Баъзида айрим кишиларнинг “худбин бўлмаслик керак”, “ худбинлик ёмон” деган сўзлари қулоққа чалинади. Хўш, аслида, худбинлик нима?
“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Худбинлик (форсча сўз) – манман, эгоист; ўзинигина кўзловчи, ўзини ёки ўз манфаатини ҳаммадан устун қўювчи” дейилади. Шахснинг ўз манфаати доирасида айланиб қолиши, бошқаларнинг фикри ва манфаати билан ҳисоблашмай, фақат ўз фикрлари ва шахсиятини юқори қўйиш билан шуғулланиб қолган ҳолати худбинлик дейилади. Худбинлик баъзан эгоизм деб аталади. “ Эгоизм “ лотинча сўз бўлиб, у ўзбек тилидаги биринчи шахс олмоши “ мен” маъносига тўғри келади. Манманлик эгоизмнинг учига чиққан шаклидир. Манманлик билан кибрланиш фарқланади. Манманлик инсон ўзида берилган неъматлар билан ғурурланишидир. Кибр эса ўзини бошқалардан баланд ҳисоблаб, ҳақ гапни тан олмасликдир. Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Кибр нима? “ деб сўрашганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қарашлик” деб жавоб берганлар. Манманлик ўзини ҳамма нарсадан ортиқ яхши кўриш ва ўзидаги нарсалардан кеккайишдир. Ман-манлик кибрдан ёмонроқдир. Манманлик-неъматларни унутиб, неъматлардан кеккайишдир.
Худбинлик ҳақида Алишер Навоий “ Маҳбубул-қулуб” асарида : “Ўзига бино қўйишлик – бахтсизликдир, бунинг фарқ ва даражалари бор. Худбиннинг ҳар бир қилган иши ўзига яхши кўринади, лекин бу кўримсиз қилиқда фарқлар кўпдир”
деб ёзадилар.
Халқимизда худбинлик ёмон одат сифатида қораланади. Худбинлик одамни адаштиради. Донишмандлар худбинлик қуйидаги сабаблар орқали юзага келади дейишади:
Инсон табиатида ўз-ўзини яхши кўриш мавжуд. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ муҳаббатнинг беш тури ҳақида фикр юритиб, инсоннинг ўзига, ўзининг аъзоларига, саломатлигига муҳаббатини биринчи ўринга қўяди. Унингча, бу муҳаббат Аллоҳ, ота-она, қариндош-уруғ, дўст-биродар, муҳтож-эҳтиёжмандлар хизматида бўлишга имкон яратувчи восита ҳисобланади. Худбинлик муҳаббат ҳиссига эмас, нафсга, ҳирсга асосланади, ўзини адолатсизлик, инсофсизлик, бераҳмлик каби иллатларда намоён бўлади. Худбинлик акси бўлган олийжаноблик (жумардлик) ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, лекин инсоннинг ўзига бўлган муҳаббати, бошқаларда ҳам ўзига шундай муҳаббат борлигини инкор этмаслик керак, бу қоида бузилган жойдан худбинлик бошланади.
Худбинликда ўз мафаатини бошқа кишилар манфаатидан юқори қўйиш салбий ахлоқий сифат деб баҳоланади. Худбинлик манфаатпарастлик ва шахсиятпарастликни ўз ичига олади. Худбин одам ўз манфаати йўлида ҳеч кимни, ҳеч бир жамоа, ҳеч қандай жамиятни тан олмайди. Худбин кишилар бирор кишидан фойда келмаса, унга манфаат етказишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Худбин кишилар ўзларига эга бўлган неъматларга, бирор мавқеъга бошқаларни ҳам эга бўлишларини хоҳламайдилар.
Худбинлик шайтоннинг нафсига кирувчи йўллардан биридир, худбинлик туфайли инсонни шайтон залолатга бошлайди, уни балога йўлиқтиради. Инсоннинг худбинлиги, манмансираши ҳалокат гирдобига олиб боради.
Худбинлик жумардлик (олийжаноб)нинг аксидир. Инсон хулқидаги худбинлик иллати инсонни олий жаноб бўлишидан тўсиб туради. Инсон ўзини доимо тергаб туриши лозим. Ўзида худбинлик аломати сезилса, уни илдиз отмай туриб барҳам бериш чораларини кўради. Ўз нафсини тергаб, уни худбинлашиб кетаётганлигини танқид қилади. Нафсини худбинлик қудғуларидан сақлайди. Худбинликка қарши кўриладиган чораларидан бири нафснинг ҳар хил орзуларини чегаралашдир. Инсондаги худбинлик иллатининг давоси олийжаноблик бўлиб, у ёрдамида ўзига яхши кўринган нарсани бошқаларга ҳам улашишдир. Масалан, ўзи еб турган таомини бошқа оч кишиларга ҳам бериш, ўз аҳлига нафақа қилиб, ортганини бошқаларга ҳам инфоқ қилади. Олийжаноблик хислати инсоннинг қадрини оширади, бошқа инсонлар билан муомиласини яхшилайди, инсон муаммоларини осонлик билан ечилишига сабаб бўлади. Бу фазилатли хислатни фарзандларимизга уларнинг ёшлик пайтидаёқ сингдириб боришимиз лозим бўлади. Фарзанд ёш ниҳол, уни камтар қилиб ўстирсак, у келажакда ўз ўрнини топади. Чунки, яхши инсон ҳўл шохга ўхшайди, уни қанча тортсанг эгилади, аммо синмайди. Худбин киши эса қуруқ шохга ўхшайди, уни тортсанг синади.
Ҳар бир инсоннинг табиатида худбинликка, мақтанчоқликка, ўзини улуғлашга, кибрланишга нисбатан майллар бўлади . Инсон ўз тибиатадаги бу майлларни ақл орқали таниб, уларни ўзидаги камтарлик, олийжаноблик хусусиятлари билан ушлаб, халқимизнинг “ Камтарга камол, манманга завол” деган мақолини ёдга олиб, ўз нафсига насиҳат қилиш лозим.
Дарҳақиқат, инсон учун худбинлик, манманлик ярашмайдиган одатдир. Инсон худбинлик ва манманликдан сақланиш билан ўз шахси ва жамият учун катта манфаат келтиради. Инсон худбинлик, манманлик каби ёмон одатлардан тийилиш билан икки дунё саодатига эришади.
Рухиддин АКБАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга: «Биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил», дедилар. У жудаям тетик эди.
Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис ҳали жам эди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилган эдик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».
Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Гаплари қаттиқ таъсир қилди. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга, яъни боғлашга ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, у фасоҳатли-балоғатли бўлса-бўлмасин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига, руҳиятларига таъсир қилади».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан