Уламоларнинг Тошкент вилоятига ташрифи мўмин-мусулмонларга маънавий туҳфа бўлмоқда. Айниқса, пешин намозидан кейинги маърузалар одамлар маънавиятини юксалтириб, диний савиясини оширмоқда.
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Чиноз туманидаги “Саидраҳмон тўра”, ЎМИ раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов “Янги Чиноз”, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Оққўрғон туманидаги “Эрбўта қози”, Тошкент шаҳридаги “Исломобод” масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ домла Йўлдошев Қуйи Чирчиқ туманидаги “Янги маҳалла”, Тошкент шаҳридаги “Тўхтабойвачча” масжиди имом-хатиби Зокиржон домла Шапифов “Ўнқўргон” жоме масжидга ташриф буюриб, маърузалар қилиб беришди.
Дилдан қилинган суҳбатлар савол-жавобларга уланиб, намозхонларда катта таассурот қолдирди.
***
Масжид қурилиши кўздан кечирилди
Уламоларимизнинг Тошкент вилоятига ташрифи давом этмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марзкази масъул ходими Аброр Мухтор Али Чиноз тумани “Қози” маҳаллада бунёд этилаётган янги масжид қурилиш жараёнини кўздан кечиришиб, уста-қурувчиларга зарур маслаҳат ва тавсиялар бердилар.
Янги жоме ишга тушиши билан ўз бағрига 4 минг намозхонни сиғдиради. Ташриф сўнгида ушбу масжид тез орада фойдаланишга топширилишини сўраб, хайрли дуолар қилинди.
Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Савол: Ҳадисда “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дейилганини ўқидим. Ҳадисдаги ушбу кенгликдан мурод нима?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатда, ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Ашуро кунида аҳли аёлига кенглик қилса, Аллоҳ унга йил давомида кенглик қилади", деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар мазкур ҳадислардаги кенгликни еб ичиш, кийим-кечак ва бошқа нарсаларда кенглик қилишни ирода қилинган деганлар. Яъни одамлар шу куни оила аъзоларига худди байрамлардаги каби, балки ундан ҳам яхшироқ мўл-кўлчилик қилиб берсалар, Аллоҳ таоло уларга йил давомида кенгчилик қилади, деб тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази