Шу йил 20 июль куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ), Бошқарувчилар Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ИТБ Гуруҳининг Бош котибияти тасдиғига мувофиқ, Бошқарувчилар Кенгаши Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан таклиф этилган номзод – доктор Муҳаммад Сулаймон ал-Жассирни ИТБнинг янги президенти лавозимига беш йил муддатга сайлаш тўғрисида сиртдан қарор қабул қилганлигини эълон қилди.
Бошқарувчилар Кенгаши ҳамда Икки муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукуматига ИТБни ташкил этилганидан буён қўллаб-қувватлаб келаётгани учун ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириши хусусида қарор қабул қилди.
Қарорда доктор Бандар ибн Муҳаммад Ал-Ҳажар Жаноби Олийлари томонидан сайланганидан буён ИТБ тузилмалари ва ИТБ Гуруҳи олдида амалга оширилган мукаммал фаолияти ҳамда ўтган давр мобайнида жаҳон молия бозорларидаги молиявий ташкилотлар орасида ўз мавқеини кўтаришга имкон берган улкан муваффақиятлари Банк Бошқарувчилари Кенгаши томонидан эътироф этилгани ва юқори баҳолангани акс эттирилган.
Маълумот учун, янги президент – Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир Калифорния университетида иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасини олган. 2009-2011 йилларда Саудия Арабистони Марказий банки раиси, 2011-2015 йилларда Саудия Арабистони иқтисодиёт ва режалаштириш вазири лавозимларида ишлаган; айни пайтда подшоҳлик Вазирлар Кенгаши Бош котибиятида маслаҳатчи сифатида фаолият юритмоқда.
ИТБ – 57 та ҳиссадор аъзо иштирокидаги, ислом молиясини қўллаб-қувватловчи халқаро молиявий институт. 1973 йилда ташкил этилган, бош штаб-квартираси Жидда шаҳрида.
Kun.uz маълумотига кўра, ушбу банк – Ўзбекистоннинг асосий 10 та кредиторлари қаторида туради. 2021 йил 1 апрель ҳолатига, Ўзбекистон давлат ташқи қарзининг 0,9 млрд доллари Ислом тараққиёт банкига тўғри келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги делегация 23 август куни Россиянинг Жанубий федерал округига амалий ташрифи доирасида Ростов вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Иш сафари давомида вилоят раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиб, унда Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мигрантлар ҳуқуқлари, уларни ижтимоий ҳимоялаш, меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Делегация Дон давлат техника университетига (ДДТУ) ташриф буюриб, у ерда музокаралар ўтказди, таълим ва фан соҳасидаги илғор тажрибалар билан танишди.
Энг йирик машинасозлик корхонаси – "Ростсельмаш" корхонаси фаолияти ўрганилди, "ЮгСтройИнвест" ва "Авакон" қурилиш объектларида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, яшаш ва дам олиш шароитлари ўрганилди.
Ишчи ташриф якунлари бўйича мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва маданий алоқаларни кенгайтириш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон ва Ростов вилояти ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш ва "йўл хариталари"ни тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили масжидларда Ўзбекистон фуқаролари билан жума намозида иштирок этди. Жамоатчилик билан маънавий-маърифий тарбия ва диний бағрикенглик масалалари юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Ўзбекистон фуқароларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар берилди.
Мустақиллик байрами муносабати билан ташкил этилган ишчи ташрифи доирасида Ростов шаҳрида меҳнат қилаётган фуқаролар учун байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов томонидан фуқароларнинг экстремистик ташкилотлар фаолиятига кириб кетишининг олдини олишга қаратилган профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ўзбекистон делегацияси Россия Ички ишлар вазирлигининг Ростов вилояти бошқармаси раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди ва унда миграция сиёсати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, вилоятда истиқомат қилаётган мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқий ҳолатини қонунийлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, хорижий фуқароларнинг хавфсиз ва қонуний яшаши учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати