Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа этилган, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатларига бағишланган “Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси” китоби учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий тарбиясини юксалтириш ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти икки томонлама маданий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни илгари сурди.
Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини ёшларга содда ва қизиқарли тарзда тушунтириш учун рақамли платформалар ва интерактив таълим воситаларидан фойдаланишда илмий салоҳиятни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Оллоҳшукур Пошшозодага мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.