Яқинда бир акамиз қўнғироқ қилиб: “Малибу” олдим, мошина тўйига кел”, деди ғурурланиб. У кишини янги улов билан қутладим. Бироқ топиш-тутиши ҳаминқадар одамнинг машина олгани кишида бироз иштибоҳ уйғотди.
Кейин билишимча, акамиз ўғли билан арзонроқ “Дамас” илинжида машина бозорига тушади. Қиммат автомобиллар ёнидан ўтаётиб танишимиз ўғлига: “Бунақа машина минмай ўтиб кетаман, шекилли”, дея ўпкалайди. Ўғил: “Отамни бир хурсанд қилай” дея, бироз эскироқ “Малибу”ни бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олади. “Дамас” учун йиғилган пулни бошланғич тўловга бериб, ота-бола уйига “Малибу” миниб қайтишади. Буни кўрган оиладагилар ҳам, қишлоқ аҳли ҳам ҳайрон.
Афсуски, оиланинг қувончи узоққа чўзилмади. Уловнинг ойлик тўлови уларни қийнаб қўйди. Шунда акамиз машинани сотмоқчи бўлди. Аммо у анча арзонга нархланди. Охири уйини гаровга қўйиб, банкдан кредит олиб машина пулини тўлади.
Орамизда бундай қурби етса-етмаса, орзу-ҳавас деб ўзини қийин аҳволга солиб қўядиганлар жуда кўп. Айниқса, тўй-ҳашам, уй-жой, машинаю турли буюмлар олишда бу яққол кўринади.
Мол-дунё тўплаш бугун аксар кишиларнинг ҳаёт мазмунига айланган. Ҳамма ҳам яхши яшагиси, уйларини ҳашаматли, тўйларини данғиллама қилгиси, энг сўнгги русумдаги автоулов мингиси келади. Бундай хоҳишларимизнинг чеки йўқ. Битта уй иккита, оддий машина зўрига, кўп қаватли уйи ҳовли бўлсин, дея тинмаётганлар қанча. Уларга етишиш учун эртаю кеч меҳнат қилаётганлар бисёр.
Бугун хорижга ишга кетаётган айрим кишиларда ҳам шу ҳол. Бошида “Камимни битказиб олай”, деган ниятда четга отланади. Бироқ иши битса-да, уйига қайтмайди. Топаётган пуллар кўзига яхши кўриниб, йиллаб ёки буткул ўзга ўлкаларда қолиб кетяпти.
Булар орасида осон бойиш илинжида бировларни чув тушираётган, пора олаётган, ўғирликка қўл ураётганлар, ҳатто қотилликкача бораётганлар йўқ эмас.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, қувасойлик вояга етмаган икки шоввоз бойлик умидида тўйхонага ўғирликка тушиб, маиший техника ва қимматбаҳо буюмларни ўғирлашган. Худди шундай ғиждувонлик ١٥ яшар йигит холасининг уйидан беш минг доллардан ортиқ пулни ўмарган. Қинғир йўлни мақсад қилган сурхондарёлик кимса ҳам бир неча танишларини хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, минглаб доллар пулларни ўз харжига ишлатиб юборган. Энди улар жиноятларига яраша қонун олдида жавоб беришмоқда.
Аслида қорнимиз бир коса овқату яримта нонга тўяди ёки яшашимиз учун бир уй-жой кифоя. Лекин орзу-ҳавас, мол-дунё умиди бизга тинчлик бермайди.
Аллоҳ таоло инсонни мол-дунё тўплаш учун эмас, ўзига итоат, ибодат қилиш учун яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда: «Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, ٥٦-оят), дея марҳамат қилинган.
Афсуски, аксариятимизнинг асосий мақсадимиз орзу-ҳавас бўлиб қолган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир... Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас” (Ҳадид сураси, ٢٠-оят), дея марҳамат қилади. Яна бир оятда: “Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин...” дейилган (Фотир сураси, ٥-оят).
Бугун мол-дунё бизни алдаб қўймаяптими? Унинг кетидан қувиб умримиз ўтиб кетяпти. Неча йиллаб йиққан молимиз вақти келса, асқатаётгани йўқ.
Яна бир гап. Қуръони каримда: “Кимки охират экинини истар экан, Биз унга экинни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз, аммо унинг учун охиратда насиба бўлмас”, дейилган (Шуро сураси, ٢٠-оят).
Ниятимизга яраша ҳаракат қилиб, бойлигимиз ортаётгандир. Аммо уни Аллоҳ розилиги йўлида ишлата оляпмизми? .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизлар учун камбағалликдан қўрқмайман, мол-дунё тўплашда кимўзар ўйнашингиздан қўрқаман. Мен сизлар (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бугун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрққан иш содир бўлаётгандек. Бойлик орттиришга мусобақалашиб, ён-атрофда нималар бўлаётганидан, қариндошларимиз, яқинларимиз ҳолидан бехабармиз. Вақтимиз фақат иш, пул топиш билан ўтяпти. Лекин вақтда барака, ишда унум йўқ. Ҳеч ишга улгурмаяпмиз. Бу йўлда ўзимизга жабр қилиб бўлса-да, ниятимизга етяпмиз. Гоҳида ҳалол-ҳаромга қараганимиз ҳам йўқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, бугун аксар юртдошларимизга барча неъмат берилган экан. Фақат бунга қаноат ва шукр қилиш лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ нажот топибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Биз ҳам нажот топувчилардан бўлайлик.
Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод тумани “Улуғбек” жоме
масжиди имом-хатиби
"Ҳидоят" журнали 11-сонидан олинди
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.