frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Аввалги умматларда ҳам намоз бўлганми?

16.11.2023   10113   1 min.
Аввалги умматларда ҳам намоз бўлганми?

1137-CАВОЛ: Олдинги умматларда ҳам намоз ибодати бўлганми, бўлса қай тартибда ўқилган?

 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳа, олдинги умматларда ҳам биздаги намоз, рўза ва закот каби ибодатлар бўлган. Бунга Аллоҳ таолонинг Исмоил алайҳиссалом ҳақида айтган сўзи далолат қилади:

وَكَانَ يَأْمُرُ أَهْلَهُ بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ وَكَانَ عِنْدَ رَبِّهِ مَرْضِيًّا

“У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби ҳузурида рози бўлинган эди” (Марям сураси, 55-оят).

Уларнинг рўзаси ҳақида шундай дейилади:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз”. (Бақара сураси, 183-оят).

Бу ибодатларни адо қилиш тартиби, тафсилоти ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Лекин ўтган умматларнинг намози ҳақида турли маълумотлар бор. Баъзилари намозларида руку қиладию сажда қилмайди. Баъзилари сажда қилади, лекин руку қилмайди. Баъзилари намоз асносида гапирса, баъзилари юриш мумкин, дейди.  Рўзада ҳам ихтилоф қилдилар. Баъзилари куннинг ярмигача рўза тутдилар, баъзилари маълум бир таомлардан ўзларини тийдилар. Бу ибодатларнинг барчасида Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматини энг тўғри йўлга бошлади ва ҳозиргача ушбу кўрсатмага амал қилиб келмоқдалар.

Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

ФАТВОЛАР
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги тарғибот ва ободонлаштириш ишлари билан танишди

06.08.2026   21924   1 min.
Соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги тарғибот ва ободонлаштириш ишлари билан танишди

Мамлакатимизда мустақиллик байрамининг 35 йиллиги муносабати билан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ҳамда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида ҳудудларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, ободонлаштириш, хайрия ва меҳр-оқибат ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур жараён билан яқиндан танишиш мақсадида 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мутасаддилар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Нўғайқўрғон”, “Қумариқ” ва “Иттифоқ” маҳаллаларида бўлишди.

Ташриф давомида соҳа раҳбарлари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, хайрия ва саховат ишларини кенгайтириш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишларининг бориши билан танишди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллари, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда ўтказилган сайёр йиғинларда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал этишда ҳамжиҳатликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, хонадонлар атрофи, кўчалар, ариқлар ва қабристонларни обод қилиш, уларнинг озодалигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллалар ҳаётида яққол намоён бўлиши ва аҳоли кайфиятида ўз аксини топиши лозим. Шу маънода, жорий йил якунида мамлакатимиз бўйлаб “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ва “Энг намунали маҳалла” номинациялари бўйича ғолибларнинг аниқланиши мазкур эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари