Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2025   |   19 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:30
Пешин
12:33
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:50
Bismillah
13 Август, 2025, 19 Сафар, 1447

09.07.2021 й. Порахўрлик – тараққиёт кушандаси

07.07.2021   5256   13 min.
09.07.2021 й. Порахўрлик – тараққиёт кушандаси

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، نَبِيِّ الرَّحْمَةِ وَرَسُولِ السَّلاَمِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحَابَتِهِ الْكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

ПОРАХЎРЛИК – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Муҳтарам жамоат! Динимиз мусулмонларни бир қанча ишларга буюрган ва бир қанча ишлардан қайтарган. Буюрилган ишларда банда ва жамиятга катта манфаатлар бўлса, қайтарилган ишларда уларга катта зарарлар бор. Ман қилинган ишларни қилишнинг зарари баъзида фақат маълум шахсларга етса, баъзисининг зарари кенг кўламли бўлиб, бутун жамиятга салбий таъсир қилади. Ана шундай иллатлардан бири порахўрликдир.

Порахўрлик – жамиятда адолат, тенглик, соғлом рақобат ва ҳалоллик устун бўлишига тўсқинлик қиладиган иллатлардан биридир. Бу иллат давлат ва жамиятнинг ривожига салбий таъсир қилгани сабабли деярли ҳар бир жамият унга қарши курашади. Курашда натижага эришганлари катта ривожланишга эришмоқдалар, уни енга олмаган жамиятларда эса бунинг акси.

Аксарияти мусулмонлар бўлган бизнинг жамиятимизда бу масаланинг ечими қандай бўлади!? Аслида, биз динимиз кўрсатмалари, севимли Пайғамбаримиз суннатларига амал қилсак, порахўрлик, коррупция ва таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди. Динимиз ва имонимиз шуни тақозо қилади.

Поранинг моҳияти ва таърифи ҳақида уламоларимиз шундай дейдилар: “Пора – бирор шахс томонидан, ҳукм қилувчи ёки бошқаларга унинг фойдасига ҳукм чиқариши ёки у истаган нарсага етказиши учун бериладиган нарса”. Бошқа таърифда: “Пора – ҳақни ботилга чиқариш ёки ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарса”, – дейилади.

Кимнидир фойдасига ноҳақ ҳукм чиқариш ёки ўзининг зиммасида бўлган иш учун пора олиш ҳеч ихтилофсиз ҳаром амал бўлиб, катта гуноҳлардан биридир.

Қуръони каримда бу мавзуда шундай дейилади:

 سَمَّاعُونَ لِلْكَذِبِ أَكَّالُونَ لِلسُّحْتِ

яъни: “(Улар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир...” (Моида сураси 42-оят). Муфассир, тобеъин Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ: “Оятдаги “ҳаром”дан мурод порадир”, деганлар.  

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳалол касб қилиш, молларини ўзаро розилик билан олишга чақиради. Ояти каримада шундай дейилади:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни:Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!(Бақара сураси 188-оят).

Бу оятнинг замирида ўғрилик, босқинчилик, алдов, фирибгарлик, жумладан, порахўрлик билан ўзгаларнинг молларини ўзлаштириш ҳаромлиги ётади.

Яна бошқа ояти каримада шу маъно такрорланади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси 29-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам доимо порахўрликнинг ёмонлигидан огоҳлантирдилар ва ундан қайтардилар. Порахўрлик мавзусида машҳур бўлган  ҳадис Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

                                            لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الرَّاشِي وَالْمُرْتَشِي

яъни: “Аллоҳнинг лаънати пора берувчи ва пора олувчига бўлсин!” – дедилар.

Бошқа ҳадиси шарифда: “Ҳукмда пора берувчи ва пора олувчига Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, – дейилган  (Тўрт сунан соҳиблари ва Имом Аҳмад ривоят қилишган).

Яна бир ривоятда пора олувчи ва берувчи ўртасидаги воситачи ҳам лаънатланган. Демак, пора талаб қилиш ҳам, пора бериш ҳам, улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.

Жумҳур уламоларимиз: “Ўзининг ҳаққига етиша олмаётган ёки ўзидан зулм ё зарарни даф қилмоқчи бўлган кишигина пора бериши мумкин, бундай ҳолатда гуноҳ пора олувчининг бўйнига тушади”, – дейдилар.

Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

الراشي والمرتشي في النار

яъни: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” (Имом Табароний Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Порахўрликнинг яна бир кўриниши вазифадор, масъул шахсларнинг аслида, ўз зиммаларидаги ишларга ҳам совға-ҳадя олишларидир. Ундай кишилар аввалдан белгиланган, талаб қилиб оладиган совғалари натижасида бир ишни олишга номзод бўлганлар ичида ҳақлиси эмас, балки, салоҳиятсиз бўлгани иш устига келади. Кейин у қурган уйлар қулайди, қурган кўприклари чўкади, ишлар кўзланган натижани бермайди. Бундай ҳадянинг пора экани кундай равшан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом закот молини йиғишга жўнатган киши совға олганида унга: “Ота-онасини уйида кутиб ўтирганида, унга ҳадя қилишармиди?!” – деганлар.        

Баъзилар порани ҳадя деб номлаб олишади. Аслида, поранинг ҳадядан фарқи шуки, ҳадяни сўраб олинмайди. Яна ҳадя икки ўртада муҳаббат ҳосил қилиш учун қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўрталарингизда муҳаббат пайдо бўлади” (Имом Молик “Муватто” китобларида ривоят қилганлар). Пора берувчи ва олувчи ўртасида муҳаббат пайдо бўлмайди, чунки пора берувчи нимадандир таъмагир бўлади. Мабодо улар ўртасидаги иш ҳал бўлмаса, ўзаро катта душманчилик пайдо бўлади.

Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Вазифадор кишига ҳақни ўзгартириш учун ҳадя берилса, унга эгалик қилиши (фойдаланиши) жоиз эмас”.

Айтиш жоизки, миллатимиз хулқида яхшиликка яхшилик қайтариш руҳи бор. Масъул шахс ундан ҳеч нарса талаб қилмай, таъма қилмай, ўз вазифасини бажариб, фуқарони ишини битирса, унга яхшилик қайтаргиси келади. Ҳеч қандай таъмасиз, иши битиб, бемалол кетиши мумкин бўлиб турганда ҳам, кўнглидан чиқариб, ҳадя бермоқчи бўлса, бунда икки томонга ҳам бир гуноҳ йўқ. Пора аввалдан белгиланган, сўраб олинадиган, ҳақни ноҳақ, ноҳақни ҳақ қилиш учун бериладиган нарса бўлади.  

Давлат томонидан одамларни енгилини осон қилиш учун вазифадор қилинган айрим кишилар одамлардан бирор нарса олмасалар уларнинг ишларини битирмайдилар. Бу ўзларига юкланган омонатга хиёнат, ўзгаларга зулм қилиш ва одамларнинг молларини ҳаром йўл билан ейишдир.  

Адолатли ҳукмдор номини олган Умар ибн Абдулазиз у кишига келтирилган ҳадяларни қабул қилмас эдилар. У кишига: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом У кишига ҳадя берилса, қабул қилардиларку?!” дейишса: “Ҳа, ҳақиқатан у моллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳадя бўлган, бизга эса бу порадир. Чунки одамлар у зотга пайғамбарликлари сабабли яқинлашмоқчи бўлишган. Бизга эса бошлиқ бўлганимиз учун яқинлашмоқчи бўладилар”, – дедилар.

Яна бир ҳолат борки, бу миллатнинг оёғига болта уради, унинг маънавияти ва келажагига таҳдид солади, бу – таълим соҳасидаги порахўрликдир. Чунки билимдон ўқитувчи қолиб, салоҳиятсиз, билимсиз киши ёшларга таълим берса, ёшларнинг келажаги хавф остида қолади. Олийгоҳга келганда яна порахўрлик бўлиб, билимдон қолиб, нодон ўқишга кириб кетса, ўз-ўзидан илмий савия тушиб кетади. Одамларда адолатга нисбатан ишонч йўқолади. Чет элларда ўқиш ва ўша ерларда ишлашга қизиқиш кучаяди. Натижада миллатнинг кўпгина салоҳиятли фарзандлари бошқа давлатлар фойдасига ишлайди. Ватанига қайтиб, яна порахўрликка дуч келишини билса, ундан кўра чет элда қолишни маъқул кўради. Шундай қилиб энг билимдон ва фойдали кишилардан маҳрум бўлиб қолаверамиз.  

Ҳурматли жамоа! Бир киши пора ёки ҳаром бўлган ҳадяни қабул қилса, уни эгасига қайтариш вожиб бўлади. Баъзи олимлар эса: “Ноҳақ ўзлаштирилган моллар, маълум бўлса, эгасига қайтарилади, маълум бўлмаса, мусулмонлар фойдасига сарфланади”, – дейишган.

Шом диёрининг қозиси Имом Авзоъийнинг ёнига бир насроний киши бир меш асал билан келди ва: “Баълабакканинг волийси менга зулм қилди, ўша кишига мен ҳақимда ёзсангиз”, – деди. Имом унга: “Хоҳласанг асалингни ўзингга қайтараман ва хат ёзиб бераман. Хоҳласанг уни қабул қиламан ва хат ёзмайман”, – дедилар. У: “Майли, асални қайтарингда, хат ёзиб беринг”, – деди. Кейин Имом волийга ундан хирожни камайтиришни сўраб хат ёзди. Волий у зотнинг сўзларини эътиборга олиб, насронийнинг жизяси (жон солиғи)дан ўттиз дирҳам арзонлаштирди.

Бу ҳикоядан Имом Авзоийнинг асални олиб, волийга хат ёзишни хуш кўрмаганлари, балки уни пора деб билганлари аниқ бўлади.

Демак, жамиятдаги ҳар бир шахс динимиз ман қилган порахўрлик ва шунга ўхшаган иллатларга қарши курашда фаол бўлиши керак. Акс ҳолда, бу гуноҳнинг зарари ҳаммага уради ва жамиятдаги ҳар бир соҳадага занжир сингари боғланиб кетади. Гоҳида порани мансабдор шахс сўраса, гоҳида биз ўзимиз уларга совға таклиф қиламиз, ўзимиз уларни шунга ўргатамиз ва лойиқ бўлмаган ўринга ёки нарсага эришмоқчи бўламиз. Қарс икки қўлдан чиқади, шунинг учун ҳадиси шарифларда порага алоқадор бўлган ҳар икки томон азобу уқубатда бир хил бўлиши баён қилинган.

Азизлар! Бугун жума мавъизаларида давом этиб келаётган фиқҳий суҳбатларимизни давом эттириб, намозни бузувчи амалларни ўрганамиз. Намозни қуйидаги амаллар бузади:

-  Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш. Бу ҳолатда намозхон гарчи беихтиёр сўзласа ҳам намози бузилади;

-  Янглишиб бўлса ҳам бировга салом бериш ёки саломга алик олиш;

 - Намозда еб-ичиш;

-  Намозхоннинг кўкраги қибладан бошқа томонга бурилиши;

-  Намоздаги бир рукнни бажариш асносида бир амални уч марта қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо амаллар);

-  Ўзи эшитадиган даражада кулиш намозни бузади таҳоратни бузмайди. Аммо ёнидаги шахс эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади;

-  Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш ёки “оҳ-воҳ” дейиш ёки йиғлаш. Аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди;

-  Узрсиз томоғини қириш ёки йўталиш (масалан: атайлаб йўталиш каби);

-  Акса уриб “Алҳамдулиллаҳ” деган кишига намоз асносида “Ярҳамукаллоҳ” дейиш;

-  Намозда туриб, бирор хабарга жавоб бериш. Бунда намозхон гарчи, Қуръон оятини ўқиб жавоб берган бўлса ҳам намози бузилади (масалан: “Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса);

-  Таяммум билан намоз ўқиётган кишининг сувга қодир бўлиши;

-  Бомдод намозини ўқиш пайтида қуёшнинг чиқиши;

-  Такбири таҳримада “Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш, яъни “Аааллоҳу акбар”, дейиш (бундан ташқари, “Акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиб “Ааакбар” ва “ба” товушини чўзиб “Акбааар” дейиш ҳам намозни бузади)

- Намознинг фарзларидан бирини тарк қилиш;  

-  Намоз ичида ўқиладиган сура ва дуоларни китобга қараб ўқиш;

-  Намознинг ичида одамлардан сўраладиган нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қилиш (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол-мулк бер”, ёки “Фалонага мени уйлантир”, – дейиш каби). (Манба: “Мухтасарул виқоя” ва “Нурул изоҳ” китоблари).

Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳ амаллардан саломат сақласин! Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Қурбонлик фазилати ва унга оид ҳукмлар” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръон ўқувчининг фазилатлари

14.03.2025   12127   9 min.
Қуръон ўқувчининг фазилатлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).

Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).

Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.

Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.

Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.

Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.

Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.

Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.

Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).

﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾

«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.

Мақолалар