Маълумки, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит байрами бўлади. Ундан олдинги бир кунни эса халқимиз Арафа куни дейди.
Хўш, Арафа қандай кун?
“Арафа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида "билиш", "таниш" каби маъноларни англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Арафа – (арабча) Макка яқинидаги тоғ номи; билиш, таниш. Қурбон ҳайитидан олдинги кун” деб изоҳланади.
Баъзилар "ҳаж қилувчиларнинг асосий зиёрати Арафот тоғида ўтганлиги ва ана шу куннинг эътиборидан ҳайитдан олдинги кун арафа куни дейилади", дейишади. “Ислом энциклопедия” китобида бундай изоҳ берилади: “Арафа-(араб. – билмоқ, танимоқ, маърифат ҳосил қилмоқ). 1) ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича 12 ой (Зулҳижжа)нинг 9 куни номи. Куннинг арафа деб аталишига сабаб Иброҳим алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом ҳаж ибодатининг арконларини ўргатган. Шу боис ҳожилар зулҳижжа ойининг 9 куни Арафот тепалигига чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат, дуо ва илтижо билан машғул бўлишади; 2) Ҳайитдан олдинги кун. Шундан келиб чиқиб, мусулмон халқлар орасида тантанали, оламшумул воқеалар ва байрамлар олдинги кун ва муддатни ҳам Арафа деб номлаш одатга айланган[1]”.
Айримлар эса арафа чин ва ёлғон арафа кунларидан иборат дейишади. Уларнинг фикрига кўра, арафа кунидан олдинги кунни ёлғон арафа куни ҳисобланади. Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳиссалом туш кўрадилар. Тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилишга буюриладилар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом бу бир туш деб ўйлаб, тушни ёлғон ёки чинлигига шубҳада бўладилар. Туш кўрилган ўша кун ёлғон арафа куни бўлиб қолди дейишади. Эртасига Аллоҳ таолонинг инояти билан Иброҳим алайҳиссалом яна ўша тушни қайта кўрадилар. Шу жиҳатдан бу кун чин арафа куни дейилади, дейишади.
Арафа куни дунё кунларининг ичидаги энг хайрли кунларнинг биридир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да бундай марҳамат қилади: “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да: “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам, деяпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланган. Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва жонлиқ сўйиш бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло айтади: "Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)" (Ҳаж сураси, 28-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розиялоҳу анҳу ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир[2]”.
Арафа кунида Аллоҳ таоло Ўзининг динини комил қилиб берилгани ҳақидаги оятни нозил қилган: "Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да бундай дейилади: “Мазкур ояти карима Арафа куни нозил бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилиш учун Маккага бордилар ва Арафотда машҳур хутбаларини қилдилар. Хутбани тамомлагач, уч марта: “Аллоҳим, шоҳид бўл!” дедилар. Худди шу пайтда юқоридаги ояти кариманинг охирги жумлалари нозил бўлди. Имом Бухорий бундай ривоят қилади: “Бир яҳудий Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, “Сизлар бир оятни ўқийсизлар, агар ўша оят бизга нозил бўлганида, уни байрам қилиб олган бўлур эдик”, деди. “Мен ўша оятнинг қачон, қаерда, қандай нозил бўлганини биламан. Аллоҳга қасамки, бу арафа куни бўлиб, биз ҳам Арафотда эдик”, дедилар ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу[3]”.
Арафа кунида Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини мағфират этади, кўп бандаларини дўзахдан озод қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Арафа кунидан кўра Аллоҳ унда бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқ", деганлар (Имом Муслим ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади" (Имом Муслим ривояти).
Ибн Абдул-Барр айтадилар: «Бу ўша бандаларнинг гуноҳлари мағфират этилганига ишорадир. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳ-маъсият аҳли билан ҳеч қачон фахрланмайди. Фақат тавба ва мағфиратдан сўнг бу нарса бўлиши мумкин».
Арафа байрам қилинадиган кундир, чунки у байрам кунлар сирасига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз – Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти).
Арафа кунида нафл рўзаси тутган киши икки йиллик гуноҳларига каффоратни қўлга киритади. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шуни эслатиб ўтамизки, бу йилги Арафа куни 19 июль кунига тўғри келади. Келаётган Арафа кунини Аллоҳ таоло барчамизга хайрли қилсин! Аллоҳ таоло Арафа кунида қиладиган дуо, ибодатларимизни, хайрли амалларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин! Барчамизни икки дунё саодатига етказсин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими
[1] Ислом энциклопедия. Ўзб. МЭД илмий нашриёти. Т. 2017. 66-бет.
[2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019. 6-жуз. 589-бет.
[3] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019. 3-жуз. 525-бет.
Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.
Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.
Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.
Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.
Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.
Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ