Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

Ота-она – жаннат эшикларидан бири

11.08.2021   5853   6 min.
Ота-она – жаннат эшикларидан бири

Бизга ота-онадек буюк неъматни ато этган Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога битмас туганмас ҳамду саноларимиз, ота-онага хизмат қилиш ва уларнинг дуолари сабабли жаннатий бўлиш башоратини берган икки олам сарвари, буюк хулқларни камолига етказган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотларимиз бўлсин.

Бизни дунёга келишимизга сабабчи бўлган, авайлаб-асраб турли хавф-хатарлардан омонда сақлаб ўстирган, ниманики хоҳласак биз учун муҳайё қилган, бизларга одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, дин ва дунё илмларини таьлим берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган, умрлари ниҳоясигача ардоқлаб ўтган ота-оналаримизни ҳурматлаш, уларга яхшилик қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш ҳар бир фарзанднинг энг шарафли бурчи саналади.

Бу бурч Аллоҳ таоло томонидан барча инсонларга буюрилган гўзал инсоний фазилат, ҳақиқий инсон табиатида хос бўлган бошқа жонзотларга намуна бўладиган амалдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди. (Эй инсон), агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етишса, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Роббим, мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қил!” (Исро сураси, 23-24-оятлар).

Аллоҳ таоло бандаларига қатъий қилиб фақат ўзигагина ибодат қилмоқликка ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. Уларга яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарди, ҳатто ота-онага яхшилик қилиш баъзи ибодатлардан ҳам афзалроқдир.

Ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиб, мудом уларнинг ҳолидан хабар олиб хизматида бўлиш, улар ёқтирмаган нарсалардан йироқ бўлиш, улар вафотидан кейин дўстлари ҳолидан хабар олиб туриш ҳам уларга нисбатан яхшилик қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини ота-онасига ҳатто “Уф” деган сўзни айтмасликка буюради. “Уф” калимаси бирор нарсадан безор бўлганда айтиладиган сўз бўлиб, аслида инсон ўзига етган чанг-ғубор ва шунга ўхшаш ёқимсиз нарсаларни ўзидан даф қилиш учун айтиладиган сўздир. Шунингдек оятда ота-онага бақирмасликка буюрилган бўлиб, улар ҳузурида бошқага бақириш ҳам ота-онага нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Жумладан, уларга дунёдаги энг яхши — чиройли сўзларни топиб сўзлашга ҳамда улар хизмати учун ўзни хору-ҳокисор тутишга буюриладики, бу ота-онанинг фарзанди олдида нечоғлик улуғ мартабада эканлигини англатади.Демак, ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини ҳоксор тутиш,уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурч ва вазифаларидандир.

Каъбул Ахбордан ривоят қилинади: «Луқмон ўғлига шундай деди: «Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади. Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан». Луқмони ҳаким ва унинг ўғлига қилган насиҳатлари Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган. Бу ривоятдан Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳатлари ҳадисларда ҳам баён қилинганини билиб оламиз. «Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади». Халқимизда Ота рози – Худо рози, она рози – Худо рози, деган гаплар мана шу ҳадислардан олиниб, мақолга айлантирилган. Шунинг учун албатта, фарзандлар ота-оналарининг розилиги учун ҳаракат қилишлари, бу масалада ниҳоятда эҳтиёт бўлишлари лозим.«Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади». Ота-онанинг розилигини топиш учун ҳаракат қилиш билан бир қаторда уларнинг норозилигига учрашдан ҳам сақланиш лозим бўлади. Чунки ота-онанинг норозилиги Аллоҳнинг норозилигига сабаб бўлади.Ушбу икки ишнинг ўзи фарзанднинг жаннатга киришига сабаб бўлиши турган гап. Аммо, шу билан бирга, яна ҳам таъкидлаш учун қуйидаги жумла ҳам келтирилмоқда: «Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан».бу ривоятда ота оналар айнан «жаннат эшиги» деб аталмоқда. Бу ибора яна ҳам таъсирчан чиққан.Бас, ҳар бир фарзанд ота-онасининг розилигини топиб, улар орқали жаннатга кириш пайидан бўлсин.

Амрата бинти Абдураҳмондан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тушимда ўзимни жаннатда кўрибман. Бир қорини эшитдим ва: «Бу ким?» деб сўрадим. «Ҳориса ибн Нуъмон. Яхшилик шунақа бўлади. Яхшилик шунақа бўлади», дейишди. У одамларнинг онасига энг кўп яхшилик қиладигани эди», дедилар».

           Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу онасининг розилигини олган, хизматини қилган фарзандлардан экан. Ана шу сабабли у кишининг жаннатга тушиш башорати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тушларида кўрсатилган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тушларида жаннатда юриб, Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг у ерда қироат қилаётганларини эшитиб, сўраб, у кишининг кимликларини билган эканлар.Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу онасига ўз қўли билан таом берар экан. Бирор гапларини англамай қолса ҳам, «Нима дедингиз?» деб сўрамас, ташқарига чиққанда, бошқалардан «Онам нима дедилар?» дея сўрар эканлар. Бу ишни қилиш учун сабр билан бирга чексиз ихлос ҳам керак бўлади. Шунингдек, катта одамга доимий равишда қўли билан таом егизиб бориш ҳам мислсиз чидам билан бирга беназир муҳаббат ва эҳтиромни ҳам тақозо қилади. Она гапирганида бирор сўзни англамай қолган фарзанд онасининг ўзига индамай, ташқарига чиқиб, «Ҳозир онам нима дедилар?» деб сўраши онага бўлган эҳтиромнинг олий намунаси, десак муболаға бўлмайди. Албатта, зикр қилинган нозик ишларни қойилмақом қилиб ўринлатган одам улардан бошқаларини гўзал тарзда жойига қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳуга жаннат башоратини берганлар. Ҳориса ибн Нуъмон розияллоҳу анҳунинг оналарига кўрсатган хизматлари ҳар бир мўмин-мусулмон фарзандга яхши ўрнак, гўзал намуна бўлиши лозим.

 

Алишер ЖУМАЕВ,

Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

13.08.2026   31327   3 min.
Имом-хатиблар: «Ислом цивилизацияси маркази Учинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси»

Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.

«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.

Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.

Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.

«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.

Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.

Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.

«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.

Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари