Ғайридин бўлган, кейинчалик исломга кирган бир аёл ўзининг исломга кириш тарихини ҳикоя қилади:
«Мен шифокор эдим. Менинг бўлимимда бир қари муслима аёл даволанарди. Унинг олдига, бошқалардан фарқли ўлароқ, эртаю кеч бир эр-хотин йўқлаб келарди. Ҳали дори-дармон, ҳали кўнгли тусаган егуликлар олиб келар, кайфиятини кўтариб, яхши гаплар билан кўнглини олишарди.
Бир куни улардан: «Сизларга бу аёл ким бўлади?», деб сўрадим.
Эркак: «Менинг онам», аёл эса, «Менинг қайнонам», деб жавоб берди. Менинг ҳайратим янада ортди. Аёлга қараб: «Бу киши-ку, онасига қараётган экан, сиз нега бунчалик ғамхўрлик қиласиз? Ҳозирги кунда ҳеч қайси аёл бировга бунчалик меҳр кўрсатмай қўйган. Кузатиб турсам, у аёлга қараб йиғлаб ҳам қўясиз ҳатто», дедим.
Шунда аёл тушунтирди: «Бу киши менинг турмуш ўртоғим. Унинг розилигида Аллоҳнинг розилиги бор. Унинг розилиги эса, онасининг розилигида».
«Сизни бундай қилишга нима мажбур қилади?»
«Диним шунга буюради». Сўнгра Ислом нима, унинг қандай шартлари бор, қандай яхшиликлари бор, қисқача тушунтириб берди.
Унинг сўзларини эшитиб, ўйланиб қолдим. Менинг ҳам бир ўғил, бир қизим бор. Бир йилда бир қандайдир маросим бўлиб қолса кўришамиз, бўлмаса йўқ. Мен касал бўлиб, шифохонага тушиб қолсам, ўзим хабар бермагунимча билишмайди ҳам.
Сўнгра ундан исломга қандай киришни сўраб, мусулмон бўлдим. Эрим билан ажрашиб, мусулмон давлатга кўчиб кетдим. Ўша ерда бир мусулмон эркакка турмушга чиқдим. Ҳозир икки қизим бор. Бахт нималигини биринчи бор туйдим. Исломдан олдинги ҳаётимни ҳаёт деб ҳисобламайман.
Ҳикояни ўқиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бир сўзлари ёдимга тушди:
«Исломга жим турган ҳолингизда даъват қилинглар!»
Саҳобалар сўрашди:
«Эй, амирул муъминийн, қандай қилиб?»
«Гўзал хулқинглар билан!», деган эдилар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази