Исломий ахлоқ ва тарбия
Али розияллоҳу анҳу ўзлари учун қадрли бўлган қимматбаҳо совутларини йўқотиб қўйдилар. Бир оз вақт ўтгач, Куфа бозорида уни бир зиммий (ислом юртида яшовчи ўзга дин вакили) сотаётганини кўриб қолдилар ва зиммийга: “Бу менинг совутим, уни фалон куни фалон жойда туямдан тушиб қолган эди”, дедилар. Зиммий: “Эй мўминлар амири! Бу совут меники ва у мени қўлимда турибди”, деди.
Али розияллоҳу анҳу: “Бу менинг совутим, мен уни ҳеч кимга сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман. Қандай қилиб у сеники бўлсин?!” дедилар.
Шунда зиммий: “Бизнинг масаламизни мусулмонларнинг қозиси ҳал қилсин”, деди.
Али розияллоҳу анҳу унга: “Лекин шу гапинг инсофдан бўлди, қани, унинг олдига кетдик”, дедилар. Сўнг улар Қози Шурайҳнинг олдига боришди.
Қози Шурайҳ Али розияллоҳу анҳуга: “Эй мўминлар амири! Сиз нима дейсиз?” деди. Али розияллоҳу анҳу: “Мен мана бу совутимни бу кишининг қўлида кўрдим. Уни фалон куни, фалон жойда тушириб қўйган эдим, совутим бу одамга бирор савдо йўли билан ҳам, ҳадя йўли билан ҳам етиб келмаган”, дедилар. Шурайҳ зиммийга: “Сен нима дейсан?” деди. У: “Бу совут меники, шунинг учун ҳам у менинг қўлимда турибди, айни пайтда, мўминлар амири ёлғон гапиряпти, деб туҳмат ҳам қилмайман”, деди.
Қози Шурайҳ Али розияллоҳу анҳуга юзланиб: “Эй мўминлар амири! Сизнинг ростгўйлигингизга, совут ҳам сизники эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ, даъвоингиз тўғри эканини исботлаш учун менга иккита гувоҳ келтиришингиз керак”, деди. Али розияллоҳу анҳу: “Майли, қулим Қанбар ва ўғлим Ҳасанлар менга гувоҳ бўлишади”, дедилар. Шурайҳ: “Эй мўминлар амири! Фарзанднинг отасига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди”, деди.
Али розияллоҳу анҳу: “Субҳоналлоҳ! Жаннат аҳлидан бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайдими?! Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир”, деганларини билмайсанми?!”, дедилар. Шурайҳ: “Биламан, эй мўминлар амири, биламан, лекин мен барибир фарзанднинг отасига берган гувоҳлигини қабул қила олмайман”, деди. Шунда ҳазрат Али розияллоҳу анҳу зиммийга юзланиб: “Сен совутни олавер, менинг улардан бошқа гувоҳим йўқ”, дедилар.
Шунда зиммий: “Мен бу совут сизники эканига гувоҳлик бераман, эй мўминлар амири!” деди. Яна гапида давом этиб: “Ё Аллоҳ! Мўминлар амири ўз қозиси ҳузурида мен билан даъволашиб ўтирса, қози эса менинг фойдамга, унинг зарарига ҳукм чиқарса-я! Гувоҳлик бераманки, уларни шунга буюраётган дин ҳақдир, яна гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг пайғамбари ва бандасидир!”. Билгин, эй қози! Бу мўминлар амирининг совутидир. Мен Сиффинга кетаётган қўшинга эргашдим, бу совут мўминлар амирининг кулранг туясидан тушиб қолди ва мен уни эгаллаб олдим”, деди.
Али розияллоҳу анҳу: “Сен мусулмон бўлдинг, совутни ҳам, у билан бирга туямни ҳам сенга ҳадя қилдим!” дедилар.
Бу воқеадан кўп вақт ўтмай, ўша киши Наҳравон кунида Али розияллоҳу анҳунинг байроқлари остида хорижийларга қарши жанг қилиб, шаҳид бўлди.
“Сувар мин ҳайат ат-табиъийн” –
“Тобеинлар ҳаётидан лавҳалар” китобидан,
Акмалхон Ахмедов тайёрлади.
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази