Ота-онамиз, яқин жигарларимиз ёнимизда. Ҳар куни уларни кўриб, дийдорига тўйиб турганимиз учун, баъзида қадрламаймиз. Уларни йўқотганимиздан сўнг эса хотирасини абадийлаштириш ҳақида ўйлаб қоламиз...
Қўшни маҳаллада яшовчи бир танишимнинг онаси бетоб бўлиб қолгач, ўз онасини туғишган синглисиникига олиб бориб ташлади. Ўғил туриб касалманд онага қиз ва куёв қарашди. Орадан уч йил ўтгач, онахон оламдан ўтди. Яқинда ўша ўғил онасининг хотирасига атаб, қимматбаҳо қабр тоши ўрнатганини эшитиб, барча таниш-билишлар ёқа ушлади. Буниси ҳам майли, онасининг қабри ёнидан ўзи учун жой ҳозирлатиб, банд қилиб қўйган.
– Ҳали жуда ёшсиз. Нега ҳалитдан у дунёнинг ташвишини қиляпсиз, дея савол берганларга:
– Вақт- соатим етиб, бу дунёдан ўтар бўлсам, болаларим менинг ташвишимни қилиб қийналмасин, деб, онамнинг ёнидан жой ҳозирлаб қўйдим-да,– деган гапни айтибди.
Тавба, айрим одамларга бугун яшаш учун бошпана муаммо бўлиб турган пайтда, баъзи пулдорлар қабристонни ҳам эгаллаб олишга интилишаётгани одамни ажаблантиради. Эчкига жон қайғуси, қассобга мол қайғуси деб, шунга айтсалар керакда...
Шу воқеа сабаб бўлиб, Тошкент шаҳридаги қабристонларга қўйилган ёдгорликларнинг нарх-навоси билан қизиқдик. Қабртош ясовчи усталарнинг маълумот беришларича, 30-40 сантиметрли оқ мармарнинг баҳоси 300 минг сўм, қора рангли мармар эса 500 минг сўм. 70-80 сантиметрли гранитларнинг баҳоси эса 1,800 минг сўм экан. Мармар тошлари Самарқанддан, гранит эса Украинадан олиб келинишини, шунинг ҳисобига бу тошнинг хизмат тури қимматлигини изоҳлашди.
Ҳозирги кунда қабристонларга кирган одамнинг катта- катта қабр тошлар, санги мармарларга кўзи тушмай иложи йўқ. Бу тошларга шеърлар, турли фикрлар ўйиб ёзилган. Ёзганлари яхши, лекин катта харажатлар эвазига тош қўйиш исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Уламоларимиз ота-оналари ўша ерда эканлигини билиш учун кичкинагина тошчага исм, туғилган ҳамда вафот этган йилларини ёзиб қўйиш савоб эканлигини таъкидлайди.
Ота-онасининг, яқинларининг хотирасини абадийлаштириш яхши, албатта. Аммо бундай эътибор дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатлар эвазига бўлмаслиги керак. Бу ҳақда динимизда нима дейилган?
–Қуръони каримда қабрлар бошига катта-катта қабртошлар қўйиш қораланган, – дейди Олмазор тумани, Мирзо Ғолиб масжиди имом хатиби Муҳаммадхон Султонхонов.– Жоҳилият даврида одамлар бир-бирлари билан кимнинг пули кўп, кучи, ўғли кўп, дея кибрга берилиб, мусобақа ўйнаган. Бора-бора қабрлар билан мақтанишга ўтишган. Аслида марҳумлар учун ҳеч нарса керак эмас. Ҳазрат Абубакр айтганларки, ”Тириклар муҳтож бўлган нарсаларга ўликлар муҳтож бўлмайди, мени ўзимнинг эгнимдаги кийим билан кафанланглар”, деган. Яъни ана ўша қабрларга қўйиладиган мармарлар қайсидир инсоннинг уйини безашга, қимматбаҳо ғиштлар эса уй қурилишида асқатиши мумкин.
Муборак ҳадисларда: ”Инсон вафот этса, барча амаллари тўхтайди, фақат уни учта қилган амалидан савоблар етиб туради”, деб ёзилган. Бу амалларнинг энг биринчиси садақаи жория. Агар марҳумларнинг яқинлари ортиқча пулларини кўпчилик фойдаланадиган йўлларга асфальтлар ётқизиб, шифохоналарга зарур аппаратлар олиб берса, боғча-мактабларнинг таъмирига, фарзандининг шартнома пулини тўлашга қийналиб турган оилага ёрдам қўлини чўзса, бу мендан эҳсон, шундан ҳосил бўлган савоблар ота-онамга бориб етсин, десалар, худо хоҳласа, унинг савоби то қиёматгача етиб боради.
Бизнинг жамиятда шундоғам қиладиган ишларимиз кўп. Орамизда фарзандларининг баъзи бир муаммоларини ҳал қилмасдан туриб, қарз олиб ёки бировлардан гаров эвазига пул олиб, қабрларга мармар тошларини қўяётган одамлар ҳам бор. Аммо орамизда савобталаб инсонлар ҳам жуда-жуда кўп.
– Онам оламдан ўтгач, бир йилдан сўнг, ёдгорлик тоши қўймоқчи бўлдим,– дейди пойтахтда яшовчи бир танишим. — Қабр тошининг энг сифатлиси уч миллион сўм турар экан. Қишлоғимиз имоми “Бир оиланинг фарзанди оғир касал, чет элга даволатишга бориш учун маблағи етмаяпти, шу пулни ўша оилага берсангиз, савоб бўларди”, деб қолди. Тўғри, бошида менинг ёрдамимсиз ҳам битадиган иш битади, деб пулни қизғандим. Аммо қишлоқ одамларининг баҳоли қудрат ёрдам бераётганини кўриб, қабр тошига аталган пулни ўша оилага эҳсон қилдим. Кичкинагина рамкага онамнинг исм-шарифларини ёзиб, қабр олдига ўрнатиб қўйдик. Хизматчилик, қишлоққа тез-тез боришга вақтим ҳам, имконим ҳам етмайди. Бу йил таътилда қишлоққа бориб, онамнинг қабрларини зиёрат қилгани чиқдим. Қабрлари устида атиргуллар қийғос очилиб, райҳонлар ҳид таратиб ётибди. Қабристон қоровули бу гулларни ўша боласи касал аёл экиб кетганини айтгач, хурсанд бўлиб кетдим. Демак, бизнинг кичкинагина қилган яхшиликларимиз ҳам ота-оналаримиз ҳаққи учун катта савоб бўлиб қайтар экан.
Ота-онасининг руҳини шод этиш, қандай хотирлаш ҳар кимнинг ўз виждони, юрак амрига боғлиқ. Бу борада биз кимгадир насиҳат қилиш, маслаҳат бериш фикридан йироқмиз. Айтмоқчи бўлганимиз, қанча яхшиликларимиз бўлса, улар ҳаётликларида амалга оширишга улгуриб қолайлик. Онамизнинг униққан кўйлагини кўриб, юзимизни терс бурмайлик. Бир пайтлар бизни олий маълумотли қилиш учун шартнома пулини тўлайман деб йиртиқ туфлида қолган отамизга бир жуфт туфли совға қилишга улгурайлик. Зеро, эртага афсусланиб қолмаймиз.
Нигора Раҳмонова, ЎзА
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.
– Ўзбекистон Ислом илми, фиқҳ ва ҳадис соҳасида юксак меросга эга. Бу заминда машҳур уламолар, буюк фақиҳлар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва санъатшунослар етишиб чиққан, – деди Ислом уюшмаси бош котиби. – Ушбу мероснинг Ислом оламидаги аҳамияти ва долзарблигини кўрсатишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим ўрин тутади. Бу юртнинг таниқли ва машҳур алломалари туфайли Ислом цивилизациясининг асл моҳияти хусусан, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Мазкур мегалойиҳа бу бой меросни жаҳон ҳамжамиятига танитишда асосий аҳамиятга эга. Биз Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлар учун намуна бўлади. Марказ билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоят мамнунмиз! – дея таъкидлади Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса.
Учрашув давомида Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг барча тадбирлари, режалаштирилган турли анжуманларга қизиқиш билдириб, бу борада олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва мамнуният билан эътироф этди. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими қанчалик аҳамиятли эканлигига эса алоҳида тўхталди. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосларни келтирди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ минбаридан туриб илгари сурилган мазкур улкан ташаббус Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:
– Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ, – дея таклиф қилди Бош котиб, – Ўзбекистондаги бўлажак Араб-ислом хаттотлик мактаби фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, жаҳон миқёсида машҳур бўлган катта тажрибага эга хаттотларни ушбу марказга жалб этиш, хаттотларнинг иш фаолияти самарали бўлиши учун уларни рағбатлантириш ва умуман мактаб фаолиятини ривожлантиришда астойдил ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Делегация аъзолари Макка шаҳрида жойлашган Ҳиро маданият даҳаси, Ваҳий музейи, “Бурж ас-саъа” минорасида жойлашган шу номдаги музей, Каъба кисваси учун қирол Абдулазиз мажмуаси ва Мадина шаҳридаги “Бўстон” музейи, Пайғамбаримиз (с.а.в) сийратлари ва Ислом цивилизацияси музейи, Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи ва кутубхонасига ташриф буюрди ва ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.
Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари музей ва кутубхоналарга қилган ташрифлари жараёнида Пайғамбаримизнинг фаолият ва турмуш тарзларини ифодаловчи видеолавҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилиши масаласини ҳам кўриб чиқишди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистони тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Тадбирлар ва конференциялар бўлими бошлиғи Шокир Салоҳ ал-Адваний билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ислом уюшмаси вакили бу масалада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак беришини билдирди. Кейинги муҳокамалар видеоконференция шаклида давом эттирилишига келишиб олинди.