Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин
Мўминлар учун ҳар куни 5 маҳал дуолари ижобат бўладиган вақт бор. Унда қилинган дуолар Аллоҳ таолонинг наздида қабулдир. Бу вақт – муаззин азон айтган лаҳзалардир. Бу ҳақда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: "Азон ва иқомат орасидаги дуо рад қилинмайди", дедилар. Шунда саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деб дуо қилайлик?" деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таолодан дунё ва охират офиятини сўранг", дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Саҳобалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муаззинлар биздан кўра кўпроқ фазилатга эга-ми?" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачонки азон эшитсанг, муаззин айтаётган нарсани айт. Азон тугагач эса Аллоҳга дуо қил. Сўраган нарсанг берилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос ибн Уҳайб Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким муаззин айтган нарсани айтса ҳамда “ҳаййа ала” (ҳаййа алас солат ва ҳаййа алал фалаҳ) ларда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата” деса жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачонки муаззиннинг овозини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринг, сўнгра менга салавот айтинг. Зеро, ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам Маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким муаззинни эшитганда: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадир Расулан ва бил Ислами дийнан” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳни Робб деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб, Исломни дин деб рози бўлдим”) деса, гуноҳлари мағфират қилинади", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Ўзига ихлос ила дуо қилишимизга тавфиқ ато этсин. Дуоларимизни қабул қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати