Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Динимизда овқатланишни тўймасдан аввал тўхтатиш суннат, дейилган. Аммо тўйгандан кейин ҳам ейишга қандай қаралади? Чунки ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда танилиш ёки бошқа мақсадларда кўпчилик тўядиган овқатни бир кишининг якка ўзи еб қўяётганига ўхшаш ҳолатлар тарқатилмоқда.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ватандошимиз, буюк муҳаддис Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Сунани Термизий” асарларида соғлом турмуш тарзининг олтин қоидаси бўла оладиган гўзал бир ҳадиси шарифни келтирганлар: Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, (қориннинг) учдан бири таом, учдан бири ичимлик ва учдан бири нафаси учун”, дедилар.
“Фатово Оламгирия”да қуйидагилар айтилган:
“Таомланиш бир неча даражаларга бўлинади:
1. Фарз овқатланиш. Ҳалок бўлишдан сақланиш учун зарур бўлган миқдорни ейиш фарз ҳисобланади. Шунинг учун киши ейиш ва ичишни тарк этиб, ҳалок бўлса, гуноҳкор бўлади.
2. Ажр бериладиган таомланиш. Бунга намозни тик туриб ўқишга ва рўза тутишга кучи етиши учун фарз миқдоридан кўпроқ ейиш киради.
3. Мубоҳ (рухсат берилган) таомланиш. Бунга тананинг қуввати янада зиёда бўлиши учун тўйгунча ейиш киради. Бунда савоб ҳам, гуноҳ ҳам йўқ. Агар ҳалолдан бўлса, енгил ҳисоб-китоб қилинади.
Ҳаром таомланиш. Тўйгандан кейин ҳам ортиқча ейиш мумкин эмас. Аммо бундан мақсад эртанги рўзага қувват йиғиш ёки меҳмонни хижолат қилмаслик мақсадида унга ҳамроҳлик қилиш бўлса, зарари йўқ. "Ҳавий лил-фатаво" китобида шундай келган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.