Аллоҳга шукрки, юртимизда жума намози ўқиладиган жоме масжидларда Республика махсус комиссиясининг 2021 йил 10 августдаги қарори талаблари ва карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда жума намозини чиройли шаклда ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Айни пайтгача жоме масжидларда тозалаш ва дезинфекция ишлари амалга оширилди, жума намозини ўқиш учун очиқ осмон остида, яъни масжид ҳовлиси ва унинг атрофига гилам ва жойнамозлар тўшалди, масжид ҳовлисига кириш жойида антисептик восита ва тиббий ниқоблар билан таъминланди. Масжид ходимлари вакцина билан эмланди.
Шунингдек, жума намозида намозхонларнинг карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиши назорат қилинади, имом-домла ушбу жума намозида қисқа маъруза қилиши, жума хутбаси, тиловат ва дуолар ҳам мухтасар бўлиб, одамларнинг узоқ қолишининг олди олинади.
Ўз навбатида, Республика махсус комиссияси қарорида белгиланган талабларга риоя этиш, ҳар бир фуқаро тиббий ниқобда бўлиши, касаллик аломатларини текшириш, тана ҳароратини ўлчаш, оралиқ масофани сақлаш, аҳоли тўпланишига йўл қўймаслик каби чоралар кўрилади.
Мана шундай улуғ айём кунларида жума намозини жамоат билан ўқиш бахтини яна насиб этгани учун Ҳақ таолога шукроналар қилайлик, коронавирус касаллиги тезроқ кўтарилиши ва беморларга шифои комил беришини Яратгандан дуо қилиб сўрайлик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мана, бу йилги Ҳаж сафарини адо қилиш учун юртимиздан отланган барча зиёратчилар муқаддас амалларни бажариб, эсон-омон ватанга қайтдилар. Бу улуғ сафар ниҳоя топган бўлсада, унинг хотираси доимо ёдда қолади.
Юртимиздан 15 000 дан зиёд, Фарғона вилоятидан эса 1600 дан ортиқ мўмин-мусулмонлар Ҳаж амалларини адо этдилар. Зиёратда бўлган ҳожиларнинг айримлари таассуротларини бўлишди.
Иброҳимжон Рустамов:
– Ҳожиларнинг улуғ сафарга йўл олишида ҳужжат ишларидан тортиб, шифокор кўригидан ўтишгача барча жараёнлар тизимли ва хавфсиз ташкил этилди. Мадинаи мунавварага келиб, амалларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларига кириш билан бошлаш биз учун жуда хурсандлик бағишлади. Ўзимизнинг ва юборилган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда ҳазрати Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларга етказдик. Дуоларда юртимиз тинчлиги, эл фаровонлиги, яқинларимиз ва барча юртдошларимизнинг хайрли ҳолати учун илтижо қилдик.
Зиёратлар чоғида Уҳуд ва Қубо масжиди, икки қиблали масжид ва бошқа муқаддас жойлар саёҳат қилинди. Илмий суҳбатлар ва тарихий воқеалар қалбимизга чуқур таъсир қилди. Мадинадаги вақтимиз ибодат билан ўтди.
Маккаи мукаррамага автобусларда “Лаббайка” садолари остида йўл олдик ва шу куниёқ гуруҳимиз билан тўлиқ Умра ибодатини адо этдик. Мино, Арофот, Муздалифа ва Каъба атрофидаги ибодатлар давомида жамоавий дуо ва зикрлар билан тавоф қилиш, гуруҳимиз тартиби ҳамда бирдамлиги бошқалар учун ҳам ибрат бўлди.
Шу улуғ сафарда ўзимни мусулмон ва ўзбекистонлик сифатида бахтли ҳис этдим. Ҳотиржам ибодат қилишимга яратилган имкониятлар учун юрагимдан шукроналар айтдим. Гуруҳимиздаги ҳар бир зиёратчи юрт тинчлиги, оилалар баракати, фарзандлар саодати учун чин дилдан дуо қилди.
Бу сафар биз учун буюк имконият бўлди. Барча ташкилотчилар, йўлбошчилар, хизматчилар ва, албатта, давлатимиз раҳбариятига чуқур миннатдорлик изҳор этамиз. Келгусида манавият тарғиботчиси сифатида ватанимга ва халқимга сидқидилдан хизмат қилишда давом этаман, инша Аллоҳ.
Қурбонали Арипов:
— Ҳаж сафари жуда чиройли ўтди. Жуда ҳам ҳурсандмиз. Президентимизга шундай шароитларни яратиб берганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Юртимиз учун дуолар қилдик, муқаддас зиёратни адо этишга имкон бўлган кунларга шукроналар айтамиз. Эндиликда маҳалламизда ёшларга таълим-тарбия беришда, маънавият тарғиботида фаол иштирок этамиз. Эзгу ишларга бош-қош бўлишга ҳаракат қиламиз.
Ҳожиларнинг улуғ сафарга келишида ҳужжат тайёрлашдан тортиб шифокор кўригидан ўтишда тизимли иш ташкил этиб, намунали ҳолда хавфсизлигимизни таъминлаб, бизни сафарга кузатишди.
Толибжон Ўрмонов:
— Мен аввал зиёратга борганлардан эшитган-билганларимга таққосласам, буйилги зиёрат умуман ўзгача бўлди. Ишчи гуруҳ, эликбошилар хизматини алоҳида қайд этиш керак. Давлат раҳбарининг ҳожиларга берган эътибори ҳаммани хурсанд қилди.
Муборакхон Иномова:
— Таассуротларимни тил билан ифодалай олмайман, Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррама каби улуғ даргоҳларга аввало қадамим етгани мен учун катта бахт. Айниқса, юртбошимизни бизни ортимизда туриб ҳол-аҳвол сўрагани, бизга табрик йўллаганларидан кўзимга ёш олдим. Жуда ҳам қувондим, шундай президентим борлигидан.
Қайси бир ҳожи билан суҳбатлашманг юзида хурсандчилик ва шукроналик ифодасини кўрасиз. Аллоҳ барчаларини ибодату дуоларини қабул қилсин!
Раҳматуллоҳ Жалилов
тайёрлади