Инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.
Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Демак, мусулмон киши ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватан менга нима берди?” деб эмас, балки “мен Ватанимга нима қилдим?” деган туйғу билан яшамоғи лозим.
Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби, устоз Абдулҳаким домла Матқулов “Сарой” жоме масжидига ташрифи чоғида айни шу мавзуда гўзал маъруза қилиб бердилдар. Суҳбат якунида юртимиз тинчлиги, инсоният бошига тушиб балонинг тезда кўтарилишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким субҳ кирганда «Субҳаналлоҳи ҳийна тумсуна ва ҳийна тусбиҳуун»ни то «ва казалика тухражун»гача айтса, ўша куни ундан ўтиб кетган нарсани идрок қилади. Ким уларни кеч кирганда айтса, ўша кечаси ундан ўтиб кетган нарсани идрок қилади», дедилар».
Абу Довуд ривояти.
Бу ривоятда ўқиб юриш тавсия қилинаётган нарса «Рум» сурасидаги уч оят – 17, 18 ва 19-оятлардир. Уларни ёдлаб, ўқиб юришга одатланган одамларга кўп нарса ваъда қилинмоқда. Жумладан, ўша кун ёки тундаги ўтказиб юборган яхшиликларнинг савобига эришади.
Мазкур уч оятнинг маънолари ва тафсири билан танишиб қўяйлик.
«Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг» (17-оят).
Аллоҳни поклаб ёд этишдан мурод тасбеҳ айтиш. Тасбеҳ энг аввало дилда бўлиб, сўнгра тилга кўчади. «Субҳаналлоҳ» калимасини такрорлаш тасбеҳ айтиш ҳисобланади.
«Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этинг)» (18-оят).
Дунёда барча ҳамду сано, мақтов Аллоҳнинг Ўзига хосдир. Сизлар Унга оқшом ва Пешин пайтларида ҳам тасбеҳ айтингиз.
«Ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш, (сиз ҳам) чиқарилурсиз» (19-оят).
Ушбу оятда ҳар доим борлиқда такрорланиб турадиган ҳолат ажойиб услубда баён қилинмоқда. Бу дунёда доимий равишда ўликдан тирик, тирикдан ўлик чиқиб туради. Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам такрорланиб туради. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло амалга оширади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи