Инсон қилаётган ишларининг қандай натижа бериши, авваламбор қалбидаги ниятига боғлиқ. Яхши ният қилган бўлса, яхшиликка, ёмон ният қилган бўлса, ўша мақсадга етади. Ниятни холис қилиш учун, кишининг қалби пок маънавий иллатлардан холи бўлиши лозим. Инсон қалбининг поклиги уни эзгуликлар сари етаклайди. Инсон хар доим хар сохада, хар бир пок ва халол ишда ниятини яхшилаши лозим.
Аллох буюрган амални У Зот розилиги учун бажаришга қалбни фориғ қилиш ниятдир. Амалларнинг тўғри бажарилиши, мукаммаллиги, савобининг тўкис бўлиши ният ва ихлос билан чамбарчас боғлиқ. Қилинаётган амаллар Аллоҳ учунми ёки бошқа мақсадда қилиняптими, банданинг ибодатга муносабати, Парвардигорига хурмати қанчалик баланд экани унинг ниятидан маълум бўлади. Яхши ният ва эзгу амаллар ўз эгасини жаннат сари етакловчи амаллардандир. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади.
Умар ибн Хаттоб (р.а) ривоят қилади: “Мен Расулуллох (с.а.в): Албатта амаллар ниятга боғлиқ. Хар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади”, деб айтганларини эшитганман, дедилар. (Бухорий, муслим ривояти).
Солиҳ салафлардан бири дедилар: “Мен хар бир нарсада ниятим бўлишини жуда хам яхши кўраман. Хатто таом ейиш, сув ичиш, фойдали ишларни қилишда ниятим бўлишини истайман. Буларнинг барчасида Аллох таолога қурбатни қасд этиш мумкин бўлади, зеро тананинг соғлом, қалбининг фориғ бўлиш сабабларини келтириш диннинг муҳим талабларидан хисобланади. Ким таом танавул қилишдан ибодатга кувват бўлишини, ўйланишдан динининг мустаҳкамлашини, аҳли қалбини поклашни ва ўзидан кейин Аллоҳ таолога ибодат этадиган фарзанд ато этилишини ният қилса, барча ниятларига яраша савоб олади. Қиладиган амалингиздан олдин ниятингизни тўғри ва яхши қилинг. Яхшиликни ният қилинг! Уни амалга ошира олмасангиз хам, уни доимо бажараётган бўласиз. Агар амал бўлмаса хам, ният амал қилган бўлади. Чиндан хам бир киши кечаси туриб нафл намозини ўқишга ният қилди, аммо ухлаб қолди, унинг номаи аъмолига ният қилган амалининг савоби ёзилади, гарчи уни бажара олмаса хам ”.
Бу хикматли дунёда хар бир инсон, покиза қалб соф ақидага эга бўлиши ва хар бир қиладиган ишидан олдин ниятини яхши қилиши ва шу нияти орқали икки дунё бахт-саодатига эришиши мухимдир.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийул тумани
“Имом Султон” жоме масжиди Имом хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм”дир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: “Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин”, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: “Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди”, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.
Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.
“Руҳий тарбия” китоби асосида тайёрланди