Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2026   |   27 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июл, 2026, 27 Муҳаррам, 1448

Эътиқод дурдоналари: Валийлар Пайғамбарларнинг умматларидир

07.05.2021   14541   5 min.
Эътиқод дурдоналари: Валийлар Пайғамбарларнинг умматларидир

34 - وَلَمْ يَفْضُلْ وَلِيٌّ قَطُّ دَهْرًا     نَبِيًّا أَوْ رَسُولاً فِي انْتِحِالِ

 

Маънолар таржимаси:

Қилинган даъволарда бирор валий ҳеч бир замонда набийдан ё расулдан асло афзал бўлмаган.

 

Назмий баёни:

Валий бирор даъвода ҳеч бир замон,

Набий ё Расулдан афзал бўлмаган.

 

Луғатлар изоҳи:

لَمْ нафий, жазм ва қалб ҳарфи.

يَفْضُلْ маълум жаҳд феъли.

وَلِيٌّ оиллликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “яқин бўлувчи”, “тўхтовсиз эргашувчи” каби маъноларни англатади. Бу исм فَعِيلٌ вазнида бўлганига кўра унга исми фоил ё исми мафъул маъносини бериш мумкин. Исми фоил маъноси берилса: “Бирор исён аралашмасдан тоат ибодати бардавом бўлувчи”  маъносини англатади. Исми мафъул маъноси берилса: “Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати унга тўхтовсиз ёғилиб турган”, маъносини англатади.

قَطُّ ўтган замон “истиғроқи” учун келтирилган зарфи замон.

دَهْرًا бу калима “замон”, “аср” ва “узун умр”  маъноларини англатади. Бу ерда замон маъноси ирода қилинган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди.

نَبِيًّا мафъулликка кўра насб бўлиб турибди. Луғатда “хабардор қилинган” ё “хабар берувчи” маъноларини англатади.

أَوْ – “тафсийл” маъносида келган атф ҳарфи.

رَسُولاً – маътуф. Луғатда “элчи” маъносини англатади.

فِي “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

انْتِحِالِ – бу масдар ўзига тегишли бўлмаган нарсани даъво қилишга нисбатан ишлатилади. Бу ерда бирор валийдан нақл қилинган сўз ёки бошқаларнинг валийлар ҳақидаги сўзлари ирода қилинган. Яъни ҳар қанча улуғликка далолат қиладиган даъволар бўлмасин, валий ҳеч қачон пайғамбардан афзал бўлмаган, деб эътиқод қилиш лозим. 

 

Матн шарҳи:

Валийлар ҳеч қачон бирор-бир пайғамбарнинг мартабасига ета олмаган. Бундай эътиқод қилишга ушбу ҳадисда очиқ-ойдин далолат бор:       

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ قَالَ رَآنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمْشِي اَمَامَ أَبِي بَكْرٍ فَقَالَ يَا أَبا الدَّرْدَاءِ اَتَمْشِي اَمَامَ مَنْ هُوَ خَيْرٌ مِنْكَ فِي الدُّنْيَا وَ الآخِرَةِ مَا طَلَعَتِ الشَّمْسُ وَلاَ غَرَبَتْ عَلَى أَحَدٍ بَعْدَ النَّبِيِّينَ وَالْمُرْسَلِينَ أَفْضَلَ مِنْ أَبِي بَكْرٍ.   رَوَاهُ أَحْمَدُ بْنُ حَنْبَل

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг Абу Бакрнинг олдида юрганимни кўрдилар ва: “Эй Абу Дардо, дунёда ҳам, охиратда ҳам ўзингдан афзал бўлган кишининг олдида юрасанми? Набийлар ва расуллардан кейин Абу Бакрдан афзалроқ бирор кишининг тепасига қуёш чиқмаган ҳам, ботмаган ҳам”, – дедилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган.    

Яъни барча саҳобаларнинг улуғи, валийлар султони Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набийлар ва Расуллардан кейин турса, қолганлар шак-шубҳасиз улардан паст даражада бўладилар.

Аслида, ушбу байт ҳам карромийлар деб аталган бузғунчи тоифанинг қарашларидан оммани огоҳлантириш маъносида келтирилган. Чунки валий пайғамбарга эргашиши билангина ушбу мақомга етишади. Эргашувчи эса эргашилгандан афзал бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас.  Қолверса, пайғамбарлар маъсум ва ёмон хотимадан омонда бўлган зотдирлар.

Валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақида “Ақоидун Насафий” асарида шундай дейилган:

كَرَامَاتُ الاَوْلِيَاءِ حَقٌ فَيُظْهِرُ الْكَرَامَةَ عَلَى طَرِيقِ نَقْضِ الْعَادَةِ لِلْوَلِىِّ مِنْ قَطْعِ الْمَسَافَةِ الْبَعِيدَةِ فِى الْمُدَّةِ الْقَلِيلَةِ وَظُهُورِ الطَّعَامِ وَالشَّرَابِ وَاللِّبَاسِ عِنْدَ الْحَاجَةِ وَالْمَشْىِ عَلَى الْمَاءِ وَالطَّيَرَانِ فِى الْهَوَاءِ وَكَلاَمِ الْجَمَادِ وَالْعَجْمَاءِ وَغَيْرِ ذَلِكَ مِنَ الاَشْيَاءِ وَيَكُونُ ذَلِكَ مُعْجِزَةً لِلرَّسُولِ الَّذِى ظَهَرَتْ هَذِهِ الْكَرَامَةُ لِوَاحِدٍ مِنْ اُمَّتِهِ لاِنَّهُ يَظْهَرُ بِهَا اَنَّهُ وَلِىٌّ وَلَنْ يَكُونَ وَلِيًّا اِلاَّ اَنْ يَكُونَ مُحِقًّا فِى دِيَانَتِهِ وَدِيَانَتُهُ اَلاِقْرَارُ بِرِسَالَةِ رَسُولِهِ.

“Валийлар каромати ҳақдир. Узоқ масофани қисқа муддатда босиб ўтиш, муҳтож пайтда озиқ-овқат, ичимлик ва кийимларнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, жонсиз ва тилсиз нарсаларнинг гапириши ва булардан бошқа нарсаларни (Аллоҳ таоло)  валийга ғайриоддий йўлга кўра пайдо қилади. Умматларидан бирига каромат сифатида пайдо бўлган ушбу нарсалар пайғамбарга мўъжиза бўлади. Чунки ўша каромат сабабли унинг валий экани зоҳир бўлади. Валий фақат ва фақат ўз диёнатида ҳақиқий бўлиши билан валий бўла олади. Унинг диёнати эса пайғамбарининг пайғамбар эканига иқрор бўлишидир”[1]

Ҳа, валийлар пайғамбарларнинг умматларидирлар, улар пайғамбарлари келтирган шариатни маҳкам тутиб яшашга бошқалардан кўпроқ интиладиган зотлар бўлганлар. Уларнинг барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Валийлар султони ҳақида

 

[1] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳу ақоид. – Миср: “Мактабатул Азҳарий”, 2000. – Б. 131.

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди

10.07.2026   12309   1 min.
Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа этилган, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатларига бағишланган “Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси” китоби учун миннатдорлик билдирди.

Мулоқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий тарбиясини юксалтириш ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти икки томонлама маданий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни илгари сурди.

Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини ёшларга содда ва қизиқарли тарзда тушунтириш учун рақамли платформалар ва интерактив таълим воситаларидан фойдаланишда илмий салоҳиятни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Оллоҳшукур Пошшозодага мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.

Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди
Ўзбекистон янгиликлари