2025 йили Чеченистон пойтахти Грознийда Мусо пайғамбар номидаги илмий-маърифий ислом марказини очиш режалаштирилган. Бу ҳақда Чеченистон маданият вазири ўринбосари Мамед Мадаев “IslamNews”га маълум қилди.
“Грозний шаҳрида кўплаб исломий мажмуалар, масжидлар, ҳофизлик мактаблари қурилган ва ҳозирда ҳам қурилмоқда. 2025 йилда Россиядаги энг йирик илмий-маърифий ислом маркази очилади”, деди у Грознийнинг маданият пойтахти тақдимоти чоғида.
Мазкур ислом маркази ҳудудида Россиянинг энг йирик илмий-маърифий мажмуаси ва масжиди қурилади. Шунингдек, унинг таркибида кутубхона ва синфхоналар, қадимий қўлёзмаларини тиклаш учун тадқиқот бўлимлари ташкил этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.