Хабарингиз бор, икки ойдан бери уламоларимиз кенг халқ оммаси билан учрашиб, чекка ҳудудлардаги аҳоли билан мулоқотлар, жоме масжидларда мавъизалар ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдамлар кўрсатиб келмоқдалар.
Аллоҳга шукрки, Қуръони каримга мухлис халқимизнинг истакларини инобатга олган ҳолда юртимизда Аллоҳнинг каломини ўрганиш ва ўргатиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, она-Ватанимизда Мусҳафи Шариф чоп этилиши, қорилар мусобақалари ўтказилиши ва Қуръон курслари кенгайишини алоҳида қайд этиш мумкин.
Мана шундай қувончли воқеалар давом этиб, диёримиздаги малакали қори устозларга Қироат илми бўйича Ижоза тақдим этиш каби хайрли анаъна жорий этилди. Қироат илми устози, 10 та қироат соҳиби Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли мана шундай хайрли ишни бошлаб бердилар.
Айтиш керакки, Шайх Алижон қори Қуръони карим ва тажвид илми матнлари бўйича энг мўътабар устозларнинг ижозаларини олган. Шунингдек, у дунёдаги машҳур қироат алломаларига Қуръони каримни табаррукона ўқиб берган. Шайх Алижон қори дунёнинг кўплаб қироат илми уламолари томонидан эътироф этилган забардаст қорилардан бири. У Қуръон таълимида минглаб шогирдларнинг устози саналади.
Мазкур сафарлар давомида Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли томонларидин Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий ўрта махсус диний таълим муассасасининг “Қуръони карим ва тажвид” курси ўқитувчиси Музаффар қори Aҳмедов, Қашқадарё вилоятидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус диний таълим муассасаси ўқитувчилари Саидмуҳаммад қори Муҳибуллаев, Акбархон қори Асқаров ва Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жоме масжиди ходимлари Яҳёхон қори Аҳмедов ва Абусаидхон қори Валиевга Қуръони каримнинг тегишли сура ва оятлари бўйича Ижоза шаҳодатномалари тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, Ижоза – ижоза берувчи шайх (муқрий)дан ижоза олувчи толиб (қорий)га ўқиш ва ўқитиш учун бериладиган шаҳодатдир. Ижоза – авлоддан авлодга Қуръони каримни овоз ила нақл қилишлик амалиётидир. Унга кўра, ижоза берувчини «Албатта, ижоза олувчининг тиловати бир ривоят ёки ривоятларга кўра юз фоиз тўғри бўлди», деб гувоҳлик бериши ҳамда унга Қуръони каримни ўқиш ва ўзидан бошқасига ўқитиш учун изн (рухсат) беришидир.
Аллоҳ таоло қориларимизнинг илмларини янада зиёда қилсин, олган ижозаларини муборак айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати