Инсонлар бир-бирларига салом берганларида ўзаро тинчлик тилайдилар. Зеро, “Ассалому алайкум” дейишлик бошқа бир кишига тинчлик тилашдир. Одамларнинг бир-бирларига тинчлик тилашлари замирида катта маъно, катта фазилат ётади. Чунки берилган неъматлар ичида энг буюк неъмат бу – тинчлик неъматидир.
Қуръони каримда одамларни бир-бирларига саломлашишга буюриб бундай дейилади:“Қачон сизларга бирор (ибораси) билан салом берилса, сиздан ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора) ни қайтарингиз....” (Нисо сураси, 86-оят).
Салом бериш ва унга жавоб бериш билан савоб кўпаяди, инсоннинг умри ва ризқига хайру-барака киради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким билан учрашсанг салом бер, савобинг кўпаяди, уйингга кирганингда аҳлингга салом бер, уйингга хайру-барака киради”.
Инсон бошқа бир инсонга чин кўнгилдан ёруғ юз билан салом бериши яхшиликни кўпайтиради. Бу ҳақда ҳадисда:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетаётиб:
“Ассалому алайкум”, деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ўнта”, дедилар.
Яна бир киши ўтаётиб:
“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Йигирмата”, дедилар.
Яна бир киши ўтиб кетаётиб:
“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ ва баракатуҳ”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ўттизта”, дедилар. Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум ўнта, йигирмата, ўттизта дейишларининг сабабини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биринчи кишига ўнта деганим, у салом бериш билан ўн савобни, иккинчи ва учинчи киши эса салом бериш билан йигирма ва ўттиз савобни қўлга киритди”, деб жавоб бердилар.
Салом бериш билан инсон сахийлик қилади. Зеро, дунёда энг бахил киши саломга бахиллик қилган кишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишидир”, дедилар.
Инсонлар ким олдин салом беришга мусобақалашишлари лозим. Чунки ким олдин салом берса, савобнинг кўпроғини қўлга киритади. Олдин салом бериш камтарликка, бошқаларни олдин салом беришини кутиш эса манманликка киради. Ёшим катта, унинг ёши кичик, у салом берсин, дейиш кибр ҳисобланади. Инсон ўзидан кибрланишни ювиш учун ҳам ўзидан кичикларга салом бериши лозим. Шу сабабли олдин салом бериш инсондаги кибрни кетказиб, унга камтарлик камолотини беради.
Баъзи бир кишилар салом беришда уни тўғри айтилишига эътибор бермайдилар. Инсонлар бошқа бир инсонлар билан учрашганларида “Ассалому алайкум” дейиш ўрнига, “Ассам –алайкум” дейишса, “Сизга ўлим бўлсин”, дейилгани бўлади.
Баъзи бир кишилар “ Ассалом” деб қўйишади. Бу ҳам нотўғри салом бериш ҳисобланади. Чунки “Ассалом”нинг ўзини айтиш ноаниқликни келтиради. Шу сабабли “Ассалому алайкум” деб тўлиқ ва аниқ салом берилиши лозим. Саломлашиш пайтида қўл бериб кўришиш фазилатли амаллардан ҳисобланади. Инсонлар саломлашиб, бир-бирларини қўлларини олиб кўришсалар улар ўртасида меҳр-оқибат мустаҳкамланади. Икки инсон қўл бериб кўришар экан уларнинг савоблари кўпайиб, гуноҳлари тўкилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки киши учрашганда қўл бериб кўришса, ҳар иккисининг гуноҳи ҳали бир-биридан узоқлашмасдан мағфират қилинади”, деганлар.
Салом беришда қўл билан кўришишдан ташқари қучоқ очиб кўришиш ҳам мавжуд. Инсонлар бир-бирларини соғинганларини изҳор қилиш мақсадида қучоқлашиб кўришади.
Инсонларнинг бир-бирлари билан учрашганидаги чин кўнгилдан, очиқ чеҳра билан саломлашиши халқимизнинг энг яхши одатларидандир. Саломлашиш одобларини яхши билиб, унга амал қилишлик одамлар ўртасида инсоннинг мартабасини кўтаради, улар орасида меҳр-муҳаббат ёйилади. Ва у инсонлар орасида адоватни йўқолишига, яхшилик жорий бўлишига хизмат қилади. Халқимизнинг саломлашиш каби одатлари фарзандларимиз онгида миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантиришга, уларнинг миллатга, қадриятларимизга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Умар АВЛИЁҚУЛОВ,
Қарши туман “Тош” масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эр: Аср намозини ўқидингми?
Хотин: Йўқ.
Эр: Шом намозини ўқидингми?
Хотин: Йўқ.
Эр: Нима учун?!
Хотин: Ишдан жуда чарчаб келдим ва озгина ухлаб қолибман...
Эр: Яхши... Бор, Хуфтонга азон айтилгунча Аср ва Шом намозларини ўқиб ол.
Эртаси куни... Эр хизмат сафарига жўнаб кетди. Одатда у манзилга етиб бориши билан қўнғироқ қилар ёки хабар йўллаб қўярди. Аммо орадан бир неча соат ўтса ҳамки, ундан дарак бўлмади.
Аёл хавотир олиб, эрига қўнғироқ қила бошлади... Жавоб йўқ. Қайта қўнғироқ қилди, телефон чақиряпти, лекин кўтармаяпти.
Аёлнинг юрагига ғулғула тушди! Бу унинг одати эмас эди-ку. Бир марта, икки марта, уч марта қўнғироқ қилди... Фойдаси йўқ!
Бир неча соатдан кейин эрнинг ўзи қўнғироқ қилди.
Аёл ҳаяжон билан: Эсон-омон етиб олдингизми?
Эр: Ҳа, етиб келдим, Алҳамдулиллаҳ.
Аёл: Қачон етиб бордингиз?
Эр: Тахминан 4 соат олдин.
Аёл ғазаб билан: 4 соат олдин?! Нега менга қўнғироқ қилмадингиз?
Эр: Жуда чарчаб келгандим, озгина ухлаб қолибман...
Аёл: Менга икки оғиз гапириш сизни чарчатиб қўймасди-ку... Кейин, мен қўнғироқ қилганимда телефон овозини эшитмадингизми?!
Эр: Эшитдим...
Аёл: Эшитиб туриб жавоб бермадингизми?! Нима учун? Наҳотки мен сиз учун аҳамиятсиз бўлсам?
Эр: Аксинча... Лекин сен ҳам кеча азонни — Аллоҳнинг нидосини эшитганингда унга бепарво бўлгандинг-ку...
Аёл (кўз ёшларини тийиб, бироз сукутдан сўнг): Ҳа... Сиз ҳақсиз... Мени кечиринг...
Эр: Кечирим сўраладиган зот мен эмасман. Аллоҳдан мағфират сўра ва бошқа бу ишни такрорлама. Зеро, менинг энг катта орзуим — Аллоҳ бизни Жаннатдаги қасрларда гўзал ҳаёт ила жамлашидир.
Ўша кундан бошлаб аёл бирорта намозини қазо қилмади.
Сизни ҳақиқий яхши кўрган инсон — сизни Аллоҳ сари етаклайдиган ва ортга қайтишингизга йўл қўймайдиган инсондир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ