Аллоҳга шукрки, Қуръони каримга мухлис халқимизнинг истакларини инобатга олган ҳолда юртимиздаги “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолияти кенгайтирилмоқда.
Мазкур курсларни ривожлантириш, қироат илмини ўрганувчилар учун шароитларни ҳозирлаш, малакали устозларини тайёрлаш, уларнинг маҳоратларини ошириш ва Қуръон таълимини ўргатишдаги энг илғор услубларни тадбиқ этиш ишлари бошланди.
Ушбу хайрли ишга ҳисса қўшишни истаган, фарзанду аржумандлари дунёда кўзни қувонтирадиган, Охиратда эса ота-онасига тож кийдирадиган қорию қурролар бўлишини ният қилган саховатпеша кишиларимиз ҳиммати учун “Вақф” хайрия жамоат фондида махсус ҳисоб рақам очилди.
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Эндиликда хайр-саховатларини қори ва қорияларга сарф этишни истаган юртдошларимиз қуйидаги ҳисоб рақамга мурувват қилишлари мумкин.
“Қуръони карим ва тажвид” курсларини ривожлантириш ҳисоб рақами: 20212000900881753046
ИНН 207 276 595
МФО 00974
Тошкент шаҳрининг “Капиталбанк” АТБ амалиёт бошқармаси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Ёлғиз намоз ўқиётган одам масалан, хуфтон намозини жаҳрий қилиб ўқиётган бўлса ва эсидан чиқиб махфий ўқиб юборса, унинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу кишининг намози тўлиқ адо этилган ҳисобланади. Чунки ёлғиз ўқиётган намозхон жаҳрий намозларни хоҳласа жаҳрий ёки махфий ўқиши мумкин. Аммо жаҳрий ўқиши жамоат билан адо этишга ўхшаганлиги учун афзал ҳисобланади. Махфий намозларда эса у ҳам махфий ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз вақтида ўқиладиган намозларда овоз чиқарилмайди, деганлар.
Ёлғиз ҳолатда намозни махфий ўқиётган намозхон эсида йўқ жаҳрийга ўтиб кетиб қолса ёки жаҳрий ўқиётиб махфийга ўтиб кетиб қолса, бу ҳолатда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Лекин қасддан қилса, хатокор ҳисобланади.
Жаҳрий намозларда қироатни жаҳрий ва махфий намозларда махфий қилишнинг вожиблиги жамоатга, яъни имомга тегишли масала ҳисобланади. Шунинг учун имом бу ишларни унутиб тарк этса, саждаи саҳв қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази