34 - وَلَمْ يَفْضُلْ وَلِيٌّ قَطُّ دَهْرًا نَبِيًّا أَوْ رَسُولاً فِي انْتِحِالِ
Маънолар таржимаси:
Қилинган даъволарда бирор валий ҳеч бир замонда набийдан ё расулдан асло афзал бўлмаган.
Назмий баёни:
Валий бирор даъвода ҳеч бир замон,
Набий ё Расулдан афзал бўлмаган.
Луғатлар изоҳи:
– لَمْ нафий, жазм ва қалб ҳарфи.
– يَفْضُلْ маълум жаҳд феъли.
– وَلِيٌّ оиллликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “яқин бўлувчи”, “тўхтовсиз эргашувчи” каби маъноларни англатади. Бу исм فَعِيلٌ вазнида бўлганига кўра унга исми фоил ё исми мафъул маъносини бериш мумкин. Исми фоил маъноси берилса: “Бирор исён аралашмасдан тоат ибодати бардавом бўлувчи” маъносини англатади. Исми мафъул маъноси берилса: “Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати унга тўхтовсиз ёғилиб турган”, маъносини англатади.
– قَطُّ ўтган замон “истиғроқи” учун келтирилган зарфи замон.
– دَهْرًا бу калима “замон”, “аср” ва “узун умр” маъноларини англатади. Бу ерда замон маъноси ирода қилинган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди.
– نَبِيًّا мафъулликка кўра насб бўлиб турибди. Луғатда “хабардор қилинган” ё “хабар берувчи” маъноларини англатади.
أَوْ – “тафсийл” маъносида келган атф ҳарфи.
رَسُولاً – маътуф. Луғатда “элчи” маъносини англатади.
– فِي “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
انْتِحِالِ – бу масдар ўзига тегишли бўлмаган нарсани даъво қилишга нисбатан ишлатилади. Бу ерда бирор валийдан нақл қилинган сўз ёки бошқаларнинг валийлар ҳақидаги сўзлари ирода қилинган. Яъни ҳар қанча улуғликка далолат қиладиган даъволар бўлмасин, валий ҳеч қачон пайғамбардан афзал бўлмаган, деб эътиқод қилиш лозим.
Матн шарҳи:
Валийлар ҳеч қачон бирор-бир пайғамбарнинг мартабасига ета олмаган. Бундай эътиқод қилишга ушбу ҳадисда очиқ-ойдин далолат бор:
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ قَالَ رَآنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمْشِي اَمَامَ أَبِي بَكْرٍ فَقَالَ يَا أَبا الدَّرْدَاءِ اَتَمْشِي اَمَامَ مَنْ هُوَ خَيْرٌ مِنْكَ فِي الدُّنْيَا وَ الآخِرَةِ مَا طَلَعَتِ الشَّمْسُ وَلاَ غَرَبَتْ عَلَى أَحَدٍ بَعْدَ النَّبِيِّينَ وَالْمُرْسَلِينَ أَفْضَلَ مِنْ أَبِي بَكْرٍ. رَوَاهُ أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَل
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг Абу Бакрнинг олдида юрганимни кўрдилар ва: “Эй Абу Дардо, дунёда ҳам, охиратда ҳам ўзингдан афзал бўлган кишининг олдида юрасанми? Набийлар ва расуллардан кейин Абу Бакрдан афзалроқ бирор кишининг тепасига қуёш чиқмаган ҳам, ботмаган ҳам”, – дедилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.
Яъни барча саҳобаларнинг улуғи, валийлар султони Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набийлар ва Расуллардан кейин турса, қолганлар шак-шубҳасиз улардан паст даражада бўладилар.
Аслида, ушбу байт ҳам карромийлар деб аталган бузғунчи тоифанинг қарашларидан оммани огоҳлантириш маъносида келтирилган. Чунки валий пайғамбарга эргашиши билангина ушбу мақомга етишади. Эргашувчи эса эргашилгандан афзал бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Қолверса, пайғамбарлар маъсум ва ёмон хотимадан омонда бўлган зотдирлар.
Валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақида “Ақоидун Насафий” асарида шундай дейилган:
كَرَامَاتُ الاَوْلِيَاءِ حَقٌ فَيُظْهِرُ الْكَرَامَةَ عَلَى طَرِيقِ نَقْضِ الْعَادَةِ لِلْوَلِىِّ مِنْ قَطْعِ الْمَسَافَةِ الْبَعِيدَةِ فِى الْمُدَّةِ الْقَلِيلَةِ وَظُهُورِ الطَّعَامِ وَالشَّرَابِ وَاللِّبَاسِ عِنْدَ الْحَاجَةِ وَالْمَشْىِ عَلَى الْمَاءِ وَالطَّيَرَانِ فِى الْهَوَاءِ وَكَلاَمِ الْجَمَادِ وَالْعَجْمَاءِ وَغَيْرِ ذَلِكَ مِنَ الاَشْيَاءِ وَيَكُونُ ذَلِكَ مُعْجِزَةً لِلرَّسُولِ الَّذِى ظَهَرَتْ هَذِهِ الْكَرَامَةُ لِوَاحِدٍ مِنْ اُمَّتِهِ لاِنَّهُ يَظْهَرُ بِهَا اَنَّهُ وَلِىٌّ وَلَنْ يَكُونَ وَلِيًّا اِلاَّ اَنْ يَكُونَ مُحِقًّا فِى دِيَانَتِهِ وَدِيَانَتُهُ اَلاِقْرَارُ بِرِسَالَةِ رَسُولِهِ.
“Валийлар каромати ҳақдир. Узоқ масофани қисқа муддатда босиб ўтиш, муҳтож пайтда озиқ-овқат, ичимлик ва кийимларнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, жонсиз ва тилсиз нарсаларнинг гапириши ва булардан бошқа нарсаларни (Аллоҳ таоло) валийга ғайриоддий йўлга кўра пайдо қилади. Умматларидан бирига каромат сифатида пайдо бўлган ушбу нарсалар пайғамбарга мўъжиза бўлади. Чунки ўша каромат сабабли унинг валий экани зоҳир бўлади. Валий фақат ва фақат ўз диёнатида ҳақиқий бўлиши билан валий бўла олади. Унинг диёнати эса пайғамбарининг пайғамбар эканига иқрор бўлишидир”[1].
Ҳа, валийлар пайғамбарларнинг умматларидирлар, улар пайғамбарлари келтирган шариатни маҳкам тутиб яшашга бошқалардан кўпроқ интиладиган зотлар бўлганлар. Уларнинг барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Валийлар султони ҳақида
[1] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 131.
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws