Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

Ота-она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди

02.07.2021   2065   7 min.
Ота-она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди

Ҳар бир ота - она ўз фарзандининг бахту - саодатли, маънавий соғлом, истиқболи порлоқ,    келажакдаги мустақил ҳаётида ҳам моддий жиҳатдан соғлом  бўлиб яшамоғини орзу қилади ва шу мақсадга эришиш учун бутун умрини, бор-йўғини сарф қилади. Айниқса, бу боласевар халқимизнинг қалбига сингиб кетган фазилатдир. Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота – онага  топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир.

Фарзанд неъматини шукрини адо қилиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги энг асосий бурчларимиздан бири ҳисобланади. Уни  асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб камолга етказиш эса бу неъматнинг олий шукронасидир.  Фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадьфеллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, деб бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳар қандай инсонни хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин жамиятда беобрў қилишидан огоҳ этадилар.

Фарзандларимизни бундай иллатдан асрашнинг бош омили албатта, уларга чиройли тарбия бериб, ҳаётнинг турли фитналаридан қалбларини покиза сақлаб, билимли инсон қилиб вояга етказишдир. Фарзанд ҳаётида яхши хулқ, чиройли одоб энг биринчи ўринда туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар. Чунки, эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота - она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга  бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг бутун ҳатти - ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча -кўйда юриш - туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш керак.

Менимча, фақат ота - онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ҳаракат қилиш  лозим.

Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота – онасидир”. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту - саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота - оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, мукаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота - оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади.

Ҳозирги глобаллашув шароитида ота-оналарнинг фарзандлари устидаги масъулиятлари янада ортиб, бу борада умуман бепарво бўлмасликлари талаб этилади. Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб - ҳунарларга йўналтиришлари  ва оммавий маданият ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарурдир.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсинин” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган қадриятларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота - онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанд номи муносиб бўлмаса маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”, дейди.  

Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам     жаннатга         етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 104 – моддасида: “Ота – оналар ўз фарзандларини вояга етганларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб  белгилаб  қўйилган.

Бу эса ҳар биримизнинг фарзандларимиз, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолоти, ғоявий чиниқишига, ҳар хил бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши муросасиз курашчи руҳида тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди. Айнан фарзандларнинг камолоти – эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди.

Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халқнинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишлардан бири ана шундай комил инсонларни тарбиялашга йўналтирилган.

Келажак авлод тарбияси барча замонларда халқимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу каби савобли мақсад ва вазифани нафақат тарбия билан шуғулланувчи ташкилотлар, балки барча - барчамиз ўз олдимизга асосий мақсад сифатида қўйишимиз лозим. 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар  “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қурбон ҳайити куни бажариладиган 13 амал

28.06.2023   6000   2 min.
Қурбон ҳайити куни бажариладиган 13 амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).

2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар(Ибн Можа ривояти).

3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.

4. Хушбўйланиш.

5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар(Имом Термизий ривояти).

Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.

6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).

7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".

8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.

9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.

11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.

12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.

13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Даврон НУРМУҲАММАД