Аллоҳ таоло ўз бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зотки, кичик амалларга ҳам улкан ажр-мукофот беради. Икки марта "Алҳамдулиллаҳ" дейиши туфайли бандасидан рози бўладиган Зот нақадар саховатлидир!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Банда овқат еб, ортидан ҳамд айтса ёки ичимлик ичиб, ҳамд айтса, Аллоҳ (у) бандасидан рози бўлади", дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳнинг розилиги эса улкан мукофотдир. Қуръони каримда: «...Аллоҳнинг розилиги эса, ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу Буюк саодатдир» (Тавба сураси, 72-оят), дейилган.
"Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар" китобидан.
#xabar #seminar #imom #malaka
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 8–9 сентябрь кунлари Диний идоранинг Масжидлар билан ишлаш ҳамда Кадрлар бўлимлари ҳамкорлигида республикамиз бўйича янги лавозимга тайинланган 55 нафар имом-хатиб ва имом ноиблари учун икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов, Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, шунингдек, Фатво маркази, Кадрлар билан ишлаш, Ички назорат бўлими мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича маъруза қилдилар.
Хусусан, соҳа мутасаддилари томонидан муваффақиятли имом бўлиш омиллари, гўзал қироат ва тажвид қоидалари, шаръий масалаларга тўғри ёндашиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш (KPI), қонун-қоидаларга қатъий риоя этиш, меҳнат муносабатлари ҳамда жамоат билан ишлаш кўникмалари юзасидан зарур амалий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати