Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2025   |   6 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:04
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2025, 6 Ражаб, 1447

ТАФСИРИ ИРФОН: БАҚАРА СУРАСИ, 255 ОЯТ

16.05.2021   10929   10 min.
ТАФСИРИ ИРФОН: БАҚАРА СУРАСИ, 255 ОЯТ

ٱللَّهُ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡحَيُّ ٱلۡقَيُّومُۚ لَا تَأۡخُذُهُۥ سِنَةٞ وَلَا نَوۡمٞۚ لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِۗ مَن ذَا ٱلَّذِي يَشۡفَعُ عِندَهُۥٓ إِلَّا بِإِذۡنِهِۦۚ يَعۡلَمُ مَا بَيۡنَ أَيۡدِيهِمۡ وَمَا خَلۡفَهُمۡۖ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيۡءٖ مِّنۡ عِلۡمِهِۦٓ إِلَّا بِمَا شَآءَۚ وَسِعَ كُرۡسِيُّهُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَۖ وَلَا يَ‍ُٔودُهُۥ حِفۡظُهُمَاۚ وَهُوَ ٱلۡعَلِيُّ ٱلۡعَظِيمُ٢٥٥

  1. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир. Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва Ерни ўзида сиғдира олур. Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди. У энг юксак ва буюкдир!

"Курсий ояти" деб номланган ушбу ояти карима Қуръондаги энг буюк оятдир, оятларнинг саййидасидир. Унинг фазилати ва савоби ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳадиси шарифлардан бирида: "Ким ҳар фарз намозидан сўнг Курсий оятини ўқиса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсади" (Насоий ривояти), дейилган.

Аллома Ибн Касир ўз тафсирида ушбу оятни ўнта мустақил маънога ажратиб тафсир қилган. "Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, фақат Унинг Ўзи бордир". Ислом дини келтирган шиор, мусулмонлар эътиқодининг асоси, тавҳиднинг асл маъноси шудир. Сиғиниладиган, топиниладиган, ҳожатлар сўраладиган, ҳожатларни эса раво қиладиган, ризқ берадиган, кенглигу ночорликда даргоҳига бош уриладиган, ҳидоятга бошлайдиган ва йўлдан оздирадиган фақат Унинг Ўзидир. Ким ягона илоҳга сиғинса, Унгагина итоатда бўлса, икки дунё саодатига эришади. Ким Унга ширк келтирса, Унга кимларнидир, нималарнидир шерик қилса, имон-эътиқодини бой беради, абадий азобга қолади.

"У тирик ва абадий турувчидир". Тириклик Аллоҳнинг зотий сифатларидандир, У ҳеч қачон ўлмайди, абадийдир. Махлуқотларининг туриши Унинг турғизиши биландир. У бутун коинот, борлиқ тизимини Ўз илоҳий низоми асосида бошқариб, ҳаракатлантириб туради. Энг майда атом заррасидан тортиб миллиардлаб юлдуз ва сайёраларни жамлаган улкан борлиқларгача, ҳаммасининг мавжудлиги ва ҳаракати ҳам Унинг амрига кўрадир. Ҳишом ибн Аммор: "Бақара сурасидаги Аллоҳнинг Исми аъзами "Аллоҳу ла илаҳа илла ҳува, ал-Ҳаййул Қойюм" калимасидир", деган.

"Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди". Аллоҳ таолода ҳеч қачон чарчоқ, уйқу ёки ғафлат бўлмайди. Бандаларининг бирор хатти-ҳаракати ёки лаҳзаси Унинг назаридан четда қолмайди: У ҳамма нарсани кўриб, кузатиб, бошқариб, тарбият қилиб туради. Агар Уни уйқу ёки ғафлат олганида замину коинотдаги ўта дақиқ низом издан чиқиши, оламлар ҳаёти остин-устун бўлиб кетиши муқаррар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур қавл хусусида бундай деган: "Мусо алайҳиссалом фаришталардан: "Аллоҳ ҳам ухлайдими?" деб сўради. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарга Мусони уч кун ухлашга қўймай, бедор тутишни буюрди. Улар амр этилганидек қилишди. Кейин Мусо алайҳиссаломнинг қўлига иккита идишни тутқазиб: "Буларни синдириб қўйма" дея огоҳлантиришди. Тўртинчи кечага ўтганида ҳазрати Мусони мудроқ боса бошлади. Қўлда эса биттадан идиш, гоҳ уйғониб, гоҳ мудроқ босиб турибди. Охири ухлаб қолиб, қўлларидаги шиша идишларни бир-бирига уриб синдириб қўйди". Ибн Аббоснинг сўзларига қўшимча қилиб Муаммар: "Бу мисол билан Аллоҳ таоло Мусога: агар У ухласа, осмонлару Ер ҳам худди шундай чилпарчин бўлиб кетишини англатди", дейди. Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади: "Бани Исроил бир куни Мусо алайҳиссаломдан: "Парвардигоринг ҳам ухлайдими?" деб сўради. Ҳазрати Мусо: "Аллоҳдан қўрқинглар", деди. Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига нидо қилиб: "Эй Мусо, улар сендан Парвардигоринг ухлайдими, деб сўрашди. Бас, икки шиша идишни ол, сўнг уларни кечаси билан тик ҳолда тутиб чиқ", деди. Мусо айтилганидек қилди. Кечанинг учдан бири ўтганида уни уйқу боса бошлади, ҳатто чўккалаб қолди. Сўнг зўрлаб уйқуни ҳайдамоқчи бўлди ва идишларни қўлга олиб турди. Аммо кечанинг учинчи қисмига борганда уйқу зўрлик қили ухлаб қолди ва шишаларни синдириб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло: "Эй Мусо, агар Мен ухласам, осмонлар ва Ер мана шундай чилпарчин бўлиб кетади", деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла пайғамбари ҳазрати Муҳаммадга (Ўзининг сифатини келтириб) Курсий оятини туширди".

"Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир". Осмонлар ва Ердаги, бутун борлиқдаги ҳамма нарса Аллоҳ таолоникидир, Унинг амри ва салтанати остидадир. Жамики мавжудот яна Унинг Ўзига қайтади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга тегишлидир. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир" (Оли-Имрон, 189); "Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Аллоҳга хосдир. Қайтиш ҳам Аллоҳ ҳузуригадир" (Нур, 42).

"Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди". Бу Аллоҳ таолонинг азамати, кибриёси, буюклиги ва улуғлигидандир. Унинг ҳузурида ҳеч ким бошқа бировни шафоат қила олмайди. Ҳатто суюкли пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳам. Фақат Унинг изни билангина ёрдам беришлари мумкин. Шафоат ҳақидаги ҳадисда бундай дейилган: "Мен Арш остига бориб, ўзимни саждага ташлайман ва шу ҳолатимда Аллоҳ хоҳлаган муддатга қоламан. Сўнг менга: "Бошингни кўтар, гапир – эшитиласан, шафоат қил – шафоатинг қабул қилинади", дейилади. Кейин менга бир чегара белгилаб берилади ва уларни жаннатга олиб кираман". Дунё ҳаётида инсон кимларнингдир оқлови, ёрдами билан муаммо-машаққатларидан қутулиб қолиши мумкин, аммо охиратда она ўз фарзандига, ака инисига, дўст суюкли дўстига, пайғамбар умматига ўзича ёрдам бера олмайди, ҳаммаси буюк Аллоҳнинг изни билан бўлади.

"У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади". Аллоҳ таолонинг илми ва ҳикмати ниҳоятда кенг, қамрови улуғдир. Унинг илми махлуқотларнинг ўтмишию келажагини бус-бутун қамраб олган. У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради, заррача нарсадан бехабар қолмайди. Бандаларининг ошкора ва пинҳона қилган барча ишлари Унга аён, ҳатто уларнинг хаёлидан ўтган фикрларни ҳам билиб туради. Шундай экан, нега инсонлар бирор сирининг бошқаларга ошкор бўлишидан ниҳоятда қўрқишадию, аммо барча сирлардан ҳамиша хабардор Зот бўлмиш Парвардигорларидан қўрқишмайди, Унга итоатсизлик қилишади?!

"Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар". Агар Аллоҳ билдирмаса, Унинг илмидан ҳеч ким ҳеч нарсани била олмайди. Инсоният тарихи давомида қилинган барча кашфиётлар – уй қуриш, учоқ, машина ва кемаларни ясаш, мураккаб дастгоҳларни ўйлаб топиш – буларнинг бари Аллоҳ берган илму ҳикмат туфайлидир. Одам алайҳиссаломдан бошлаб инсон наслига ҳамма нарсани, ҳатто уларнинг номигача Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи ўргатган. Исҳоқ Нютонга бутун олам тортишиш қонунини, Дмитрий Менделеевга элементлар даврий системасини, Алберт Эйнштейнга нисбийлик назариясини кашф этишга ҳам Аллоҳ таоло берган илм ва иқтидор, заковат, ақл-идрок қўл келган.

"Унинг Курсиси осмонлар ва Ерни ўзида сиғдира олур". Мазкур ояти кариманинг "Курсий" дейилиши ана шу лафзга кўрадир. Ибн Абу Ҳотим Ибн Аббоснинг "Курси"ни "илм" дея тафсир қилганларини айтади. Бундан "Аллоҳнинг илми осмонлар ва Ердан кенгдир, уларни қамраб олгандир", деган маъно чиқади. Баъзилар Курсини Арш, дея таърифлашган. Аммо Арш бошқа, Курси бошқалиги, Арш Курсидан катта экани ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор. Айрим уламолар Курсидан мурод Аллоҳнинг салтанати, дейишади. Абу Молик: "Курси Аршнинг тагида ўрнашган", дейди, Суддий эса: "Осмонлар ва Ер Курсининг ичида, Курси эса, Арш олдида туради", деб тушунтиради. Аллоҳнинг Курсиси ана шундай буюк, Унинг Арши Курсидан ҳам буюк, Ўзининг буюклигига эса ҳеч бир мисл, таққос ёки қиёс йўқдир.

"Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди". Аллоҳ таоло шундайин чексиз қудрат эгасики, осмонлару Ерни, ундаги мавжудотларни ҳифзу ҳимоятда ушлаб туриш Унга заррача малоллик, машаққат ёки қийинчилик туғдирмайди. Махлуқотларни ҳалокатга учратиш, Еру осмонларни остин-устин қилиш ёки уларни омонликда тутиб туриш фақат Унинг ихтиёридадир. Ҳамма нарса Унинг ҳузурида хор, ҳақир ва залилдир.

"У энг юксак ва буюкдир!" Аллоҳ таолонинг энг олий, энг буюк экани ҳеч қандай исбот-далил талаб этмайдиган улуғ ҳақиқатдир. Аллоҳнинг буюклиги У яратган мавжудотларда ҳам яққол намоёндир. Кўзга аранг илинадиган энг майда чивин ва ҳашаротларга кўз, қулоқ, оғиз бергани, овқат ҳазм қилиш аъзолари, қон томирлари ва еганини чиқариш учун тешиккача яратиб қўйгани, уларга овқатни қандай топиш, қандай насл қолдириш йўлларигача ўргатиб қўйгани Аллоҳ азза ва жалланинг буюклигига далолат эммасми? Ер юзидаги миллиардлаб махлуқларининг бирортасини эсдан чиқармай барига ризқ бериб қўйгани ҳам Унинг буюклигига далил эмасми?

Мўминлар Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч қандай тангри, илоҳ йўқлигига, жамики оламлар ва махлуқотлар Унинг мулки эканига имон келтиришган. У ҳамиша тирик ва абадийдир. Ҳеч ким бошқаларни Унинг изнисиз шафоат қилиб, қўллай олмайди. У инсонларгача бўлган ва улардан кейин бўладиган нарсаларни ҳам билади, инсонлар эса Унинг Ўзи англатганидан бошқасини била олишмайди. Унинг Курсиси-Арши барча осмонлару ва Ердан ҳам кенгдир.

Курсий ояти ҳақида жуда кўп ҳадиси шарифлар бор: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Оятул Курсий Қуръоннинг тўртдан бирига тенг", деганлар" (Аҳмад ривояти); Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ким тўшагига ётаётганида Курсий оятини ўқиса, Аллоҳ томонидан унга бир қўриқчи қўйилиб, тонг отгунича унга шайтон яқинлаша олмайди" (Бухорий ривояти).

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади”

26.12.2025   1586   20 min.
Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномани тақдим этди.

– Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди.

Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.

Иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ-”дан “ББ” поғонасига кўтарди.

Энергетика соҳасида туб бурилиш ясалгани ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатга етказилди.

Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.

Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди.

Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.

– Бу ишларни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди.

Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик, – деди Президентимиз.

Истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.

Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланди ҳамда “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди.

Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғояси илгари сурилди. Озарбайжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.

Октябрь ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ноябрь ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ саммити кўп томонлама ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Ўтган ҳафтада Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчиларининг учрашувида таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳалари бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Шу ҳафтанинг бошида эса Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.

– Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз, – деди Президентимиз.

Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади.

Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради. Маҳаллага шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт, аввало, ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади.

– Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби.

Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.

Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади, – деди Президентимиз.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Президентимиз 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди.

Бу ташаббусни йиғилганлар қизғин қўллаб-қувватлади.

Янги йил дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади.

– Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади.

Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш.

Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб, Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз бугундан бошлаб ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак.

Шунинг учун кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.

Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади.

Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат давом эттирилиб, 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилади, тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш.

Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади. 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.

Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда.

Инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар рағбатлантирилади. Корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади.

Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

– Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди.

Тўққиз йилда қулай бизнес муҳити яратилиб, товар ва хизматлар ҳажми ва тури кўпайтирилгани, кам даромадли оилалар учун йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит берилаётгани, инфляция даражаси “бир хонали” рақамга туширилгани натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.

Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратилади. Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади.

Хизматларга бўлган талабни рағбатлантириш учун 2026 йилда соҳага 85 триллион сўм кредит, 9 триллион сўм субсидия ажратилади. Хусусан, таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм берилади.

Кейинги беш йилда хорижий туристлар сонини 2 карра ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинмоқда. Шу мақсадда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис, 2026 йилда авиапаркдаги ҳаво кемаларининг сони 120 тага етказилади.

Ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади. Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади.

Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналишидир.

Ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади.

– Эндиликда мамлакатимиз меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур, – деди Президентимиз.

2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.

2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади.

Тиббиёт тизимида ҳам касбий таълимни ривожлантириш учун Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамширалар тайёрлаш бошланди. Энди ана шу техникумларга Германия, Швейцария, АҚШ, Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари ҳам жорий этилади.

Шу асосда халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамширалар таркиби шакллантирилади.

Бешинчи устувор йўналиш – экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.

Йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ташланмаларини мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилади.

Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказаётгани қайд этилди. Шу боис, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади.

Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Эски машинасини алмаштираман деганларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Фильтр ўрнатиб, зарарни камайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчилар учун харажатларининг бир қисми бўйича субсидия ажратилади.

Пойтахтимиз ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлади.

Экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади. Бунда маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, ерларни аукциондан 2 карра арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади.

Электромобилларни қувватлаш станцияларида автомобилларни зарядлашда 1 киловатт-соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.

Чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилинади.

Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.

Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистраль каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳалар бошланади.

160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.

Олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилади.

Аввало, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади.

Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.

– Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.

Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилган эди. Энди бу тизим 2026 йилдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим эканини таъкидлади. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади.

– Такрор айтаман, юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади, – деди Президентимиз.

Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.

Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилиши таъкидланди. Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “Халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади.

Наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратилади.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратиш топширилди.

– Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир!

Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.

Жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мутаносиб очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолият давом эттирилади. Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади.

– Эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади, – деди Президентимиз.

Келгуси йилда ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим саналар кенг нишонланиши таъкидланди. Жумладан, Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам сифатида ўтказилади. Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.

– Бугун тарихнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи зиммамизга буюк бир масъулиятни юкламоқда. Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда.

Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз! Мен бу йўлда мард ва олижаноб халқимизга ишонаман! Ўзбекистоннинг беқиёс кучи ва имкониятларига, азиз ёшларимизнинг азму шижоатига ишонаман! – деди Президентимиз Мурожаатнома якунида.

https://president.uz/uz/lists/view/8833

Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади” Президент Шавкат Мирзиёев: “2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади”
Ўзбекистон янгиликлари