Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Сентябр, 2026   |   19 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:49
Пешин
12:23
Аср
17:01
Шом
19:00
Хуфтон
20:19
Bismillah
01 Сентябр, 2026, 19 Рабиъул аввал, 1448

Муборак васиятлар: Ноумид – шайтон

28.04.2021   14416   22 min.
Муборак васиятлар: Ноумид – шайтон

 

Шайтондан паноҳланиш

Аллоҳ таоло бандаларига шайтондан паноҳланиб юриш учун иккита алоҳида сура нозил қилди. Тафсир китобларида бу иккисига “муъаввизатайн”, яъни, “паноҳ тиланадиган икки сура” номи берилган.

﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلۡفَلَقِ١ مِن شَرِّ مَا خَلَقَ٢ وَمِن شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ٣ وَمِن شَرِّ ٱلنَّفَّٰثَٰتِ فِي ٱلۡعُقَدِ٤ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ٥

«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”» (Фалақ, 1–5).

Фалақ сўзи “ёриш, бўлиш ва парчалаш” маъноларини англатади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсани: у хоҳ уруғ ёки дон ёки ерни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ, хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин – барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.

 Бу сура махлуқотларнинг ёмонлигидан, хусусан, кечанинг зулматидан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан паноҳ тилашни қамраган. Мана шу нарса инсонларда нафсий касалликлар мавжудлиги сабабли баъзилари баъзиларидан ҳимояланиши йўлидаги улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан ташқари, махлуқотлар ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлгандаги ёмонликлардан, хусусан, ғор ва коваклардаги қўрқинчли махлуқотлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.

﴿قُلۡ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلنَّاسِ١ مَلِكِ ٱلنَّاسِ٢ إِلَٰهِ ٱلنَّاسِ٣ مِن شَرِّ ٱلۡوَسۡوَاسِ ٱلۡخَنَّاسِ٤ ٱلَّذِي يُوَسۡوِسُ فِي صُدُورِ ٱلنَّاسِ٥ مِنَ ٱلۡجِنَّةِ وَٱلنَّاسِ٦

«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига,одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дилларига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир”» (Нос, 1–6).

Ривоят қилинишича, яҳудийлардан Лабид ибн Аъсом исмли мунофиқ ўзини мусулмон кўрсатиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб-кетиб юрар ва баъзи ҳожатларини адо этишда хизмат қилиб турар экан. Бир гуруҳ яҳудийлар уни қўлга олиб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг тўкилган сочлари ва тароғидан синиб тушган тишларини қўлга туширади ва шу нар­саларга сеҳр-жоду қилиб эски бир қудуққа ташлайди. Шундан кейин Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олти ой касал бўладилар. Бир куни икки фаришта келиб, бири тиззалари рўпарасига, иккинчиси бош томонларига ўтириб бир-бири билан савол-жавоб қилади. Бири:

– Унга нима бўлибди? – деса, иккинчиси:

– Сеҳрланибди, – дер эди.

– Ким сеҳрлабди?

– Лабид ибн Аъсом исмли бир яҳудий.

– Сеҳрни нимага ўқибди?

– Тўкилган сочлари ва тароқ тишларига.

– Сеҳр ўқилган нарсалар қаерда?

– Зарвон номли қудуқда.

Шундан кейин одам юбориб кўрсалар, ҳақиқатан, ўша қудуқда соч толалари, тароқ тишлари ва нина суқилган яна ўн иккита тугун бор экан. Шу пайт Аллоҳ таоло мазкур икки сурани нозил қилди. Жаброил (алайҳиссалом) сураларни ҳар сафар ўқиганида, биттадан тугун ечилар эди. Шундай қилиб, ўн икки марта ўқиганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дарддан бутунлай тузалиб кетганлар (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Нос, Фалақ ҳамда Ихлос сураларини ўқиб, яҳудийлар сеҳридан асрашини Аллоҳдан сўраганлар.

Термизий Уқба ибн Омирдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди”, дедилар ва “муъаввизатайн” сураларини ўқидилар».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Нос сурасининг тўртинчи ояти тафсирида бундай деган: “Шайтон одам боласи қалбига ёпишиб олган, агар инсон Аллоҳни унутиб зикридан ғофил бўлса, уни васваса қилади. Аллоҳни зикр этса, шайтон ўзини четга олади”.

Имом Бухорий ва имом Муслим Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикоф ўтирганларида София бинти Ҳуяй (розияллоҳу анҳо) онамиз у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зиёрат­ларига келди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тун бўлганидан Со­фия онамизни уйларига кузатиш учун чиқ­қанларида икки ансорийга дуч келдилар. Улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўргач, тез юриб кетишди. Шунда Расулуллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам): “Шошманг, бу София бинти Ҳуяй”, дедилар. Улар: “Субҳоналлоҳ, ё Расулуллоҳ” (Аллоҳ бизни ёмон ўйга солишдан покдир), дейишди. Расулул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласининг қон йўлларида юради. Мен унинг қалбингизга бирор ёмонлик солишидан қўрқдим”, дедилар.

Имом Аҳмад Абу Тамимадан ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир эшакка мингашиб олган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг эшаклари қоқилиб кетди. Мен: “Бадбахт шайтон”, дедим. “Бадбахт шайтон”, дема. Агар “Бадбахт шайтон” десанг, у кибрланиб: “Буни ўз қувватим билан қилдим”, деб семиради. “Бисмиллаҳ” десанг, хорланиб, пашшадай бўлиб қолади”, дедилар».

Бу ҳадис шунга далолат қилади, қалб қачон Аллоҳни ёд этса, шайтон хор ва мағлуб бўлади. Агар банда Аллоҳ зикрини унутса, шайтон кучаяди.

Аллоҳ таоло бизларга раҳмати билан инсу жин ва шайтонлар ёмонлигидан сақланиш йўлларини ушбу сурада билдирган. Шайтон ёмонлигидан сақланишни сўраган кишини Аллоҳ Ўзининг рубубият, подшоҳлик ва улуҳият сифатлари билан дунё ҳамда охиратда ҳимоя қилишини баён этган.

Аллоҳ таоло бутун махлуқларнинг Раббидир. Аммо Нос сурасида фақат “Роббиннас” яъни, одамлар Парвардигори, дейилган. Бунинг боиси иккита: биринчиси, кўп инсонлар ўзларини улуғ санайди. Қанча улуғ бўлишмасин, уларнинг Рабби борлигини эслатиб қўйишдир. Иккинчиси, инсонлар ёмонлигидан асрашни сўрашни буюриб, инсонни одамлар ёмонлигидан Унинг Ўзигина асрашини билдиришдир.

Подшоҳлик ва Улуҳият сифатларини эслатиш билан эса, инсонларнинг подшоҳлари бўлса-да, уларнинг ҳақиқий подшоҳи Аллоҳ таоло Унинг Ўзи эканини, У Зот одамларнинг ёлғиз илоҳи ва маъбуди эканини билдириб, инсонлар фақат Унинг Ўзига сиғиниб, Унинг Ўзидан паноҳ сўрашлари лозимлиги баён этилмоқда.

Ушбу сурада инсонни васваса қилувчи жинларнинг шайтони бўлиши айтилган. Ҳасан айтади: “Васваса қилувчи икки шайтондир. Жинлар шайтони инсонлар қалбида васваса қилади. Инсонлар шайтони очиқчасига келади”.

Қатода айтади: “Жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам шайтонлар бор. Аллоҳдан инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан паноҳ сўранг”.

Фалақ сурасида Аллоҳ таолонинг бир сифати – “Роббил фалақ” (“Тонг Парвардигори”)ни ёд этиб, уч офатдан: “зулумот кеча”, “жодугар аёллар” ва “ҳасадчилар” ёмонлигидан асрашни сўраш буюрилган. Нос сурасида эса, Аллоҳ таолонинг уч сифати: “рубубият”, “под­шоҳлик” ва “улуҳият”ни ёд этиб, қалбга солинадиган васвасасидан асрашни сўраш буюрилган. Бунинг сабаби, нафс ва бадан ҳимоясидан кўра, дин ҳимояси муҳимроқдир. Динга етган озгина зиён дунёга етган кўп зиёнлардан оғирроқдир.

Бу икки суранинг фазилати жуда улуғ экани муҳаддислар томонидан айтиб ўтилган.

Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу кечада нозил бўлган оятларга қарамайсизларми? Бу каби (фазилатли) оятлар ҳали кўрилмаган. У “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, деб айтдилар, дейилган.

Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир намоз сўнгида паноҳ сўралувчи сураларни ўқишни буюрдилар”, дейилади.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоийлар Уқба ибн Омирдан қилган яна бир ривоятда айтилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга тоғ йўлларида кетаётган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Эй Уқба, миниб олмайсанми?” деганларида, мен: “Гуноҳ бўлиб қолмасин, деб шафқат қилдим”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уловларидан тушдилар, мен уни бироз миндим. Кейин у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна уловларига миниб: “Эй Уқба! Мен сенга одам­лар ўқиб юрадиган иккита яхши сурани ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”ни ўқиб бердилар. Кейин намозга иқомат айтилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имомликка ўтиб, намозда ҳам бу икки сурани ўқидилар. Бир куни менинг олдимдан ўтаётиб: “Эй Уқба, ҳар ухлаш олдидан ва ҳар уйғонганимда бу иккита сурани ўқишимга қандай қарайсан?” дедилар».

Имом Насоий Ибн Обис Жуҳанийдан қилган ривоятда бундай келади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ибн Обис, сенга паноҳ тиловчилар паноҳ тилайдиган нарсанинг энг афзали ҳақида хабар берайми?” деганларида, мен: “Ўргатинг, эй Аллоҳнинг расули!” дедим. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” суралари”, дедилар».

Судай ибн Ажлондан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга учта сура ўргатайми? У каби суралар Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам йўқ. Ўша уч сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларидир”, дедилар.

Имом Бухорий ва “Сунан” китоби эгалари “Шифо талаб қилиш боби”да бу уч сура ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча ухлашларидан олдин “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас” сураларини ўқиб, кафтларига дам урар, қодир бўлганларича уни баданларига сурардилар. Бошлари, юзлари ва гавдаларининг олди томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Жаброил (алайҳиссалом) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, қуйидаги калималар билан дам солди: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка мин шарри кулли ҳасидин ва ъайнин валлоҳу яшфийка”. Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир ҳасадчи ва кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳ сизга шифо берсин”.

Имом Термизий Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (икки “Қул аъузу…” сураси тушишидан олдин) жин ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ сўраб юрардилар. Шу икки паноҳ сўралувчи Фалақ ва Нос суралари нозил бўлганидан кейин бу икковидан бошқа (паноҳ сўралувчи дуо)ларни тарк қилдилар.

Имом Молик Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилган ривоятда эса бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор касалликка чалинсалар, икки “Қул аъузу…” сурасини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Касаллари оғирроқ бўлганида мен бу икки сурани ўқиб, баракали бўлгани учун қўлларини ушлаб ўзларига сурар эдим”.

Фалақ сурасининг илк оятида жами махлуқотлар ёмонлигидан паноҳ сўраш умумий қилиб айтилган бўлса, кейингиларида эса хослаб, ёмонликлари улкан бўлгани учун улардан огоҳлантирилган уч тоифа зикр этилмоқда. Булар зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги, тугунларга дам солувчи (жодугар)лар ва ҳасад қилувчи ҳасадгўйлардир.

Бу сурадан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз керак, жумладан:

  1. Сура инсонларга дунё ва охиратдаги ёмонликларнинг барчасидан – инсон, жин, йиртқич, ҳашарот, олов, гуноҳ, нафс хоҳиши, ишларнинг ёмони ва бошқа махлуқотлар, ҳатто ўз нафсидаги ёмонликлардан ҳам паноҳ тилаш йўл-йўриқларини ўргатмоқда.
  2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) паноҳ сўраб юришлари учун сура нозил қилинишида бирор тақиқ йўқ. Сеҳр ҳақидаги ҳадис саҳиҳдир. Ҳеч қачон ўша ҳадис Қуръон оятларига зид бўлмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сеҳр қилинишлари фақат енгилгина бош оғриғи каби дунёга тааллуқли баъзи ҳолатларда бўлган, холос. Ҳадисдаги ўша сеҳр ваҳима маъносидадир. Худди бу ваҳима уйқуда ҳам содир бўлади. Аммо сеҳргарлар мутлақо ақлий бошқарувларига таъсир ўтказишолмайди. Ваҳий ва рисолатга таъсир ўтказиш иложсиз. Чунки Аллоҳ таоло ваҳийни ёмонликларнинг ҳар туридан, фикрлар аралашиб кетишидан ва асаб изтироблари бўлишидан сақлаган. Аллоҳ таоло бу сўз исботи учун Моида сураси 67-оятда “Аллоҳ сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай”, деб айтган.
  3. Аллоҳ таоло паноҳ сўраш йўл-йўриқларини ўргатиб, уч тоифа нарсадан паноҳ сўрашни хосламоқда.

Биринчиси, зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги. Чунки Имом Розий зикр қилганидек, қоронғилик тушиши билан йиртқичлар инидан, ҳашаротлар маконидан чиқади ва ўғри-муттаҳамлар ҳам кечаси ҳужум қилади. Ёнғин кўпроқ тунда содир бўлади. Ёрдам берувчилар эса кам бўлади. Ёмонлик ва фасод кишилари ҳам кечаси қўзғалади.

Иккинчиси, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлиги. Тугун каби турли воситалар билан одамларга зарар етказувчи фолбин, коҳин, сеҳргарлар барча замонларда бўлган.

Учинчиси, ҳасад қилувчи ҳасадгўйларнинг ёмонлиги. Бошқаларга ҳасад қилувчи ҳасад қилинаётган кишидаги неъматлар йўқ бўлишини орзу қилади. Бу турдаги ҳасад ёмон саналади. Аммо ҳавас қилиш жоиз. Чунки бунда эгасидан неъмати йўқ бўлишини орзу қилмаяпти.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад қилади”, деганлар.

Уламолар: “Ҳасад амалда ёки сўзда зоҳир бўлгандагина зарар қилади. Масалан, ҳасад қилинаётган кишининг ёмон йўлга киришига сабабчи бўлиш, унинг ёмон томонларини ахтариш, қоқилтириш кабилардир. Биринчи гуноҳ Иблиснинг Одамга (алайҳиссалом) ҳасад қилиши оқибатида содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳасад энг разолатли, ғазаб қилинган ва лаънатланган нарсадир”, деб айтган.

Уламолар яна шундай дейди: «Сеҳр, кўз тегиши, ҳасад ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ўзи зарар етказа олмайди. Балки Аллоҳнинг қудрати ва изни билан бўлади. Бу нарсаларга ўша тоифадаги кишилар зоҳирдагина таъсир ўтказади, холос. Аллоҳ таоло Бақара сураси 102-оятда: “Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар”, деган. Бу нарсалар ҳақиқатда таъсир ўтказа олмаса ҳам, динимиз вабо, сил каби зоҳири юқумли бўлган касалликлардан имкон борича эҳтиёт бўлишни талаб қилади. Худди Умар ибн Хаттоб ва саҳобалар вабо, кўз тегиши ҳамда моховдан эҳтиёт бўлгани каби».

  1. Аксар уламолар дам солиш жоиз, деган. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бемор бўлганларида Жаброил (алайҳиссалом) келиб қуйидаги сўзлар билан дам солган: “Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка, валлоҳу яшфийка”. Маъноси: “Ҳар бир азият берувчи нарсадан Аллоҳнинг исми ила дам соламан, Аллоҳ шифо берсин”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча оғриқларда ва иситма чиққанида “Бисмиллаҳил карийм, аъузу биллаҳил азийм, мин шарри кулли ъирқин нар ва мин шарри ҳаррин нар” дуосини ўқишни ўргатдилар». Дуонинг маъноси: “Буюк Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким касал кўргани борса, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида “Асъалуллоҳал ъазийм Роббал ъаршил ъазийм ан йашфийака” дуосини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилиб, шифо беради», дедилар. Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббисидан сенга шифо беришини сўрайман”.

Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар касал кўргани кирсалар, “Аллоҳумма Раббаннас, азҳибил баъса ишфи анташ Шафий, ла шифа илла шифоук шифаан ла юғодиру сақома”, деб дуо ўқирдилар. Маъноси: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, қийинчиликларни кетказ, Ўзинг ягона шифо берувчисан, шифо бер, шифонгдан бошқа шифо йўқ, шундай шифо бер, у ҳеч қандай касалликни қолдирмасин”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳасан ва Ҳусайнларга “Уъийзукума бикалиматиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ” дуосини ўқиб паноҳ тилардилар. Маъноси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан сиз иккингизга паноҳ тилайман”.

Усмон ибн Абул Ос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Мен қувватимни кетказиб ҳолсиз қилиб қўйган оғриқ сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига борсам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўнг қўлингни ўша оғриётган жойингга қўйиб етти марта “Бисмиллаҳ, аъузу биъиззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру”, деб айтгин”, дедилар». (Маъноси: “Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимдаги хавфсираётганим бу нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман”.) Айтганларини бажарган эдим, Аллоҳ менга шифо берди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар қилиб, бирор манзилга тушадиган бўлсалар, “Я арзу Раббий ва Раббукиллаҳу, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ма фийки ва шарри ма йахружу минки ва шарри ма йадиббу ъалайки, аъузу биллаҳи мин асад ва асвад ва ҳаййа ва ъақроба ва мин шарри сокинил балад ва волидин вама валад”, деб айтардилар. Маъноси: “Эй ер, менинг ва сенинг Раббинг Аллоҳдир, Аллоҳнинг номи билан сенинг ёмонлигингдан, сендаги ёмонликдан, сенинг ичингдан чиқарилган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганлар ёмонлигидан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, шахслардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, Иблис ҳамда шайтондан паноҳ тилайман”.

Юқорида Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жасадларини бирор беморлик безовта қилса, “Қул ҳуваллоҳу аҳад…” ва икки “Қул аъузу…” сураларини ўқиб, ўнг кафтларига дам уриб, ўша жойларига суришлари айтиб ўтилди.

Энди дам уриш пайтида “суф”, дейиш Ойша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган қуйидаги ҳадисга биноан жоиз, дейилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дам солаётганларида “суф”лардилар”.

Имом Боқир эса, ёш болаларга паноҳ тиланувчи (маъсур) дуоларни ёзиб осиб қўйишни жоиз, деган. Аммо маъноси тушунилмайдиган, ноаниқ ёзилган дуоларни осиб қўйиш ман этилади. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчамизни ёмонликлардан Ўзи асрасин, омин!

 

Ноумид – шайтон

Мўмин банда, агар гуноҳкор бўлса ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидсиз бўлмаслиги керак. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

﴿۞قُلۡ يَٰعِبَادِيَ ٱلَّذِينَ أَسۡرَفُواْ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ لَا تَقۡنَطُواْ مِن رَّحۡمَةِ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ جَمِيعًاۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ٥٣

«(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир”» (Зумар, 53).

Бу оят, Ибн Касир таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўлатуриб, денгиз кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло фазли билан кечиб юбориши мумкин экани оят ва ҳадислардан маълумдир (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, ёмонлик ортидан дарҳол яхшилик қилиш гуноҳни ювиб юбориши ҳам ҳадисларда айтилган (Имом Термизий ривояти).

Ояти каримада эса:

﴿وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ طَرَفَيِ ٱلنَّهَارِ وَزُلَفٗا مِّنَ ٱلَّيۡلِۚ إِنَّ ٱلۡحَسَنَٰتِ يُذۡهِبۡنَ ٱلسَّيِّ‍َٔاتِۚ ذَٰلِكَ ذِكۡرَىٰ لِلذَّٰكِرِينَ١١٤

«Куннинг ҳар икки тарафида (яъни эртаю кеч) ва туннинг бир бўлагида намоз ўқинг! Албатта, савобли ишлар гуноҳларни кетказади. Бу ёд этувчилар учун ёдномадир» (Ҳуд, 114), дейилган.

Оят мазмунидан беш маҳал намоз вақтлари чиқарилган. Зеро, куннинг икки тарафини бомдод билан пешин, аср намозлари вақти, туннинг бир бўлагини эса, шом ва хуфтон намозлари вақти, деб таъвил қилиш мумкин (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Абу Нуъайм “Ҳиля”да Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Агар бир жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан ташқари барчангиз жаннатга кирасиз!” деса, мен ўша киши эмасмиканман, деб қўрқаман. Агар жарчи нидо қилиб: “Эй одамлар! Албатта, фақат бир кишидан бошқа барчангиз дўзахга кирасиз!”, деса, ўша бир киши мен бўлсам, деб умид қиламан”, деди».

Табаронийдан ривоят қилинади: “Абу Фарва исмли бир одам келиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан:

– Бошдан-оёқ гуноҳга ботган, қилмаган номаъқулчилиги қолмаган бир кимса тавба қилса бўладими? – деб сўради.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга:

– Сен мусулмон бўлганмисан? – дедилар.

– Ҳа.

– Ундай бўлса, бундан кейин ёмонликларни ташлагинда, ҳамиша яхшилик қил. Аллоҳ таоло сенинг аввал қилган гуноҳларингни яхшиликларга айлантиради.

– Барча хиёнату сохтакорликларимни ҳамми?

– Ҳа.

У одам такбир айта бошлади ва чиқиб кетди. Кета-кетгунича (бизга кўринмай қолгунича) такбир айтди”.

Инсон ҳеч қачон ноумид бўлмаслиги керак. Донолар: “Умидини йўқотган инсоннинг бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ”, деб бежиз айтишмаган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Инсонлардан беҳожат бўлиш;

Омонатга хиёнат қилмаслик

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

11.08.2026   36731   10 min.
“ТАКФИР” – МУСУЛМОН ЖАМИЯТИНИ ИЧИДАН ЕМИРУВЧИ ФИТНА

Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.

“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾

“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.

Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:

‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.

«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.

“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾

“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.

«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).

Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.

Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.

“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ

فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.

Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).

Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾

“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.

Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.

Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.

Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА