Бугун, 11 август куни Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими учун тест синовлари бўлиб ўтди.
Дастлаб, абитуриентлар карантин чора-тадбирларига мувофиқ, институт ҳовлисидаги очиқ ҳаводаги имтиҳон ўтказиладиган жойдаги парталарга жойлаштирилди. Уни интитут ректори У.Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.
Сўнг институт ходими Козимхон қори Асроровнинг Қуръон тиловати ва устозларнинг хайрли дуолар қилишди.
Кириш имтиҳони аввалида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов бўлажак толиби илмларга муваффақият тилади.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамовлар, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.
Кейин тест саволлар китобидан фойдаланиш ва жавоблар варақасини тўғри бўяш бўйича тушунча берилди. Тест материаллари абитуриентларга тарқатилгач, уларни ечиш учун 2 соат вақт ажратилди.
Эслатиб ўтамиз, Модуль таълимида камида 5 йил мобайнида масжидларда ишлаб келаётган ўрта махсус диний маълумотли имом-хатиблар ўқиши мумкин. “Имом-хатиб” талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида масжиддаги иш фаолиятидан бўшамаган ҳолда, 3 йил таҳсил олади.
Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига modul.muslim.uz сайти орқали 192 нафар абитуриент ариза топширган эди.
Тест синови жараёни онлайн узатилди. Қуйида ушбу видеони томоша қилишингиз мумкин:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.