Рамазон ойи файзу футуҳ билан ўтмоқда. Юртдошларимиз ўзгача кайфият ва шукуҳ билан ушбу фарз амалини адо этишмоқда. Айниқса, бу йилги Рамазони шарифда мамлакатимиздаги 1370 дан ортиқ жоме масжидларида таровеҳ намозлари ўқилаётгани, Қуръони карим хат қилинаётгани барчамизнинг кўнглимизни шод қилмоқда.
Ўтган йили мўмин-мусулмонлар каронавирус пандемияси сабаб ҳайит намозларини жамоат бўлиб ўқий олмаган, хатми Қуръон фазлидан баҳраманд бўлолмаган эди. Бу гал эса Аллоҳ таолонинг инояти билан ана шундай бахтга сазовор бўлмоқдамиз.
Афсуски, коронавирус хасталиги ҳали-ҳамон бутунлай бартараф бўлгани йўқ. Шунинг учун намозхонларимиз таровеҳ намозларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.
— Ҳар оқшом масжидга чиқиб, таровеҳ намозларини чиройли тарзда амалга оширмоқдамиз, — дейди пойтахтимизнинг “Новза” маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек ота Отажонов — Ҳамма тиббий ниқобда, саломатлигимизга жиддий эътибор бермоқдамиз. Дуоларимизда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, шу билан бирга жаҳонга ташвиш солиб турган коронавирус касаллиги тезроқ бартараф бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо билан сўрамоқдамиз.
Юртимиз масжидларидаги қуръонхонликлар бутун дунё мусулмонларида ҳавас ва шодлик уйғотмоқда. Айниқса, хорижда ишлаб, ўқиётган ватандошларимиз бу ҳақда илиқ фикрларини изҳор этишяпти.
— Ижтимоий тармоқларда ушбу хабарларни ўқиб жуда хурсанд бўлдим, — дейди Жанубий Кореянинг Пусон шаҳридаги Dong-A университети талабаси Олмосжон Қодиров. — Ҳамма юртдошларимга Рамазон ойи муборак бўлсин! Таровеҳ намозлари ҳамда хатми Қуръон савобларидан Ўзбекистонимиз тинч, осуда, янада равнақ топаверсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Рўзадорлар мазкур дамларни ғанимат билиб, муборак ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар қачонгиданда эзгу ва хайрли ишларга бош қўшмоқдалар. Хусусан, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган кишилар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашилмоқда, беморлар ҳолидан хабар олинаяпти.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғилиб турган Рамазон ойида барчаларимизнинг дуоларимиз қабул, муродимиз ҳосил бўлсин!
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.
Динимизда баъзи амаллар борки, уларга ҳажнинг савоби берилади. Албатта, ҳеч бир амал ҳаж ибодатининг ўрнини боса олмайди. Лекин Аллоҳнинг раҳмати ва фазли кенг. Ўзининг розилигини топиш имконият ва йўлларини бандаларига осон қилиб қўйган.
1. Масжидга таҳорат олган ҳолда бориш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким фарз намозни ўқиш учун таҳорат олган (пок) ҳолда (масжидга) чиқса, унинг ажри эҳромдаги ҳожининг савобига тенгдир” (Имом Абу Довуд ривояти).
2. Зуҳо намозини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
3. Ота-онанинг юзига қараш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Она-отасининг юзига раҳмат билан боққан кишига ҳаж ва умранинг савоби ёзилади”, дедилар. “Кунда минг марта боқса ҳам шундайми?” деб сўрадилар. “Кунда юз минг марта боқса ҳам”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
4. Илмга интилиш.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки эрта билан масжидга фақатгина илм ўргангани ёки ўргатгани борса, унга тўлиқ ҳаж амалининг савоби берилади” (Имом Табароний ривояти).
5. Яхши ният қилиш.
Узун ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “....Яна бошқа бир бандага Аллоҳ бойлик ҳам, илм ҳам бермайди, шунга қарамай, агар менда ҳам бойлик бўлганида фалончининг амалини қилардим, дейди. Бас, у ниятига яраша олади...” (Имом Термизий ривояти).
6. Ота-онанинг розилигини топиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодда иштирок этишни истайман, лекин бунга ҳеч қодир бўла олмаяпман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” деб сўрадилар.
У: “Онам ҳаёт”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борасида Аллоҳдан қўрқ (яъни унга яхшилик қил). Шундай қилсанг ҳаж, умра ва жиҳод қилувчи бўласан...” (Имом Байҳақий ривояти).
7. Шом намозини жамоат билан адо этиш.
Уқба ибн Абдулғофир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шом намозини жамоат билан ўқиш ҳажга, бомдодни ўқиш эса умра намозига тенгдир”.
8. Қурбон ҳайити намозини адо этиш.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади. Саҳоба Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадилар: “Рамазон ҳайити намозига қатнашнинг ажри (савоби) умранинг ажри билан баробардир. Қурбон ҳайити намозига бориш эса ҳаж савобига тенгдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД