Австралиялик тадқиқотчилар қора седана коронавирус инфекциясини даволашда фойдали эканини исботлади, деб хабар беради daryo.uz «Korrespondent.net»га т аяниб.
Таъкидланишича, Nigella Sativa уруғлари — седана, қора зира, Рим кашничи асрлар давомида кўплаб касалликлар, хусусан, яллиғланиш ва инфекцияни даволашда фойдаланиб келинган.
Олимларнинг қайд этишича, Nigella Sativa’нинг фаол таркиби бўлган тимохинон SARS-CoV-2 вирусининг оқсили тиканларига «ёпишиб» олиб, уларнинг ўпка инфекциясини чақиришини блоклаши мумкин.
«Шунингдек, бу коронавирус билан касалхоналарга ётқизилган оғир аҳволдаги беморлардаги ‘цитокин бўрони’ни блоклай олади», — дейилади тадқиқотда.
Тимохинон яллиғловчи кимёвий воситалар — интерлейкинлар ажралишининг олдини олиб, инсоннинг иммун тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Шу орқали у аллергик касалликлар — астма, экзема, артрит, склероз ва ҳатто тилла стафилококни даволашда муҳим роль ўйнайди.
Аммо уни ошқозон-ичак трактида табиий сўрилиш ёмон бўлган ҳолатда ишлатмаслик керак.
Қора седана мусулмонлар томонидан 14-асрдан бери кенг ишлатиниб келинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Унинг лафзи қуйидагича: «Сизлар мана бу қора донани лозим тутинглар. Чунки унда сомдан бошқа барча дардга шифо бор. Сом ўлимдир».
Ибн Абу Атийқ розияллоҳу анҳу бир беморнинг олдига кирди ва: «Сизлар мана бу қора доначани лозим тутинглар. Ундан беш ёки олти дона олиб, майдалаб туйинглар. Сўнгра унинг бурнига зайтун ёғи билан мана бу тарафга, мана бу тарафга томизинглар. Оишанинг менга айтишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, мана бу қора донада сомдан бошқа барча дардга шифо бор», деганларини эшитган экан», деди.
«Сом нима?» деган эдим.
«Ўлим», деди» Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифларда «қора дона»ни ўлимдан бошқа барча дардларга даво экани қайта-қайта таъкидланмоқда. Бу маънони қандоқ тушунмоқ керак?
Уламоларимиз бу саволга атрофлича жавоб берганлар. Уларнинг ҳамма жавобларида ҳам ушбу ҳадиси шарифларнинг маъносини сиртдан кўрингандек тушунмаслик кераклиги таъкидланган.
Хаттобий:
«Бу ерда умумий гапириб, хусусийни ирода қилиш қоидаси ишлатилган. Бу ерда ҳамма дардлар дейишдан, рутубат ва балғамдан келиб чиқадиган хасталиклар ирода қилинган», деган эканлар.
Абу Бакр ибн Арабий бўлса: «Табиблар наздида «қора дона»дан кўра асал барча дардга даво бўлишга яқинроқ. Шундоқ бўлса ҳам баъзи хасталикка йўлиққан кишилар асал ичсалар озор топадилар. Аллоҳ таоло асалда одамлар учун шифо бор, деган бўлса ҳам уни ғолибо маъносида тушунилгандан кейин «Қора дона»ни ҳам шунга яқин маънода тушуниш лозим», деган.
Бошқалар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давони хастанинг ҳолига қараб туриб васф қилар эдилар. У зотнинг «қора дона» ҳақида айтган гаплари маълум кишиларга тегишли бўлган», деганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби