Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги ташкил этилган “Қуръон тажвидини ўргатиш” бўлими мудири ўринбосари вазифасига Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори, таниқли блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) тайинланди.
Аброр Мухтор Алий Андижон вилоятида жойлашган “Саййид Муҳйиддин Маҳдум” мадрасасидаги тайёрлов курсида таҳсил олиб, Наманган шаҳридаги “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) ўрта-махсус диний таълим муассасасида ўқиган. Шундан сўнг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олган.
2008 йил Республика қорилар мусобақасида иштирок этиб, “мужаввид қорилар” йўналиши бўйича 3-ўринни олган. 2008 йил Тошкент вилояти “Олимжон ота” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаган. 2008-2009 йилларда Хоразм вилоятидаги “Фахриддин ар-Розий” ўрта-махсус диний таълим муассасаси ўқитувчи вазифасида хизмат қилган. 2009-2011 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг Олий журналистика курсларида таҳсил олиб, магистрлик даражасини олган.
Машҳур аллома Изуддин Байянунийнинг “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” номли китобини ўзбек тилига таржима қилган. “Олтин силсила” ҳадислар тўплами таржимонларидан бири ҳисобланади.
Аброр Мухтор Алий блогер сифатида ҳам катта шуҳрат қозонган. Воқеа-ҳодисаларга тезкор ва илмий асосли муносабат билдириши ҳам эътиборга моликдир.
Ҳақ таоло Аброр Мухтор Алийга масъулиятли ва шарафли вазифасини муборак айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати