Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!
Инсон бу дунёда яшар экан, икки ҳолатнинг бирида бўлиши тақозо қилинади. Неъматлар ва хотиржамлик ичида бўлганда, шукр қилади ёки мусибат ва қийинчиликлар вақтида сабр қилади. Шукр ва сабр соҳиби қарам бўлиб эмас, ўзига ҳокимлик ҳисси билан яшайди. Бу фазилатлар тоқатли бўлиш, вазминлик, босиқлик каби инсоний хислатларни ўзида жамлайди. Бу хислатлар инсонни эзгуликка, эзгулик эса комилликка етаклайди. Шунинг учун инсон етукликка эришиши, турмушининг мазмунли ўтиши, ҳаёт маъносини теран тушуниши учун сабрли ва шукрли бўлиши жуда муҳим саналади.
Киши нафс талаби, кўнгил орзуларини сабр орқалигина чегаралай олади. Шу боис, ҳадиси шарифда сабр имоннинг ярмидир, дейилади. Сабр ва шукр икки дунё саодатининг калити ҳисобланади. Агар ҳар бир киши қилаётган ишида сабр ва шукрни дастур қилса, албатта, муваффаққиятга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда “мусибат етганда сабр қилувчи, берилган неъматларга шукр қилувчи, бировларнинг қилмишларини кечирувчи, ўзи бировга зулм етказса, тавба қилувчи кишиларга хотиржамлик ва ҳидоят адо этилур” дейилади.
Инсон ҳар бир ишни сабр билан олиб борса, борига шукр, йўғига қаноат қилса мақсадига эришади, тинч ва осуда ҳаёт кечиради. Инсонийлик қадрини сақлаш билан бирга, турли ноинсоний йўлларга кириб кетмайди. Инсон ўз етуклигига эришиши, турмушининг фаровон бўлиши, умрининг мазмунли ўтиши, ҳаётнинг маъносини чуқурроқ билиши учун ҳам бу хислатлардан насибадор бўлиши керак. Шунинг учун шукр ва сабр киши маънавияти хазинасининг асоси бўлиб, бунга эришиш иззат ва шараф йўли саналади.
Улуғларимиз “ғалаба сабр билан биргадир” дейишади. Сабр ғалаба сари етаклайди. Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Имоннинг афзали-сабр ва бағрикенгликдир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч хил нарсага қасамёд қиладилар: 1. Садақа қилган билан банданинг моли камайиб қолмайди. 2. Қайси бир бандага зулм билан унинг молига хиёнат қилинса-ю, у унга сабр айласа, албатта Аллоҳ таоло унинг иззат ва шарафини зиёда этади. 3. Қайси бир банда тиламчилик эшигини очиб қўйса, Аллоҳ таоло унга фақирлик эшигини очиб қўяди.
Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг сабрли бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айланадилар. Шукр ва фикр қилиш сабр-қаноатнинг чироғи бўлиб, ҳалқимизда “Сабр таги сариқ олтин” деган мақол бежизга айтилмаган.
Нормурод ШОИМОВ,
Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Севаз” жоме масжиди имом-хатиби
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ