بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين، والصلاة والسلام على خاتم النبيين، وعلى إخوانه الأنبياء والمرسلين، وعلى آله وصحبه أجمعين، أَمَّا بَعْدُ
ИСЛОМДА БИРОДАРЛИК ВА ЎЗАРО ҲАМЖИҲАТЛИК
Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом динимиз бизни тинч-тотув, ўзаро аҳл-иноқ, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
яъни: “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида бундай деганлар:
المُسْلِمُ أخُو المُسْلِمِ
(رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)
яъни: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, мўмин-мусулмонлар бир-бирларига ака-ука ва биродар бўлганларидан кейин, улар ўрталарида ўзаро риоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифалар мавжуд. Қуйида улардан энг долзарбларини баён қиламиз:
Биринчидан, мўмин мўминга кўзгу бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
المؤمنُ مرآةُ المؤمنِ
(رواه الإمام أبو داود عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Демак, мўмин киши биродари учун кўзгу вазифасини бажариб, уни билиб-билмасдан қилган саҳву хатоларини чиройли йўллар билан кўрсатиб, унга насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ
яъни: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба сураси 71-оят).
Шунингдек, мўмин киши ҳадиси шарифларда айтилганидек, энг аввало кечиримли, ширин сўз, очиқ чеҳрали, ҳусни хулқли бўлади.
Иккинчидан, мўмин киши тилини ўзгаларни ғийбати ва обрўсини тўкишдан тийиши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
إِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَرْفَعُهُ اللَّهُ بِهَا دَرَجَاتٍ، وَإِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ
(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан Аллоҳ уни жаҳаннамга тушуради” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, киши нима гапираётганига эътибор қилиши ҳамда ўзгалар ҳақида сўзлаш ва фикр билдиришда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар тилларига эрк бериб, ёлғон ва бўҳтонларни тарқатмоқда. Бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда авж олган. Натижада, киши ўзини мусулмон биродарини ғийбат қилади, обрўсини тўкади ва ояту ҳадисларда айтилган азобу уқубатга гирифтор бўлади. Энг ачинарлиси, баъзилар аҳли илм ва олим кишиларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкади. Ҳофиз Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
... أن من أطلق لسانه في العلماء بالثلب بلاه الله قبل موته بموت القلب
яъни: “Ким уламоларнинг обрўсини тўкиш борасида тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбини ўлдириб қўйиш билан жазолайди”.
Учинчидан, мўмин кишининг қалби бошқаларга нисбатан ҳасад, гина ва адоватдан холи бўлиши лозим. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай деганлар:
لا تَحَاسَدُوا وَلا تَنَاجَشُوا وَلا تَبَاغَضُوا وَلا تَدَابَرُوا وَلا يَبِعْ بَعْضُكُمْ عَلَى بَيْعِ بَعْضٍ وَكُونُوا عِبَادَ اللَّهِ إِخْوَانًا الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ وَلا يَخْذُلُهُ وَلا يَحْقِرُهُ، التَّقْوَى هَاهُنَا - وَيُشِيرُ إِلَى صَدْرِهِ ثَلاثَ مَرَّاتٍ - بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنْ الشَّرِّ أَنْ يَحْقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ دَمُهُ وَمَالُهُ وَعِرْضُهُ
(رواه الإمام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, таножуш қилманглар (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), бир-бирингизга адоват қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин, ўзаро биродар бўлинг, эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, уни камситмайди. Тақво мана бу ерда – муборак қалбларига ишора қилиб, уч марта шундай дедилар. Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва номуси мусулмонга ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, мўминнинг қалби бошқаларга нисбатан соф ва ҳар қандай ғиллу-ғашдан холи бўлиши керак.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромлардан бирларига уч марта Жаннатни башоратини бердилар. Шунда, Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу у кишини уйларида меҳмон бўлиб, уч кун амалларини кузатдилар. Лекин ҳеч қандай ортиқча амални кўрмадилар. Кейин, у саҳобадан Абдуллоҳ ибн Амр: “Қайси амалингиз туфайли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага эришгансиз?” – деб сўрадилар. У зот: “Сиз кўрганингиздан бошқа нарса йўқ. Лекин кўнглимда бирор мусулмонга нисбатан ғиллу ғашлик сақламайман ва Аллоҳ унга берган нарсага ҳасад қилмайман”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ҳа, мана шу нарса сизни ушбу даражага олиб чиққан экан”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи фуқаролар, айниқса ўспирин ёшлар ўзини мусулмон биродарига душманчилик ёки жоҳиллик қилиб, ҳар хил совуқ қуроллар билан бир-бирини жонига қасд қилмоқда ёки тан жароҳатлари етказмоқда. Ваҳоланки, мусулмон бошқа мусулмонга қурол билан ҳамла қилиши ёки қурол кўтариши асло мумкин эмас ва динимиз буни қаттиқ қоралайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
مَن حَمَلَ عليْنا السِّلاحَ فليسَ مِنَّا
(رواه الإمام البخاري عن عبد الله بن عمر رضي الله عنه)
яъни: “Ким бизга қурол кўтарса, у – биздан эмас” (Имом Бухорий ривоятлари). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бирортангиз биродарига қурол ўқталмасин! Зеро, у билмайдики, Шайтон қуролни унинг қўлидан чиқариб юборса, у Дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бировга қурол ўқталиш дейилганда, фақатгина ўқотар қуролни тушунмаслик керак, балки барча турдаги тиғли буюмлар ҳам шундай қурол қаторига киради.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жанжаллашган икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилганга ҳам жуда катта ажру мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:
ألا أخبرُكُم بأفضلَ من دَرجةِ الصِّيامِ والصَّلاةِ والصَّدَقةِ قالوا بلَى قال إصلاحُ ذاتِ البينِ
(رواه الإمام الترمذي عن أبي الدرداء رضي الله عنه)
яъни: “Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ амални хабарини берайми? Шунда саҳобалар: “Ҳа”, – дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ўртани ислоҳ қилиш”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Тўртинчидан, мўмин киши ўзгани ҳожатини чиқарадиган ва мушкилини аритишда ёрдамчи бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга энг севимли банда – одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир! Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзини узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир! Мусулмон биродаримни ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини Қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган Кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди”, – дедилар (Имом Табароний ривоятлари).
Агар Аллоҳ таоло сизни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу сиз учун – катта бахт ва улкан шарафдир.
Бешинчидан, мўмин киши ўзгаларни айбини ошкор қилмаслиги лозим. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши бошқа биродарининг айбини қидириб юриб, уни ўзгаларга ошкор қилиши асло мумкин эмас. Чунки банда хатокор, ҳеч ким айб иш қилишдан холи эмас. Бунинг устига айб иш қилган киши тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг наздида гуноҳидан покланган бўлса, уни ноҳақ айблаш бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, киши ўзгани айбини кўрганда, уни яшириши ва унга насиҳат қилиши – ҳақиқий мўминлик вазифасидир.
Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи кимсалар бировларнинг ўзларига хос, бошқага маълум қилиши мумкин бўлмаган суратлари, видео ёки маълумотларини бошқаларга ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилмоқдалар. Мақсади – маълумот эгасини айбини ошкор қилиб, шарманда қилишдир. Мана шундай ҳолатда бир мусулмоннинг обрўсини тўкиш асло мусулмончиликка тўғри келмайди. Эълон қилувчини юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек, бу дунёни ўзида Аллоҳ шарманда қилади ва Қиёмат кунидаги аҳволи эса жуда оғир бўлади.
Азиз юртдошлар! Маълумки, Ватанимиз мустақиллигига 30 йил бўлди. Бу давр мобайнида барча соҳаларда кўплаб катта-катта ислоҳотлар ва янгиликлар бўлди ва бўлмоқда. Мана шундай Ватанимиз равнақи йўлида жон куйдириб ҳаракат қилаётган барча соҳа раҳбару ходимларини хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!
Азизлар! Инсон қаерда туғилиб ўсса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли макондир.
Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Чунки кўриб турганимиз каби қўшни давлатларимиз ва Шарқ давлатларида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Уруш ҳаракатлари, қон тўкилишлар давом этмоқда. У ерларда одамларнинг жони хавфда, қочқинлар кўпайган ва улар борган жойларида ҳам оғир шароитларда яшамоқдалар. Биз мусулмон юртларда тинчлик хотиржамлик бўлиши тарафдоримиз ва шуни чин дилдан хоҳлаймиз. Бу хоҳишни рўёбга чиқаришнинг аввалги чораси – ўз юртимизда тинчликни асраб авайлашдир. Бемалол дин-диёнатимизга амал қилаётган, шариатимиз шиорлари барпо бўлиб турганда, ношукрлик қилмаслик, турли бузғунчи тарғиботларга учмаслик, билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир. Шу кунларда ҳам Ватанни, ота-онасини ташлаб, жангари тўдалар йиғилган жойларга чиқиб кетаётганлар учраб турибди. Уларнинг деярли ҳаммаси қилган ишига пушаймон бўлади, лекин сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, изига қайтишга имкон тополмай, хору зор бўлмоқда. Шу сабабдан, ёшларимизни турли алдовлардан сақлаш мақсадида ва юртимиздан бошқа юртга ҳижрат қилишга ҳеч қандай асос йўқ экани ҳамда Сурия каби уруш ҳудудларига бориш – фитнага аралашиб қолиш экани ҳақида куни-кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати расман Фатво берди. Фатвога амал қилиш – барча мўмин-мусулмонларга шарт ва лозимдир!
Хуллас, Ватанимиз фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш – бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси 7-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Ёшларни ижтимоий иллатлардан сақлайлик!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати янада кенг ёйилаётганлиги хаммага маълум. Аммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият хаётида барқарорликни издан чиқаришда исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг сермахсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган мехнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатларига хам тўғри келмайди, зеро У киши шундай мархамат қилади: “Аллох умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир хадисда: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллохнинг ҳузурида ҳам яхшидир” – дейилган.
Ўзбек халқи неча асрлардан бери суннийликнинг тўрт фиқхий мазҳабидан бири бўлмиш ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келади. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётнинг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар ўртасидаги хар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гурухларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.
Халқимиз ўз мустақиллигини қайтадан қўлга кириганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний маърифий соҳаларда турли мусулмон давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада мусулмонлар ўртасида низо, тортишув юз бериб ихтилофлар авжига чиқди. Мазҳабларга эргашишдан қайтариш ҳали динни тўлиқ билмайдиган, Қуръоннинг таржима ва тафсири у ёқда турсин, уни тўғри ўқий олмайдиган юртдошларимизнинг диний ҳукмлар ҳақида тортишиб бир- бирини адашганга чиқаришларига сабаб бўлди.
Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган экстеримизмга мойил кишилар пайдо бўлди. Улар энди нафақат мазҳабга амал қилувчилар билан балки ўзаро бир- бирлари билан келишмас эди. Уларнинг ўзлари хам турли номсиз фирқаларга ажралиб кетди. Бундан эса турли экстремистик рухдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. Ўлкамизга четда шаклланган радикал оқимлар кириб келди ва тарқоқ номсиз фирқаларни ўзларига қўшиб олди.
Рамазон ал- Бутий: “Мазҳабсизлик- ислом шариатига тахдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтгани бежиз эмас. Зеро динимиз мусулмонларни ўзаро бирлашишга ва фирқаларга бўлинмасликка буюради.
Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (яъни динини) махкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деб марҳамат қилади. Оли Имрон сураси 103-оят.
Бошқа бир оятда:
“Агар билмасангиз зикр аҳилларидан сўранг” Анбиё 7-оят.
Ушбу ояти каримада бир инсон шаръий масалада илми бўлмаса ўзича қарор қабул қилмай балки дарров аҳли илм олим инсонлардан сўрашликка буюрилдилар. Келинг энг аввло мазҳаб сўзини қандай маънода эканлигини тушуниб олайлик.
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.
Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.
Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилишдир:
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.
Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.
Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.
Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.
Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.
Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.
Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.
Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?
Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.
Уламоларимиз: “Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат”, – деганлар.
Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.
Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.
Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом – бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.
Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!
Тасаввур қилинг! Агар ҳамма инсонлар мазҳабсизлик сахросига йўл олса, нима бўлади?
Бу саволга замонамиз уламоларидан бўлмиш Муҳаммад Саъид Рамазон бутий р.а. хазратларини сўзларини иқтибос қилиб келтирамиз. У киши айтадилар: “Агар ҳамма одамларни уй жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахасисларига эргашишдан, уларнинг билим ва махоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахасисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиход қилишларига, изланиш ва ижтиходдан кейин келадиган шахсий қаноатига суянишга чақирадиган бўлсак, кейин ўша одамлар даъватимизни тасдиқлаб, айтганларимизни қилишса, нима бўлади?
Албатта, бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса – бу шубхасиз, тамаддунни, экин- текинни ва наслни барбод қиладиган бош- бодоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини халок қиладилар, ишлаб чиқараман, саноатни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўйа билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир- бирлари билан боғликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар ”.
Хулоса қилиб айтганда Ислом динидаги мазҳабларнинг турли-туманлиги камчилик бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи зарар кураётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онги биринчи қабул қилган маълумот нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса ҳам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади.
Иброҳим домла САИДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси