Шуни маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари айни кунда Москва шаҳрида ўпка ва қон томир касалликлари муолажасини ўтамоқдалар. Ҳазратнинг ҳолатлари барқарор. Зарур, барча чора-тадбирлар малакали шифокорлар томонидан амалга оширилмоқда.
Муфтий ҳазратларининг ҳақларига Аллоҳ таолодан шифои комил, тан-сиҳатлик, узоқ умр, мусулмон умматига ва халқимизга узоқ йиллар хизмат қилишларини Яратган Парвардигордан илтижо қилиб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
"Вақф" хайрия жамоат фондининг Хоразм вилояти филиали томонидан кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган 35 нафар болажонларнинг суннат тўйи байрамона кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбирда "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Ойбек домла Хушвақтов, маҳаллий мутасаддилар, нуронийлар, ҳомийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар юртимизда инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва хайр-саховат қадриятларини мустаҳкамлаш, айниқса, етим ва эҳтиёжманд болаларга қувонч улашиш энг улуғ ва савобли амаллардан бири эканини таъкидлади.
Байрам дастури болалар учун тайёрланган махсус шоудастурлар ва қизиқарли ўйинлар билан бойитилди. Тадбир якунида барча болажонларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашдаги фидокорона хизматлари учун "Вақф" фонди Хоразм вилояти филиали раҳбари Алижон домла Матяқубовга ташаккурнома топширилди.
Файзли ўтган тадбир якунида ушбу саховат тадбирига ҳисса қўшган барча ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати