Ҳамдардлик
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари умр ҳақида бундай ёзган эдилар: «Умр инсонга берилган неъматлар ичра энг қадрлисидир. Кунлар кетидан ҳафталар, ойлар, йиллар ўтиб боряпти. Инсон умри чекланган. Шу боис уни ғанимат билиб, манфаатли ишларга сарфлаш зарур. Чунки ўтиб кетган вақтни ортга қайтаришнинг сира иложи йўқ.
Акани укадан, отани боладан, онани қиздан, бойни молдан жудо қилиб, ҳаёт лаззатларини кесадиган ўлимни эсда тутиш ва шунга яраша Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилиш кишининг умрига барака киритади...»
Муфтий ҳазратлари ўзларининг ана шу сўзларига амал қилиб яшадилар. Афсуски, ўлим у кишини биродарларидан, фарзандларидан, барча яқинларидан жудо қилди.
Инсон умри қанча яшалгани билан эмас, балки қандай яшалгани билан аҳамиятлидир. Чунончи, Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қайси инсон яхши?” деб сўради. У зот: “Умри узун ва хайрли амаллари кўп бўлган киши”, деб жавоб бердилар» (Имом Термизий ривояти).
Ярим асрга тенг Аллоҳ таолонинг ҳаниф дини хизматида бўлиш – катта шараф, улкан бахт ва саодатдир. Ана шундай бахт ва саодатни қўлга киритган улуғ олим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг Раббимиз ҳузурига риҳлат қилдилар.
Ҳазратнинг ҳаёт йўлларига назар солсак, у кишида мўмин-мусулмонлар учун намуна бўладиган сифатлар, хислатлар, фазилатлар жуда кўп эди. Айниқса, ҳалимликлари, ҳар бир масалани ётиғи билан тушунтириб, мулойим муомала қилишлари биз учун ибратдир.
Ҳалимлик Расулимиз алайҳиссалом мақтаган хислатлардандир. У зот: “Албатта, Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган Ҳалим зотдир. У мулойимлик (соҳибига)ка қўполлик ва ундан бошқа нарса (хислат)ларга берилмайдиган нарса (ажр-мукофот)ни беради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Усмонхон Алимов ҳазратлари 15 йил муфтийлик қилган бўлсалар, ўша даврда юртимизда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Кўплаб масжидлар очилди, мадрасалар фаолияти йўлга қўйилди. Биргина сўнгги уч-тўрт йилда пойтахтимизда бунёд этилган, қайта қурилган ўнлаб масжидларда бугун мўмин-мусулмонларимиз эмин-эркин. Яйраб-яшнаб ибодат қилишмоқда.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо айтади: «Илм кўтарилмасидан бурун уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: “Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса”, деб орзу қиладилар. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади».
Муфтий ҳазрат умрини илм олишга ва маърифат тарқатишга бағишлаган олим эди, десак янглишмаймиз. У киши таълиф этган “Тафсири ирфон”, “Расулуллоҳнинг муборак васиятлари”, “Расулуллоҳ мўъжизалари”, “Имом Бухорий баракоти”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ёшлар – келажагимиз”, “IX–XI асрларда Самарқанда калом илмининг ривожланиши”, “Суннат ва ҳадис” каби кўплаб китоблари муқаддас динимизнинг соф ақидасини, асл мазмун-моҳиятини юртимиз мўмин-мусулмонларига етказишда асрлар оша муҳим манбалар бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмоннинг сочи Исломда оқарса, унга ҳар бир оқ тола баробарида савоб ёзилади ва бир хатосини ўчирилади” (Имом Абу Довуд ривояти), дейилган.
Муфтий ҳазратлари коронавирус пандемияси туфайли вазият қалтис бўлиб турганига қарамасдан, атрофига уламоларни йиғиб, халқимизга, мўмин-мусулмонларга Исломнинг соф таълимотни етказиш, юртимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, имкон қадар уларга ёрдамлашиш мақсадида сафарлар уюштирдилар.
Водий вилоятларига сафарлари давомида маҳаллама-маҳалла юриб, хонадонларга кириб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга “Вақф” фондининг совғаларини улашдилар. Ана шу хайрли амаллар туфайли қанчадан-қанча оилалрга қувонч кирган бўлса, бугун оғир жудоликни эшитиб ана шу оилалар, бутун Ўзбекистон халқи катта уламосидан айрилгани туфайли қаттиқ қайғуга чўмди.
На чора, жоннинг эгаси Аллоҳ таоло. У Зот хоҳлаган пайтда омонатини қайтариб олишига шубҳа йўқ. Бизга таскин берадиган жиҳати шуки, Усмонхон Алимов ҳазратларидан халқимиз учун жуда ката садақаи жорий қолди.
Муфтий ҳазратлари жуда кўпчилик мўмин-мусулмонларнинг, олимларнинг жанозаларини ўқиганларида бир сўзни кўп такрорлар эдилар: “Ал-бақоу лиллаҳи ваҳдаҳ”, яъни боқийлик, мангулик ёлғиз Аллоҳ таолога хосдир.
Аллоҳ таоло марҳум устозимизнинг бу дунёда қилган барча хайрли ишларига ажру савобларни кўпайтириб берсин. Охиратларини обод қилиб, у кишини набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар билан жаннатларда бирга қилсин. Ўзи ваъда қилган мукофотлар билан сийласин!
Иннã лиллаҳи ва иннã илайҳи рожиуън!
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا قَدِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ وَأَمَرَ بِبِنَاءِ الْمَسْجِدِ، قَالَ: يَا بَنِي النَّجَّارِ، ثَامِنُونِي بِحَائِطِكُمْ هَذَا، قَالُوا: لَا وَاللهِ، لَا نَطْلُبُ ثَمَنَهُ إِلَّا إِلَى اللهِ تَعَالَى، أَيْ فَأَخَذَهُ فَبَنَاهُ مَسْجِداً. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида:
«Эй Бани Нажжор! Мен билан мана бу боғингизни баҳолашинглар», дедилар.
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, унинг баҳосини фақат Аллоҳдан сўраймиз», дейишди.
Бас, у зот уни олиб, масжид қурдилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Бу ривоятда Бани Нажжор қабиласининг ўзларига мулк бўлган боғ ерини масжид қуриш учун вақф қилганликлари ҳақида сўз бормоқда.
Бани нажжорликларнинг бу ҳимматлари кейин ҳам барча замонлар ва маконларнинг мухлис мусулмонлари томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Масжид учун ҳеч нарсасини аямаслик яхши одат бўлиб қолган. Фақат мусулмонлигини эмас, балки одамийлигини ҳам унутганларгина бошқача тасарруф қилиши мумкин.
عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَفَرَ بِئْرَ رُومَةَ فَلَهُ الْجَنَّةُ، فَحَفَرْتُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Рума қудуғини ковласа, унга жаннат бўлур», деганларида уни мен ковладим».
Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Бошқа ривоятларда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. «Ким қудуқни сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур», дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим», дейилган.
У Бани ғифорлик бир кишининг булоғи эди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, ўз челакларида улар билан бир қаторда сув олиб, ичиб юрдилар.
عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمَّ سَعْدٍ مَاتَتْ، فَأَيُّ الصَّدَقَةِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: الْمَاءُ، فَحَفَرَ بِئْرًا وَقَالَ: هَذِهِ لِأُمِّ سَعْدٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَزَادَ: فَتِلْكَ سِقَايَةُ سَعْدٍ بِالْمَدِينَةِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Умму Саъд вафот этди. Қайси садақа афзал?» деди.
«Сув», дедилар у зот.
Бас, у қудуқ қазиди ва:
«Бу Умму Саъдга», деди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар ва:
«Ана ўша Саъднинг Мадинадаги сувхонасидир»ни зиёда қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Ушбу ривоятдан савобини маълум кишига атаб вақф қилиш жоизлиги келиб чиқмоқда.
Ўша вақтда мусулмонлар жамоасининг эҳтиёжига биноан, шу иш қилинган. Кейинчалик ушбу маънода турли вақфлар қилинган. Турар жойлар, мадрасалар, муҳтожларга маош бўладиган нарсалар вақф қилинган.
Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишлардан ўрнак олишлари керак. Чунки вақф садақаи жория бўлади, ундан доимий равишда савоб етиб туради.
Динимиздаги вақфлар тушунчасини ҳозирги кундаги хайрия жамиятлари тушунчасига ўхшатиш мумкин. Албатта, иккиси ўртасидаги фарқ жуда ҳам катта. Бу нозик фарқларни уларни синчиклаб ўрганган кишилар яхши англаб етишлари мумкин.
Аъзолари олиймақом инсоний фазилатлар соҳиби бўлган умматгина ҳаётга, тараққиётга ва дунёда пешқадам бўлишга лойиқдир. Мазкур олиймақом инсоний фазилатлардан яхшилик, хайр-эҳсон ва меҳру шафқат барқ уриб туради ҳамда улардан жамиятдаги барча табақалар баҳраманд бўладилар.
Мусулмонлар худди ана шу олиймақом фазилатлар билан бутун дунёга яхшилик уруғини сочган жамоа аъзоларидир. Улар Қуръони Карим ва Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида келган бутун мавжудотга яхшилик қилиш ҳақидаги таълимотларга амал қилган ҳолда яхшилик, хайр-эҳсон ва меҳр-шафқат улашиб келганлар.
Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар ҳақидаги кўрсатмалар асос бўлган.
Мазкур хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У зот турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискинлар, фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар.
Кейин у зотга Ҳазрати Умар, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, Муъоз ибн Жабал каби саҳобалар эргашиб, катта миқдордаги вақфларни қилганлар. Аста-секин бу хайрли иш кенгайиб борган ва деярли имкони бор бўлган барча саҳоблар вақфлар қилганлар.
Бу ҳақда улкан саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳожир бўлсин, ансорий бўлсин, қудрати етган саҳобаларидан бирор кишининг сотилмаслик, меросга қолмаслик ва ҳадя қилинмаслик шарти ила ўз молидан вақф қилмаганини билмайман», дейдилар.
Кейин келган мусулмонлар ҳам бу хайрли ишни шараф билан давом эттирдилар. Улар ҳисобсиз боғу роғларни, ерларни, ҳовли-жойларни ва бошқа турли-туман мулкларни вақф қилдилар. Бунинг оқибатида ҳамма тарафларга хайрия муассасалари тарқалди.
Мазкур вақфлар икки хил бўлган:
Биринчиси – давлат томонидан ташкил қилинган вақфлар.
Иккинчиси – шахслар томонидан ташкил қилинган вақфлар.
Хайрия муассасаларининг энг биринчиларидан бўлгани масжидлардир. Мусулмонлар масжид қуришда қадимдан бир-бирлари билан мусобақа қилиб келганлар.
Шунингдек, мадрасалар ҳам бу борада Ислом умматининг алоҳида эътиборга сазовор ишларидан биридир.
Вақфлар ҳақида сўз кетар экан, шифохоналар, меҳмонхоналар, зовия – зикрхоналар, такялар каби муҳтожларга аталган муассасалар ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим бўлади.
Камбағаллиги туфайли турар-жой қура олмайдиган, уй сотиб ёки ижарага ололмайдиган оила ва шахсларга аталган турар-жой вақфлари ҳам кўп бўлган.
Йўловчи ва муҳтожларга сув тарқатишга аталган алоҳида вақфлар ҳам ҳамма жойларда етарли равишда бўлган. Кишиларга турли таомлар, нон, гўшт, ҳолва ва бошқа нарсаларни тарқатадиган хайрия ошхоналари ҳам жуда кўп бўлган.
Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага ҳаж ҳамда зиёратга келганларга аталган такиялар ҳам жуда кўп бўлган. Улардан ҳозирга қадар кўпчилик фойдаланиб келмоқда.
Йўловчилар, зироатлар, ҳайвонлар ва муҳтожларни сув билан таъминлаш ниятида ҳамма жойларда қудуқлар қазийдиган вақфлар ҳам кўп бўлган.
Мусулмонларнинг хайрия ижтимоий муассасалари қаторида йўл ва кўприкларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган вақфлари ҳам бўлган.
Ташландиқ ва етим болаларга аталган вақфлар уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш билан бирга, уларни хатна қилдиришга ҳам катта аҳамият берганлар.
Шунингдек, кўзи ожиз, шол ва ногирон кишиларга аталган вақфлар уларнинг ҳузур-ҳаловат ила яшашлари учун барча керакли нарсаларни ҳозир қилганлар.
Қамоқдагиларга ёрдам берадиган, уларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берадиган вақфлар ҳам бўлган.
Оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга оила қуришда керакли барча ёрдамларни тақдим қиладиган вақфлар ҳам ҳамма жойларда муваффақият билан иш олиб борганлар.
Эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари бўлиб, бу каби вақфни биринчилардан бўлиб, Салоҳуддин Айюбий ташкил қилган эди. У киши Дамашқ шаҳри қалъаси дарвозаларидан бири яқинида икки тарнов қилиб, биридан сут, иккинчисидан қандли сув оқиб турадиган қилган эди. Оналар ҳар ҳафтада икки марта келиб, болалари учун сут ва қандли сув олиб кетар эдилар.
Идишларини синдириб қўйган болаларга ёрдам берадиган вақфлар ўйинқароқлик қилиб, идишларини синдириб қўйган болаларга янги идиш берар эдилар. Болалар эса янги идишларни олиб, худди ҳеч нарса бўлмагандек, ота-оналари ҳузурларига бемалол бораверар эдилар.
Мусулмонларнинг хайрия ташкилотларидан ҳамма баробарига фойда топар эди. Ҳатто қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари ҳам турли жойларда ўз хизматларини адо этар эди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди