Аввал хабар берганимиздек, айни кунда юртимиз бўйлаб уламоларимизнинг диний-маърифий суҳбатлари Тошкент вилоятида давом этмоқда.
Бугун, 8 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Бекобод шаҳридаги “Қора мозор” жомесига ташриф буюриб, масжид янги биноси қурилиши билан танишиб, йиғилганлар билан маърифий суҳбат қурдилар. Жумладан, уларда юртимизда амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар, бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича маъруза қилдилар. Бундан ҳудуд аҳли мамнун бўлиб, миннатдорлигини изҳор қилмоқдалар.
Шунингдек, Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Бекобод шаҳридаги “Нўъмон ибн Собит” жомесида, Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов Бекобод тумани "Далварзин" жоме масжидида йиғилганларга бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича маърузалар қилиб бердилар ва намозхонларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Ана шундай маърифий учрашувларни Бекобод туман “Туркман” жоме масжидида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Эргашали домла Рустамов, Бекобод тумани “Мулла Маматқул” жоме масжидида Янгийўл тумани бош имом-хатиби Қамариддин домла, Бекобод туман “Хос” жомесида Тошкент шаҳар “Камолиддин Ориф ал-Бухорий” масжиди имом-хатиби Закариё домла Ҳафизуллаев, Бекобод тумани "Найман" масжидида Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов, Бекобод шаҳар “Ўзбекистон” жоме масжидида Тошкент шаҳар “Ракат” жоме масжиди имом-хатиби Раббимқул домла Муҳаммадиевлар ҳам ўтказдилар.
Тошкент вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан