Инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.
Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Демак, мусулмон киши ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватан менга нима берди?” деб эмас, балки “мен Ватанимга нима қилдим?” деган туйғу билан яшамоғи лозим.
Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби, устоз Абдулҳаким домла Матқулов “Сарой” жоме масжидига ташрифи чоғида айни шу мавзуда гўзал маъруза қилиб бердилдар. Суҳбат якунида юртимиз тинчлиги, инсоният бошига тушиб балонинг тезда кўтарилишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ботирхон домла Рўзиевнинг падари бузрукворлари Жониқул отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ботирхон домла Рўзиевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz