Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!
Инсон бу дунёда яшар экан, икки ҳолатнинг бирида бўлиши тақозо қилинади. Неъматлар ва хотиржамлик ичида бўлганда, шукр қилади ёки мусибат ва қийинчиликлар вақтида сабр қилади. Шукр ва сабр соҳиби қарам бўлиб эмас, ўзига ҳокимлик ҳисси билан яшайди. Бу фазилатлар тоқатли бўлиш, вазминлик, босиқлик каби инсоний хислатларни ўзида жамлайди. Бу хислатлар инсонни эзгуликка, эзгулик эса комилликка етаклайди. Шунинг учун инсон етукликка эришиши, турмушининг мазмунли ўтиши, ҳаёт маъносини теран тушуниши учун сабрли ва шукрли бўлиши жуда муҳим саналади.
Киши нафс талаби, кўнгил орзуларини сабр орқалигина чегаралай олади. Шу боис, ҳадиси шарифда сабр имоннинг ярмидир, дейилади. Сабр ва шукр икки дунё саодатининг калити ҳисобланади. Агар ҳар бир киши қилаётган ишида сабр ва шукрни дастур қилса, албатта, муваффаққиятга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда “мусибат етганда сабр қилувчи, берилган неъматларга шукр қилувчи, бировларнинг қилмишларини кечирувчи, ўзи бировга зулм етказса, тавба қилувчи кишиларга хотиржамлик ва ҳидоят адо этилур” дейилади.
Инсон ҳар бир ишни сабр билан олиб борса, борига шукр, йўғига қаноат қилса мақсадига эришади, тинч ва осуда ҳаёт кечиради. Инсонийлик қадрини сақлаш билан бирга, турли ноинсоний йўлларга кириб кетмайди. Инсон ўз етуклигига эришиши, турмушининг фаровон бўлиши, умрининг мазмунли ўтиши, ҳаётнинг маъносини чуқурроқ билиши учун ҳам бу хислатлардан насибадор бўлиши керак. Шунинг учун шукр ва сабр киши маънавияти хазинасининг асоси бўлиб, бунга эришиш иззат ва шараф йўли саналади.
Улуғларимиз “ғалаба сабр билан биргадир” дейишади. Сабр ғалаба сари етаклайди. Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Имоннинг афзали-сабр ва бағрикенгликдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч хил нарсага қасамёд қиладилар: 1. Садақа қилган билан банданинг моли камайиб қолмайди. 2. Қайси бир бандага зулм билан унинг молига хиёнат қилинса-ю, у унга сабр айласа, албатта Аллоҳ таоло унинг иззат ва шарафини зиёда этади. 3. Қайси бир банда тиламчилик эшигини очиб қўйса, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигини очиб қўяди.
Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг сабрли бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айланадилар. Шукр ва фикр қилиш сабр-қаноатнинг чироғи бўлиб, ҳалқимизда “Сабр таги сариқ олтин” деган мақол бежизга айтилмаган.
Нормурод ШОИМОВ,
Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Севаз” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.
Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.
Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан