Шу йил 28 июль куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Сурхондарё вилоятига ташрифлари бошланади.
Сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.
Ушбу сафарга Тошкент шаҳридан қуйидаги уламоларимиз боришлари кўзда тутилган:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Эрдон домла Эсонов;
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;
Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов;
Яшнобод тумани бош имом-хатиби Фазлиддин домла Аллаёров;
Фарғон вилояти Тошлоқ тумани бош имом-хатиби Шукруллоҳ домла Эгамбердиев;
Тошкент шаҳри “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдулҳаким қори Матқулов;
Тошкент шаҳри “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ;
Тошкент шаҳри “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;
Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Ташанов;
Тошкент шаҳар “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
Тошкент шаҳар “Умар ибн Хаттоб” масжиди имом-хатиби Мансур домла Даминов;
Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этиши режа қилинган.
Аллоҳ таоло вилоятимизга уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котибияти вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда маҳалла билан боғлиқ маданий анъана ва урф-одатлар, уларни халқаро даражада тарғиб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси котиби Фумико Охината ва Осиё-Тинч океани минтақаси учун масъул дастур мутахассиси Николас Тан мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари маҳалланинг кўп асрлик тарихи, унинг жамият ҳаётидаги алоҳида ўрни ва миллий анъаналарни сақлашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда маҳалла Ўзбекистон халқи турмуш тарзининг ажралмас қисми экани таъкидланди. У инсонларни яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва катта авлод вакилларига ҳурмат тамойиллари асосида бирлаштиради.
ЮНЕСКО Котибияти вакиллари тақдим этилган материалларга катта қизиқиш билдирди. Улар Ўзбекистонда маҳалла билан боғлиқ шаклланган жамоат ҳаёти тартибининг ўзига хос хусусиятларини эътироф этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросни тарғиб қилишдаги роли алоҳида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, ўзбек маҳалла тизими тажрибаси ЮНЕСКО Котибияти мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати