Ҳар бир ота - она ўз фарзандининг бахту - саодатли, маънавий соғлом, истиқболи порлоқ, келажакдаги мустақил ҳаётида ҳам моддий жиҳатдан соғлом бўлиб яшамоғини орзу қилади ва шу мақсадга эришиш учун бутун умрини, бор-йўғини сарф қилади. Айниқса, бу боласевар халқимизнинг қалбига сингиб кетган фазилатдир. Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота – онага топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир.
Фарзанд неъматини шукрини адо қилиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги энг асосий бурчларимиздан бири ҳисобланади. Уни асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб камолга етказиш эса бу неъматнинг олий шукронасидир. Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадьфеллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, деб бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳар қандай инсонни хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин жамиятда беобрў қилишидан огоҳ этадилар.
Фарзандларимизни бундай иллатдан асрашнинг бош омили албатта, уларга чиройли тарбия бериб, ҳаётнинг турли фитналаридан қалбларини покиза сақлаб, билимли инсон қилиб вояга етказишдир. Фарзанд ҳаётида яхши хулқ, чиройли одоб энг биринчи ўринда туради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар. Чунки, эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота - она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.
Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг бутун ҳатти - ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча -кўйда юриш - туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш керак.
Менимча, фақат ота - онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ҳаракат қилиш лозим.
Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота – онасидир”. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту - саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота - оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, мукаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота - оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади.
Ҳозирги глобаллашув шароитида ота-оналарнинг фарзандлари устидаги масъулиятлари янада ортиб, бу борада умуман бепарво бўлмасликлари талаб этилади. Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб - ҳунарларга йўналтиришлари ва оммавий маданият ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарурдир.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсинин” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган қадриятларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота - онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанд номи муносиб бўлмаса маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”, дейди.
Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам жаннатга етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 104 – моддасида: “Ота – оналар ўз фарзандларини вояга етганларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган.
Бу эса ҳар биримизнинг фарзандларимиз, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолоти, ғоявий чиниқишига, ҳар хил бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши муросасиз курашчи руҳида тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди. Айнан фарзандларнинг камолоти – эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди.
Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халқнинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишлардан бири ана шундай комил инсонларни тарбиялашга йўналтирилган.
Келажак авлод тарбияси барча замонларда халқимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу каби савобли мақсад ва вазифани нафақат тарбия билан шуғулланувчи ташкилотлар, балки барча - барчамиз ўз олдимизга асосий мақсад сифатида қўйишимиз лозим.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Спорт – тинчлик элчиси” шиори остида “Имом Мотуридий кубоги” спорт мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров қатнашиб, иштирокчиларни табриклаш баробарида улуғ аллома бобомиз номи остида ўтказилаётган мусобақанинг аҳамияти, таълим-тарбияга берилаётган эътибор тўғрисида нутқ сўзлашди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ҳаж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Макка шаҳридан видеотабрик йўллаб, иштирокчиларни қутлаш баробарида динимиз кишиларни спорт билан шуғулланишга буюрганини таъкидлаб, жумладан бундай дедилар:
– Динимиз инсонларни ҳар томонлама кучли, бақувват, жисмонан ва руҳан соғлом бўлишга тарғиб этади. Қувватли инсон, аввало, ўзи учун, қолаверса, атрофдаги, жамиятдаги инсонлар учун манфаатлидир. Куч-қувватли, чиниққан инсон ибодатда мустаҳкам бўлиш баробарида инсонларга ёрдам қўлини чўзишда, юрт ривожига ҳисса қўшишда барчага ўрнак бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандларингизга сузишни, камондан ўқ отишни ва от минишни ўргатинглар”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ёзишни, сузишни ва камондан ўқ отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онада зиммасидаги ҳаққидир”, деганлар.
Илк маротаба ташкил этилаётган ушбу спорт мусобақасида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Академия қошидаги академик лицей, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва Термиз ислом институти талабалари мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича беллашиш баробарида миллий ўйинлар – кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби баҳсларда ҳам қатнашмоқда.
Мазкур тадбир Президентимиз ташаббуси, тегишли қарор ва фармонлари ижроси ўлароқ ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад талаба-ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига ва жисмоний фаолликка жалб қилиш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати