидга фақатгина илм ўргангани ёки ўргатгани борса, унга тўлиқ ҳаж амалининг савоби берилади” (Имом Табароний ривояти).
5. Яхши ният қилиш.
Узун ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “....Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади...” (Имом Термизий ривояти).
6. Ота-онанинг розилигини топиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодда иштирок этишни истайман, лекин бунга ҳеч қодир бўла олмаяпман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” деб сўрадилар.
У: “Онам ҳаёт”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борасида Аллоҳдан қўрқ (яъни унга яхшилик қил). Шундай қилсанг ҳаж, умра ва жиҳод қилувчи бўласан...” (Имом Байҳақий ривояти).
7. Шом намозини жамоат билан адо этиш.
Уқба ибн Абдулғофир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шом намозини жамоат билан ўқиш ҳажга, бомдодни ўқиш эса умра намозига тенгдир”.
8. Қурбон ҳайити намозини адо этиш.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. Саҳоба Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рамазон ҳайити намозига қатнашнинг ажри (савоби) умранинг ажри билан баробардир. Қурбон ҳайити намозига бориш эса ҳаж савобига тенгдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД