Аввал хабар берганимиздек, айни кунда юртимиз бўйлаб уламоларимизнинг диний-маърифий суҳбатлари Тошкент вилоятида давом этмоқда.
Бугун, 8 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Бекобод шаҳридаги “Қора мозор” жомесига ташриф буюриб, масжид янги биноси қурилиши билан танишиб, йиғилганлар билан маърифий суҳбат қурдилар. Жумладан, уларда юртимизда амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар, бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича маъруза қилдилар. Бундан ҳудуд аҳли мамнун бўлиб, миннатдорлигини изҳор қилмоқдалар.
Шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Бекобод шаҳридаги “Нўъмон ибн Собит” жомесида, Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов Бекобод тумани "Далварзин" жоме масжидида йиғилганларга бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича маърузалар қилиб бердилар ва намозхонларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Ана шундай маърифий учрашувларни Бекобод туман “Туркман” жоме масжидида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Эргашали домла Рустамов, Бекобод тумани “Мулла Маматқул” жоме масжидида Янгийўл тумани бош имом-хатиби Қамариддин домла, Бекобод туман “Хос” жомесида Тошкент шаҳар “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” масжиди имом-хатиби Закариё домла Ҳафизуллаев, Бекобод тумани "Найман" масжидида Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов, Бекобод шаҳар “Ўзбекистон” жоме масжидида Тошкент шаҳар “Ракат” жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул домла Муҳаммадиевлар ҳам ўтказдилар.
















Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати
1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат эшикларидан бири.
ألا أدلك على باب من أبواب الجنة قال: وما هو؟ قال: لا حول ولا قوة إلا بالله
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Мен: “У нима?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар" (Имом Табароний ривояти).
2. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат хазиналаридан бири.
قل: لا حول ولا قوة إلا بالله فإنها كنز من كنوز الجنة
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар" (Имом Термизий ривояти).
3. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат кўчати.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
4. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – 99 дардга шифо бўлади.
مَنْ قَالَ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ كَانَتْ دَوَاءٌ مِنْ تِسْعَةٍ وَتِسْعِينَ دَاءٍأَيْسَرُهَا الْهَمُّ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).
5. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – фақирликни даф қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар (Ибн Абу Дунё ривояти).
6. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – неъматларнинг бардавом бўлишига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтсин", деганлар (Имом Табароний ривояти).
7. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – бало-мусибатлардан халос этади.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?" дедилар. "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ", дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади», дедилар.
Молик Ашжаъийнинг ўғли асирга тушиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни кўп айтишни буюрганлар. Натижада ўғли асирликдан халос бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўз тажрибаларида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ”ни айтиш билан мушкуллари осон, бало-офатлари даф бўлишини кўп синаб кўрганлар.
Олимлардан бири айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” калимасини кўп айтсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД