Ҳар бир амалнинг маълум бир қоидалари бўлганидек, тирноқ олишнинг ҳам ўз тартиби бор. Инсон тирноқларини олиб юриши лозим. Чунки тирноқ орасига ҳар хил кир-ифлосликлар кириб қолиб инсон соғлигига зарар етказади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу анҳу ўн беш аср илгари: “Тирноқларингни олиб юринглар, Шайтон бармоқ учи ва тирноқларинг орасига ўз уруғини қўяди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Шайтоннинг уруғи – тирноқ учидаги қорайиб турган кирлардир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шайтон уруғи деб ҳозирги тиббиёт тили билан айтганда, зарарли вирус, бактерияларни айтганлар. Тирноқ олишимиз билан соғлигимиз учун зарарли бактериялардан қутиламиз. Шу сабаб Ислом дини тирноқларни олиб юришга тарғиб қилади.
Динимизда тирноқ олиш суннат амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий марҳум Усмонхон Алимов ҳазратлари бундай ёзганлар: “Тирноқ олиш суннат амаллардан. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам мўйлабни қисқартиришга, тирноқ, қўлтиқ ва киндик таги тукларни олишга буюрганлар.
“Туҳатул ахбор” китобида тирноқ олиш тартиблари бундай баён қилинган: “Тирноқ олиш ўнг қўл кўрсаткич бармоғидан бошлаб бош жимжилоғигача олинади. Сўнг чап қўл жимжилоғидан бошлаб бош бармоғи тирноғини олиб, охирида ўнг қўлнинг бош бармоғи тирноғи олинади. Бошқача кўрсатилган йўллари ҳам бор,оёқ тирноқлари ўнг оёқ жимжилоғидан бошланиб, чап оёқ жимжилоғида тугатилади”. Яъни, ўнг қўлда бошлаган тирноқ олиш яна ўнг қўлга келиб тугайди. Оёқ тирноқлари эса ўнгдан бошланиб, чапида тугайди.
“Аврод”нинг шарҳида: “Кундузи ёки тунда хоҳ шанба, хоҳ якшанба бўлсин, тирноқ олинаверади, яхши иш ортга сурилмайди. Кунлардан ирим қилиш-бидъатчининг иши” , дейилган. Тирноқни тиш билан олиш мумкин эмас. Тирноқ ерга кўмилади. Жунуб киши ғусл қилмасдан олдин соч ёки тирноқ олиши макруҳ бўлади.
Динимизда қўлтиқ ва киндик ости туклардан покланишга тарғиб қилади. У қўлтиқ ва киндик ости тукларини ўстириб юришни нопоклик ҳисоблайди. Инсон қўлтиқ ва киндик ости тукларини олиш билан вужудий покланади. Киндик ости тукларни киндикдан бошлаб олинади. Бу жойларда тук олинмаса, у ерда кир тўпланиб қўланса ҳид тарқатади. Ёки тери касаллигини келтириб чиқаради. Қўлтиқ ва киндик ости тукларини ҳар 15 кунда олинади. Уларни 40 кундан ўтказиб, олмай юриш макруҳдир. Шу сабабли Ислом дини мўйловларни қисқартириш, тиноқларни олиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларни тозалаш, хатна қилдириш, мисвок тутиш каби ишларга тарғиб қилади” ( Ислом нури газетаси. 2012 йил 15-январ. 1-сон. ).
Тирноқ ва соч толаларини ерга кўмиш фазилатли амал ҳисобланади. Бу ҳақда Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бундай ҳикоя қиладилар: “Макканинг йўлида соч оладиган сартарош мендан учта хато топди. Хатолардан бири соч олдиришда юзимни қиблага қараб турмаганим, иккинчиси эса соч олдирарда ўнг томонимни тутмаганим ва учинчиси эса сочимни олинганларини ерга кўмишга ҳаракат қилмай кетаётганим бўлди”.
Соч ва тирноқларни ерга кўмиш ҳақида ота-боболаримизнинг қадимий китоби “Чор китоб”да бундай дейилади: “Олинган тирноқ ва қирқилган соч ва ҳайз хирқаси ва тушган тиш ва фасод қони ва шунга ўхшаганлар одам аъзосининг жузъий қисмлари бўлгани учун ( кўмилмоғи) дафн қилинмоғи талаб этилур.
Бу ҳақда “ Чор китоб” да бундай шеър берилади:
Етти нарса бордур инсон танида,
Расулдан меросдур уларни кўммоқ.
Гўдак туғилганда ўралган парда,
Ул неки хатна зиёда ҳар чоқ.
Нифосдан ул лаҳза ҳайз ҳирқаси,
Сочу тиш, тирноғу қонгача мутлоқ”.
Қўл тирноқлари ҳар ҳафтада, оёқ тирноқлари эса 12-15 кунларда олинади. Тирноқларни олиб юриш инсон поклиги ва соғлиги учун фойдали ишлардан ҳисобланади.
Руҳиддин Акбаров,
Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзанд — Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан биридир. У нафақат қувонч ва бахт манбаи, балки ота-она зиммасидаги катта масъулият ҳамдир. Фарзанд тарбияси Ислом динида ибодат даражасидаги муқаддас вазифа ҳисобланади. Чунки бугунги тарбия эртанги жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Солиҳ фарзанд — ота-онага дунёда ҳам шараф, охиратда ҳам нажот топишига сабабидир.
Фарзанд тарбиясида ота она ва устозлар бир ёқадан бош чиқариб фарзандлар келажакда буюк инсонлардан бўлиб улгайишлари учун этиборлар масулиятларини кучайтиришлари керак шунда кутилган орзу ва қилинган нийятларга эришилади. эришилади.
Фарзанд — омонат
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Ўзларингизни ва оилаларингизни дўзах оловидан сақлангиз!” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу оят ота-онага улкан вазифани юклайди. Яъни, фарзандни фақат едириб-ичириш эмас, балки уни иймонли, одобли, ҳалол ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш ҳам ота-онанинг бурчидир.
Бугунги кунда айрим ота-оналар фарзандининг кийими, овқати, ўқиши ҳақида қайғуради, аммо унинг қалби, одоби, намози ва дўстлари ҳақида етарлича эътибор бермайди. Ҳолбуки ота онадан фарзандлари учун қоладиган энг катта мерос — бойлик эмас, чиройли тарбиядир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбия ҳақидаги биз умматларига қилган насиҳатларини эслаймиз.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ ҳадя бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, фарзандга қимматбаҳо уй ёки мол-дунё эмас, балки гўзал ахлоқ бериш энг катта бойликдир.
Яна бир ҳадисда: “Барчангиз масъулсиз ва қўл остингиздагилардан сўраласиз” деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Демак, ота ҳам, она ҳам фарзанди тарбияси учун Аллоҳ ҳузурида жавоб беради.
Тарбия оиладан бошланади
Фарзанд энг аввало ота-онанинг феъл-атворидан таъсирланади. Уйда ёлғон гапирилса, фарзанд ҳам ёлғончи бўлади. Уйда ҳурмат бўлса, фарзанд ҳам одобли бўлиб улғаяди. Ота-онанинг ҳар бир амали болага дарсдир.
Шунинг учун:
Ота ҳалол ризқ топиши;
Она иффати ва одоби билан намуна бўлиши;
Оилада намоз, Қуръон ва яхши муҳит бўлиши;
Фарзандга меҳр билан насиҳат қилиниши жуда муҳимдир.
Қаттиққўллик ёки фақат койиш билан эмас, меҳр ва ҳикмат билан қилинган тарбия самарали бўлади.
Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳати ва тарбиясини Аллоҳ таоло қуронда баён қилиниш фарзанд тарбияси нақадар масулиятли вазифалигини билиб олсак бўлади: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирма. Албатта ширк катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Бу оятда аввало ақида ва иймон тарбияси биринчи ўринга қўйилганини кўрамиз. Фарзандга энг аввало Аллоҳни танитиш, ҳалол-ҳаромни ўргатиш лозим.
Фарзанд тарбиясидаги энг катта хатолар
Бугунги даврда айрим ота-оналар:
Фарзандини телефон ва интернетга топшириб қўймоқда;
Унинг дўстлари ва муҳитини назорат қилмаяпти;
Диний тарбияга эътиборсизлик қилмоқда;
“Катта бўлса ўзи ўрганади”, деб бепарво бўлмоқда.
Аммо ёш ниҳол қандай эгилса, катта дарахт ҳам шундай шакл олади. Кичикликда берилган тарбия умр бўйи таъсир қилади.
Солиҳ фарзанд — ота-онага садақаи жория бўлади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон вафот этса, уч нарсадан бошқа амали узилади: садақаи жория, фойдали илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд" (Имом Муслим ривояти).
Демак, яхши тарбия топган фарзанд ота-онасининг вафотидан кейин ҳам уларга савоб етказиб туради.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида айтиб ўтмоқчимиз
Фарзанд тарбияси — энг улуғ ва энг масъулиятли вазифадир. Ота-она фарзандига нафақат дунёвий таълим, балки иймон, одоб, ҳаё, ватанпарварлик ва инсонийликни ҳам ўргатиши керак. Чунки бугунги фарзанд — эртанги ота-она, устоз ва жамият эгасидир.
Аллоҳ таоло барча ота-оналарга фарзандларини солиҳ, илмли, одобли қилиб тарбиялашда тавфиқ ато эцин. Фарзандларимизни динига, ватанига ва ота-онасига садоқатли инсонлардан бўлиб улгайишларини насиб этсин.
Муҳаммадшокир Бобохўжаев,
Норин туманидаги “Умархўжа эшон” жоме масжиди имом-хатиби