Риё — иш ва ҳаракатларни кўрсатмоқ, бир яхшиликни ёки амални Аллоҳнинг розилиги учун эмас балки, инсонларнинг мақтови учун қилишдир. Бу ҳаракатларни амалга оширган инсонга риёкор дейилади.
Риё — инсонлар орасида руҳий таъсир, шон-шуҳрат, моддий фойда учун қилинади. Дунёга оид бу каби моддий ва маънавий фойдаларни қўлга киритиш учун, динга бўлган ҳурмат ва эътиборни ишлатиш, риёнинг энг ёмон шаклидир. Бундай ҳаракатлар ҳийлакорлик ва ёлғончиликдир.
Риёкор — кишининг сўз ва ҳаракатларидаги самимиятсизликлари, бошқа инсонлар томонидан қисқа вақтда билинади. Бу инсонларга ҳеч ким ишонмайди. Риёнинг ҳаммаси ахлоқсизлик бўлгани каби, ибодатларда риёкор бўлиш энг катта ахлоқсизликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта сиз учун энг қўрқадиган нарсам, кичик ширк, яъни риёдир» деганлар (Термизий ривоят қилган).
Ибодат Аллоҳ учун қилинади. Аллоҳнинг розилигидан бошқа бир мақсад учун ибодат қилиш, Аллоҳнинг розилигини ўртадан олиб ташлайди. Кўрсатиш ва фойда тушунчаси билан Қуръон ўқиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳажга бориш, садақа бериш ибодатларни хабата, яъни бекорга чиқаради.
Аллоҳ таоло бу ҳақда Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетказманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар» (Бақара сураси, 264-оят).
Шу ҳолда, Аллоҳнинг буйруғини ва розилигини ўйлаб эмас, диндор кўриниш учун ибодат қилиш, олим ва билимли дейишсин, дея илм билан машғул бўлиш, саҳий деб номланиш учун закот ва садақа бериш, риёдан иборат ёмон ҳаракатдан бошқа бир маъно ифода қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Шубҳасиз риё ширкдир» (Ибн Можа ривоят қилган).
Аллоҳга ва инсонларга қарши ўзини самимий тутиб риёдан узоқ туриш, иложи бўлса, ибодатларни яширин қилиш, Аллоҳнинг розилигини инсонларнинг мақтовига, истагига, қўрқувига қарши танлаш ҳар бир мусулмоннинг тамойилидир.
Интернет манбалари асосида тайёрланди
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб эълон қилинган «Маҳалла ободлиги ва меҳр-оқибат ойлиги» доирасида хайрли ва савобли тадбирлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда Хўжайли туманидаги «Пирим эшон» жоме масжиди ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов, қози ўринбосари А.Джолаушиев, Хўжайли тумани бош имом-хатиби И.Шерниязов, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда жорий йилда Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирок этдилар.
Саховатпеша ҳомийлар кўмаги билан ташкил этилган ушбу акция доирасида туманнинг 14 та маҳалласида яшовчи 70 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Хонадонларга ташриф буюрилиб, фарзандлар учун мактаб формалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди, диний соҳа вакиллари ва ҳожи оталар фуқаролар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар.
Халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бу каби хайрия тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати