Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Декабр, 2024   |   03 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:33
Пешин
12:18
Аср
15:13
Шом
16:57
Хуфтон
18:16
Bismillah
04 Декабр, 2024, 03 Жумадул сони, 1446

15.08.2021   741   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ризқни қисқартирадиган амал

3.12.2024   3734   7 min.
Ризқни қисқартирадиган амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бандаларини ёлғон гапиришдан қайтарган. Ёлғон гапириш энг оғир гуноҳдир.

«Ёлғон» сўзи араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.

Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Ёлғон – хабарнинг воқеликка тўғри келмаслигидир», деган.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Ёлғон – бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.

Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга, амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасининг 28-оятида “Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас” дейди.

Бу ояти каримада ёлғончи шахс ҳаддидан ошган киши эканлиги таъкидланмоқда. Бундан ёлғончи шахс гап-сўзида ҳаддидан ошиши келиб чиқади. Энг ёмон томони эса, ёлғончини Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас экан. Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ёлғон гапиришни қаттиқ қоралаган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёда энг гўзал хулқ соҳиблари эдилар. Умматнинг ислоҳи учун ғамхўр ва жонкуяр зот эдилар. Ул зоти шарифнинг ҳар бир сўзида биз осий умматларнинг икки дунё саодатига етишимиз учун етарлича дарс ва сабоқлар бор. Қуйидаги ҳадисдан маънавий иллат – ёлғончилик ҳақида керакли сабоқ олишимиз мумкин:

Суфён ибн Асад Хазрамийдан ривоят келтирилди. У киши айтадики: мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган эдим, у Зот шундай дер эдилар: “Мусулмон биродарингга сўзлаётган сўзингга у ишонса-ю аммо сен ёлғон сўзлаётган бўлсанг, мана шу хулқинг энг катта хиёнатдир!” (Абу Довуд ривоят қилган).

Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор:

1. Фойда жалб қилиш.

Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради.

 

2. Зарарни қайтариш.

Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди. У ўзича шу тўғри йўл, деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.

 

3. Сўзни ва гапни чиройли чиқаришга уриниш.

Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан, уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон тўқийди.

 

4. Душмандан ўч олиш мақсади.

Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.

 

5. Ўз обрўсини орттириш мақсади.

Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди.

 

6. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.

 

Инсон бирор дўстига, мўмин ва диндош сифатида ишониб, қулоқ солса-ю аммо у кимса ишончни оқламаса, уни алдаб ёлғон сўзласа, бу унинг диндошига нисбатан энг катта хиёнати экан. Дўстимиз ва биродарларимиз билан суҳбат чоғида фақат Аллоҳдан қўрқиб, уялиб сўзлашмоғимиз лозим. Инсондан уялиб, ёки ундан қўрқиб уни норози бўлишини истамаслик баҳонаси ила ёлғонга йўл қилсак, бу бизнинг иймонимизга хиёнат, диндошимизга хиёнат, Расулимизга хиёнат, Роббимизга хиёнат ўлароқ баҳоланади. Бу суҳбат қандай ҳолда бўлишининг аҳамияти йўқ. Хоҳ у юзма-юз бўлсин, ёҳуд телефон орқали, ва ёки ижтимоий тармоқлар орқали бўлсин. Бари бирдек баҳоланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади”, дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу муборак ҳадиснинг маъноси шундан иборатки, бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта хам унинг ёлғонини сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси қочган одам ким деган одам бўлади? Халқимиз ичидаги “Фалончининг фариштаси йўқ” деган гаплар бежиз эмас экан.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда эса, қуйидагилар айтилади: Ҳадис ривоятчиси Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки:

“Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: Ҳа, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими? деб сўралди. У зот алайҳиссалом: Ҳа, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?, деб сўралди. У зот алайҳиссалом:Йўқ, дедилар.

Имоми Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик-мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган: Мунофиқнинг аломати учтадир: Гапирса, ёлғон гапиради, ваъда, берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди.

Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: Бир одам келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?”, деб сўради. Расулуллоҳ: Ёлғончликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради, деб жавоб бердилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: Ота-онага яхшилик қилиш, умрни зиёда қилади. Ёлғон, ризқни қисқартиради. Дуо, қазони қайтаради, деганлар. Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири-Ризқни камайтириш зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ Таоло ёлғончи шахснинг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан барокотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди.

Ёлғончилик туфайли инсонлар қалбига озор берилади, инсонлар орасига совуқлик тушади. Ёлғончилик жамият аъзолари ўртасидаги ишонч, ўзаро муносабат ва меҳр-оқибатни йўқолишига олиб келади. Инсон орасидаги меҳр оқибат йўқолиб, инсонлар бир-бирларидан узоқлашадилар. Ёлғончилик ҳамма халқларда қораланадиган ишлардандир.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан.

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.