Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июл, 2025   |   19 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:33
Bismillah
14 Июл, 2025, 19 Муҳаррам, 1447

УЛУҒЛАРИМИЗ БИЗ УЧУН КАТТА ИБРАТ МАКТАБИДИР

17.08.2021   1371   8 min.
УЛУҒЛАРИМИЗ БИЗ УЧУН КАТТА ИБРАТ МАКТАБИДИР

Биз дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодлар ворисларимиз. Илмий ютуқлари ва кашфиётлари билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган улуғларимиз бу даражага осонлик билан эришмаган, албатта. Илмга умрини бахш этган, қанчадан-қанча илмий сафарлар машаққатини бошдан кечирган, очлик, юпунлик каби синовларга бардош берган. Шу билан бирга, устоз-шогирдлик мактабининг талаб ва қонунларига қатъий риоя қилган. Устоз ҳузурида одоб сақлаб, изнисиз гапирмаган, юзига тик боқмаган, мусофирликда у яшайдиган юрт томонга оёқ узатмаган ва ҳоказо.

Афсуски, бугун ана шундай гўзал одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмайдиган, ўзбошимчалик билан илм олишга уринган айрим кимсалар туфайли ҳақ йўлдан оғишиб, залолатга кетганлар учраяпти. Сохта олимларнинг Қуръон ва ҳадисдан иқтибос қилиб, айтган гапларига лаққа ишониб, улардан бошқа ҳеч кимни тан олмайдиган кимсалар пайдо бўляпти. Ҳатто буюк мужтаҳид имомларни ҳам адашганга, шариат ишида Пайғамбар алайҳиссалом билан рақобатлашганга чиқарганлар пайдо бўлди.

Дарҳақиқат, буюк салафларимиз илм ва илм эгаларининг ҳурматини жойига қўйиш борасида биз учун катта ибрат мактабидир. Уларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан яқиндан танишар экансиз, бунга яна бир бор амин бўласиз.

Абу Воилдан нақл қилишларича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу изорининг почасини осилтириб юрган бир кишини кўриб, унга: “Изорингни кўтариб ол!” дейди. Ҳалиги одам: “Эй Ибн Масъуд, ўзингиз ҳам изорингизни кўтариб олинг”, дейди. Ибн Масъуд: “Менинг икки болдирим ўта ингичка, мен одамларга имомликка ўтаман”, дейди.

Бу воқеанинг хабари Умар розияллоҳу анҳуга етиб боргач, “Сен Ибн Масъудга гап қайтардингми?!” деб, ҳалиги одамни савалай кетади.

Ҳофиз Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ мусулмонларга насиҳат қилиб, уламолар, мужтаҳид имомларни айблаш, одамларда уларга нисбатан ишончсизлик пайдо қилишдан қайтариб қуйидагиларни айтган:

“Эй биродар! Аллоҳ иккимизни ҳам Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айласин. Иккимизни ҳам Ўзидан қўрқадиган мукаммал тақво эгаларидан қилсин. Билгилки, уламоларнинг эти заҳарлидир. Уларнинг обрўйини тўкишга уринганлар борасида Аллоҳ таоло қандай ҳукм қилиши маълум. Олимларни ёмонлаш билан тилига эрк берган кимсаларни Аллоҳ таоло ўлимидан аввал қалбини ўлдириш билан мусибатлайди. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” (Нур сураси, 63-оят)”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Илм талаб қилинг. Агар унга ожизлик қилсангиз, илм аҳлини яхши кўринг. Агар яхши кўрмасангиз, уларни ёмон кўрманг”, деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит миниб олган отнинг узангисидан ушлаб олади. Шунда Зайд: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси, четга ўтинг”, деган эди у: “Уламоларимиз ва улуғларимизга ана шундай муомала қилишга буюрилганмиз”, дейди.

Зуҳрий: “Абу Салама раҳимаҳуллоҳ кўп ҳолларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қарши фикр билан чиқар эди. Шунинг учун бўлса керак, унинг кўп илмидан бебаҳра қолди”, деган.

Исо ибн Юнусдан нақл қилинади. У: “Мен Аъмаш раҳимаҳуллоҳнинг бундай деб айтаётганини эшитдим: “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эрталаб ва кечқурун менинг ёнимдан ўтар ва мен унга: “Мен сендан бирорта ҳам ҳадис эшитмайман. Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилдинг. Сўнг (золим) Ҳажжожнинг ҳузурига бориб, унинг яқин одамига айландинг”, дер эдим. Кейинчалик бу ишимдан кўп надомат қилдим ва Анас ибн Моликдан ҳадис эшитган кишидан ҳадис ривоят қиладиган бўлиб қолдим”.

Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Аъмаш раҳимаҳуллоҳнинг ўзига нисбатан беодоблик қилганини жазолаш учун унга ҳадис сўзлаб бермагандир. У Анас розияллоҳу анҳу хусусида хато иш қилганини англаб етиб, надомат қилганидан сўнг ундан ҳадис эшитган киши орқали Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилишга мажбур бўлган ва олий санадни қўлдан бой берган эди. Эҳтимол, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг надомат қилган ва ундан ҳадис эшитган киши орқали ундан ҳадис ривоят қилгандир. Нима бўлганда ҳам, толиби илм ўз устозидан ёки ўзидан кўра илмлироқ бўлган кишидан шубҳали бирор иш содир бўлганини кўриб, уни мункар иш деб ҳисобласа, бунинг учун энг аввал ўзини ва ақлини айблаши, устозининг бирор узри бордир, деган хулосага келиши лозим.

Анас розияллоҳу анҳунинг чўриси Жамила бундай деган: “Агар Собит раҳимаҳуллоҳ келадиган бўлса, Анас: “Эй Жамила, менга бирор хушбўйлик бер, қўлимга суртиб олай. Чунки Собитнинг онасининг ўғли (яъни Собит) “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларига теккан”, дея қўлимни ўпмагунича рози бўлмайди”, дер эди”.

Абдураҳмон ибн Аздак бундай деган: “Нофеъ ибн Жубайр Али ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳга: “Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Сиз одамларнинг саййиди ва афзалисиз. (У Сизнинг тенгингиз эмас, деган маънода) Сиз манави одам (Зайд ибн Аслам)нинг ҳузурига бориб, у билан ўтирасизми?” деди. Шунда Али ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳ: “Илм қаерда бўлса ҳам бориб ўрганилиши лозим”, деб айтар эди”.

Суфён ибн Уяйнанинг ҳузурида турган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан бир масала ҳақида сўраб қолишди. Шунда у: “Улуғларимиз олдида гапиришдан қайтарилганмиз”, деб жавоб берди.

Ҳа, кўпни кўрган, ҳаётий тажрибаси катта бўлган улуғ устозлар ҳузурида маҳмадоналик қилиш илм аҳлининг иши эмас. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Муборак юқоридаги гапни айтиб, яхшигина сабоқ берган.

Бишр ибн Ҳорис: “Бир киши юриб кетаётган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳга бир ҳадис ҳақида савол берди. “Бу иш илмнинг ҳурматини жойига қўйишга кирмайди”, деди у. Мен унинг бу ишини жуда маъқулладим”, деган.

Ҳаммаси ўз ўрнида ва ўз вақтида бўлгани яхши. Илм Аллоҳнинг буюк инъоми бўлиб, ҳаммага ҳам берилавермайди. Ахир У зот илмни “кўп-кўп яхшилик” деб атамаганми? “Илм эгаларининг даражасини баланд қилишни хоҳлайди”, демаганми? “Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми”, демаганми? Шундай экан, ана шу буюк неъматнинг қадрини билиш, ҳурматини жойига қўйиш лозим. Уни дуч келган одамга бериб кетавермаслик, аксинча, илм аҳлидан бўлишга яраш-ярамаслигини, бу йўлдаги синовларга бардош бериш-бермаслигини синчиклаб ўрганиш лозим бўлади.

Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбийдан нақл қилинади: “Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ маккалик бир аёлнинг қора танли қули эди. Бурни бақлажонга ўхшар эди. Мўминлар амири Сулаймон ибн Абдулмалик икки ўғли билан келиб, намоз ўқиб турган ана шу қора қулнинг олдига ўтирди. Намозни ўқиб бўлгач, уларга орқасини ўгириб олди. Мана шу ҳолатда улар Ато билан ҳаж амаллари ҳақида савол-жавоб қилди. Сўнг Сулаймон иккала ўғлига қараб: “Ўрнингиздан туринг!” деган эди, улар ўринларидан турди. Шунда: “Эй ўғилларим, илм талаб қилишда сусткашлик қилманг. Чунки, мен манави қора танли қулнинг ҳузурида хор бўлиб ўтирганимизни ҳеч ҳам унутмайман”, деди”.

Бир киши Ҳасан ибн Заквон раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида бир олимни бир нималар билан тилга олган эди у: “Менга қара! Уламолар ҳақида ёмон гапирмаки, Аллоҳ қалбингни ўлдиради”, деб танбеҳ берди.

Дарҳақиқат, илм – буюк илоҳий неъмат. Илм аҳли Аллоҳнинг суюкли бандаларидир. Инсонийлик юзасидан йўл қўйган камчиликлари деб уларни камситиш, обрўсизлантириш, бошқаларда уларга нисбатан ишончсизлик пайдо қилишга уриниш динимизда қаттиқ тақиқланган амаллардан ҳисобланади. Улар пайғамбарлар каби маъсум зотлар эмаслигини, ҳатто энг буюк олимлар ҳам баъзан қоқилганини тушуниб етиш учун кишидан кўп нарса талаб қилинмайди. Озгина нарса ўқиб олиб, алломалик, шайхлик мақомини даъво қилиш илм аҳлининг иши эмас. Аллоҳ розилиги учун диним, юртим ва халқимга хизмат қиламан, аждодларнинг илмий меросини келажак авлодга етказаман, деган эзгу ният билан йиллар давомида устозлар этагини тутиш, уларнинг илми, ҳаётий тажрибасини ўрганиш ва ўзлаштириш, ниҳоят, буюк уламолар шоҳидлигидан сўнг уларнинг дуосини олиш илм йўлига қадам қўйган ҳар бир инсоннинг бирламчи вазифаси бўлиши керак.

 

Алоуддин ҲОФИЙ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

11.07.2025   8285   3 min.
Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

Хотира

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.

1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.

1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.

1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.

1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.

1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,

1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис  бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.

1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.

1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.

1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.

Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:

— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.

Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.